Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоа билан шартномасини узайтиришдан бош тортди. Бу ҳақда Испаниянинг AS нашри хабар бермоқда.
Португалиялик футболчининг амалдаги шартномаси 2015 йилнинг ёзига қадар амалда бўлади. AS маълумотларига кўра, Роналду шартномасини охиригача ишлаб беради, шундан сўнг «Реал»ни эркин агент сифатида тарк этишни ният қиляпти.
Нашрнинг ёзишича, «Реал» ҳужумчини сақлаб қолишни ўйлаяпти. Клуб Роналдуга 2018 йилгача мўлжалланган янги шартномани таклиф қилган ва унга кўра футболчи йилига 15 миллион евро маош олади. Бироқ, AS маълумотларига кўра, португалиялик футболчи 2015 йилда «Реал»дан кетишга қатъий қарор қилган.
Бунга энг асосий сабаб сифатида Роналду «Реал»да ўзини руҳий жиҳатдан ноқулай ҳис қилаётгани кўрсатилган. Аввалроқ матбуотда Роналду бир қатор жамоадошлари, шунингдек, жамоа бош мураббийи Жозе Моуринью билан келиша олмай қолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
ASнинг ёзишича, айни вақтда Франциянинг ПСЖ клуби Роналдуга энг асосий даъвогар бўлиб турибди. Футболчи, шунингдек, «Манчестер Юнайтед»га ҳам қайтиши мумкин – 2009 йили у айнан шу жамоадан «Реал»га ўтган эди.
«Реал» билан бирагаликда Роналду Испания чемпионати, Кубоги ва Суперкубогида ғалаба қозонган. Мадридликлар учун турли мусобақаларда ўтказган жами 170 ўйинида Роналду 160та гол уришга муваффақ бўлган.