Саудиянинг "Ал Иттиҳад" жамоаси бош мураббийи Нуну Эшпириту Санту ўз хоҳиши билан клуб раҳбариятидан истеъфо сўраган.
ОЧЛ 4-турида Ироқнинг "Ал Қува ал Жавия" жамоасидан учралган мағлубиятдан сўнг, португалиялик мураббий ва жамоа сардори Карим Бензема кийим алмаштириш хонасида тортишиб қолишган. Маълумотларга кўра, Бензема анчадан бери худди Роналду каби жамоага "ўз мураббийи"ни олиб келиш ниятида бўлган.
Роналду "Ан Насср"га келгач, бироз вақт ўтиб, бош мураббий Руди Гарсия ўрнига португалиялик Луиш Каштруни олиб келган эди. Бензема олиб келмоқчи бўлган мураббийлар орасида франциялик Лоран Блан ва ҳаттоки Зинедин Зидан номи ҳам тилга олинмоқда.
Нуну Санту ўтган мавсумда жиддаликларни 14 йиллик танаффусдан сўнг Саудия чемпионига айлантирган эди. ОЧЛда эса "Ал Иттиҳад" ўз гуруҳида тўрт турдан сўнг, 9 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди.
Декабрь ойида Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашадиган "Ал Иттиҳад"ни нуфузли мусобақага бошқа бир номдор мураббий тайёрлаши маълум қилинган. "Ал Айн" жамоасининг нидерландиялик мураббийи Алфред Схрёдер жиддаликлар билан музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.