Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Goal.com: Кўзгуда Жанубий Корея

Баҳо:
+ | -

Жанубий Корея миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда, ёшлар терма жамоаси қитъа чемпионлигини қўлга киритди, олимпия терма жамоаси Лондон ўйинларида бронза медалига эга бўлди, 1991 йилдан бери илк марта жанубий кореялик футболчи Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Кириш
2012 йил Жанубий Корея учун муваффақиятли бўлди дейиш мумкин. Миллий терма жамоа янги бош мураббий қўлостида ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичга чиқди. Олимпия терма жамоаси эса Лондон олимпиядасида бронза медалларини қўлга киритди. "Ульсан Хёндэ" эса сўнгги 4 йил ичида ОЧЛда ғолиб чиққан учинчи Корея жамоаси бўлди. Ушбу клуб футболчиси Ли Кеун Хо Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шунингдек, Корея Кей-лигаси илк марта бошқача форматда ўтказилди.

Терма жамоалар
Терма жамоа ЖЧ-2014 саралашининг 3-босқичида Ливанга ютқазиб, қийин вазиятга тушиб қолганидан кейин Чо Кван Рей истеъфога чиқарилди ва "Чонбук Моторс" устози Чой Кван Хи терма жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Кореяликлар 29 февраль куни Кувайтни ўз майдонларида мағлуб этиб, 4-босқич йўлланмасига эга бўлдилар.

Тўртинчи босқичнинг дастлабки 2та турида корейслар Қатар ва Ливан устидан ғолиб чиқдилар. Кейинчалик эса Ўзбекистон билан дуранг ўйнаб, Эронга ютқазиб қўйдилар. Натижада "А" гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси пешқадам бўлиб турибди.

Олимпия терма жамоаси учун ҳам мавсум яхши ўтди. Лондонда бўлиб ўтган 4 йилликнинг нуфузли мусобақасининг чорак финалида осиёликлар Буюк Британияни мусобақадан чиқариб юборишди. Бразилияга қарши кечган ярим финалда мағлуб бўлган кореяликлар (0:2), бронза медали учун баҳсда Япония устидан зафар қучишди.

Ёшлар терма жамоаси эса қитъа чемпионатининг финалида Ироқ устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозонди ва чемпионликка эга бўлди. 20 ёшгача бўлган аёллар терма жамоаси эса Японияда бўлиб ўтган ЖЧда финалгача етиб келди.

Фақатгина мамлакат ўсмирлар терма жамоаси Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг чорак финалида Ўзбекистонга ютқазиб қўйиб, ЖЧ йўлланмасини қўлдан чиқарди.

Миллий чемпионат ва кубок
Кей-лигада "Сеул" футбол клуби ўзининг бешинчи чемпионлигини қўлга киритди. Ўтказилган дастлабки 30та ўйиндан кейин сеулликлар мусобақа жадвалининг юқори қисмидан жой эгаллашди ва мусобақанинг иккинчи қисмида ҳам пешқадамликни қўлдан бой беришмади.

"Поханг Стилерс" клуби Корея кубоги финалида "Кенсан" клубини минимал ҳисобда мағлуб этишга муваффақ бўлди. "Ульсан Хёндэ" эса ОЧЛ финалида Саудиянинг "Ал-Аҳли" клубини йирик ҳисобда мағлуб этиб, нуфузли кубокни ўзи музейига олиб келди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса ульсанликлар чорак финалда "Монтеррей"га ютқазишди ва 5-ўрин учун баҳсда "Санфречче Хиросима"га имкониятни бой беришди - 2:3.

Легионерлар
Шотландиянинг "Сельтик" клуби билан чемпионатда ғолибликни қўлга киритган Ки Сун Йонг кореялик футболчилар учун рекорд сумма — 6 миллион фунт эвазига "Суонси Сити" клубига кўчиб ўтди. Бу жамоада ҳам у муҳим ўйинчи эканини исботлай олди.

"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси Парк Жи Сун "КПР" сафида жароҳатини даволаш билан банд бўлган бўлса, Жи Донг Вон мавсум давомида бирорта  ҳам ўйинда майдонга тушмади ва январь ойидаги трансфер вақтида бошқа клубга кўчиб ўтиши мумкин.

Ўтган йили олган жароҳатидан фориғ бўлган Ли Чунг Йонг яна ортга — "Болтон"га қайтди. "Кардифф Сити" футболчиси Ким Бо Кюнг эса Премьер-лигага мослашиб кетиши қийин кечди ва энди кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқда.

Германия Бундеслигасида ўйнаётган Сёнг Хун Мин "Гамбург"нинг асосий таркиб футболчисига айланди ва 6та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, Ку Жа Чол "Аугсберг"га ижарага берилди ҳамда 5та гол урди ва 2та голга ассистентлик қилди. "Арсенал" оғир мавсумни ўтказган Парк Чу Йонг эса "Сельта"га ижарага берилди.

Бундан ташқари, кореяликлар футболчилар Шарқий Осиё давлатлари чемпионатларида ҳам ҳаракат қилишмоқда. Масалан, кореяликлар Япония Жей-лигасида ўйнаётган хорижликлар футболчилар орасида сон бўйича Бразилиядан кейинги ўринни эгаллашган. Ким Ёнг Квон эса Хитой Суперлигаси ғолиби "Гуанжоу Эвергранде" шарафини ҳимоя қилмоқда.

Йил ўйинчиси - Ли Кеун Хо ("Ульсан Хёндэ")
Ушбу футболчи 2012 йилда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шунингдек, Ли Кеун Хо ОЧЛ ва Кей лиганинг энг фойдали футболчисига аталган совринларни ҳам қабул қилиб олди.

Ярим ҳимоячи ОЧЛда 4та гол уриш билан биргаликда, 7та голга ҳам ассистентлик қилди. Ли, шунингдек, миллий терма жамоада ҳам самарали ўйин кўрсатди. Саккизта ўйинда унинг ҳисобига 5та гол ва 3та самарали узатма ҳам ёзилди.

Йил лаҳзаси - Олимпия терма жамоаси бронза медалларини қўлга киритди
Лондон олимпиадасида иштирок этган U23 терма жамоаси Корея футболи тарихида Олимпиада медалини қўлга киритган илк жамоага айланди. Ушбу ғалаба яна шуниси билан лаззатли бўлдики, ушбу ўйинда кореяликлар ўзларининг азалий рақиблари — Япония устидан ғалаба қозонишди.

Ушбу жамоа учун энг катта мукофот шундан иборат бўлдики, терма жамоа аъзолари ҳарбий хизматдан озод этилишди ва энди улар Европа жамоаларига бемалол бориб қўшилишлари мумкин.

2013 йил мақсадлари
Жанубий Кореянинг энг асосий мақсади Бразилияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишдан иборат. Уларнинг ҳисобида 4та ўйин бўлиб, март ойида Қатарни қабул қилишса, июнь ойида Ливан, Ўзбекистон ва Эронга қарши ўйинлар кутиб турибди.

Яна бир муҳим мақсадлардан бири, 2013 йилда Корея чемпионатининг иккинчи дивизионини мустаҳкамлашдан иборат.

Манба: www.goal.com
Киритилди: 15:56, 30.12.2012.
Ўқилди: 7386 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.