Франциянинг бир вақтлар доимий чемпиони бўлган «Лион» айни дамда Лига 1 турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаб турибди.
Қуйида «шерлар»нинг қандай қилиб шундай ҳолатга тушиб қолганига эътибор қаратамиз.
«Лион» инқирозда
Лига 1да 10 тур ўтказилди ва катта сенсация нима эканлигини айтиш қийин - «Ницца»нинг етакчилигими ёки «Лион»нинг сўнгги ўрними? Уч йил муқаддам «шерлар» чорак финалда «Манчестер Сити»дан ўтиб, Чемпионлар лигасининг ярим финалига йўл олганди. Ҳа, ўша Ковид мавсумида босқичлар фақат битта ўйиндан иборат бўлиб, бу кутилмаган натижалар учун кўпроқ имкониятлар яратди, аммо ҳақиқат ҳақиқат бўлиб қолмоқда. Энди эса «Лион» охирги ўринда. Жамоа 9 та ўйинда атиги 3 та дуранг қайд этди холос, қолган баҳслар мағлубият билан тугаган.
Бироқ, «Лион» эгаси Жон Текстор хавотирда эмас. «Биз ўзимизга хос маконда эмасмиз. Мен қуйи лигага тушиб қолиш хавфини кўрмаяпман, лекин мавсум ўртача бўлади, бунга шубҳа йўқ», деди у бир ҳафта олдин.
Клубдаги носоғлом муҳит
Тез-тез содир бўлганидек, жадвалдаги ўрин клубдаги барча муаммоларни акс эттиради. Мавсум давомида аллақачон раҳбарият мураббийни ўзгартирди: Фабио Гроссо Лоран Бланнинг ўрнига келди. Бироқ футболчилар италиялик мураббийнинг иш услубларидан норози. «Баъзи тажрибали футболчилар менга бу мураббий улар билан бирга ишлаган энг ёмон мутахассислардан бири эканлигини айтишди. У ҳаммани ўзига қарши қўйди», - деди собиқ футболчи Жером Ротен. ОАВ хабарларига кўра, Гроссо бунга жавобан машғулотларни бекор қилган ва ўйинчилардан қайси бири матбуотга маълумот сиздираётганини аниқлаш учун футболчилар йиғилишини ўтказган.
Ёзда маълумот бомбасини Саудиянинг «Ал-Иттифоқ» клубига эркин агент сифатида ўтган, жамоанинг собиқ ҳужумчиси Мусса Дембеле портлатган эди. «Бош скаут Бруно Шейру футболчиларга улар шунчаки актив эканликларини айтди. Биз активлар эмас, балки одамлармиз. Шейру худди пахта даласида қуллар билан мулоқот қилади. Бу хавфли ва ҳурматсиз ёндашув. Спорт директори Винсен Понсот футбол ҳақида ҳеч нарса билмайди. Гўё алифбони билмай, ўқишни билмай бош муҳаррир бўлгандек. «Лион» раҳбарлари қобилиятсиз ва мағрурдирлар», деганди у интервьюсида.
«Мен ҳам худди Гюсто, Люкеба, Баркола каби кетдим. Улар ҳамма нарсани тўғри қилишди - улар яхшиланиш, янги даражага чиқиш ва кўпроқ пул ишлаш учун кетишди. Лукас Пакета ва Бруно Гимарайншлар ҳам «Лион»ни тарк этишга ҳақли эди. Қаранг, улар ҳозир қанчалик яхши», - дея хулоса қилди Дембеле.
Ҳамма муаммолар бир бошдан келиб чиққан
Май ойида «Лион» афсонавий Жан-Мишел Ауласнинг клуб президенти лавозимидан кетишини эълон қилганди. Клубнинг кўтарилиши унинг номи билан боғлиқ. «Лион» ҳозирда америкалик миллиардер Жон Тексторга тегишли. Америкалик шунингдек, Бельгиянинг «Моленбек» (80%) ва Бразилиянинг «Ботафого» (90%) клубларининг назорат пакетларига, шунингдек, Англиянинг «Кристал Пэлас» клубининг 40 фоизига эгалик қилади.
Текстор «Лион»нинг молиявий муаммоларини ҳал қилиши керак эди, аммо ҳозирча у ваъдасидан нарига ўтмади. Қишда у трансферларга 86 миллион евро сармоя киритишга ваъда берган эди, лекин аслида клуб учун атиги 23 млн сарфланди, шундан 10 миллион «Ботафого»га кетди. Ёзда эса «Лион» мухлислари ўзларининг севимлилари нимага эришиши мумкинлигига ишонишлари қийин эди. Франция молиявий регуляторининг қоидаларига кўра, ҳар бир клуб тасдиқланган бюджетни эълон қилади. Натижада, Текстор мавсум учун бюджетда кўрсатган 60 миллион еврога молиявий кафолатлар топилмади, яъни «Лион» ҳар бир трансферни тасдиқлаши керак эди.
Натижада барча иқтидорлар ёппасига сотувга қўйилди: Бредли Баркола «ПСЖ»га 45 миллион еврога, Кастельо Люкеба эса 30 миллион еврога «Лейпциг»га йўл олди. Энсли Мейтленд-Найлз жамоага эркин агент сифатида келиб қўшилди. Ҳимоячи Жейк О'Брайен «Кристал Пэлас»дан келди. Бундан ташқари, «Лион» ҳали ҳам тергов остида. Ҳозирда «шерлар» сафида 19 ёшли Эрнест Нуама ўйнамоқда, у ёзда Даниянинг «Норсаленд» клубидан 25 миллион евро эвазига сотиб олинган.
Шу билан бирга, америкалик функционер «Лион»ни сотиб олиш учун олган 75 миллион евро қарзини тўлаши керак. Дастлаб клубнинг 9% улушини ўзида сақлаб қолган Ола 3 йил давомида «Лион» президенти бўлиб ишлаши керак эди, бироқ Текстор келганидан атиги 6 ой ўтиб бу лавозимни тарк этди. «Президент сифатидаги 35 йиллик фаолиятим давомида мен ҳеч қачон молиявий регулятор билан муаммога дуч келмаганман», деди Ола киноя билан. Матбуотнинг ёзишича, у конструктив ҳаракат қилишга уриниб, муаммоларга ечим таклиф қилган, бироқ янги раҳбарият уни тинглашни истамаган.