"Ливерпуль" ёз давомида ярим ҳимоя чизиғини янгилаш билан банд бўлди. Кимлар сотиб олинганини биласиз ва бу қизиқ эмас. Сизнинг эътиборингни бошқа, кимлар сотиб олиниши керак эди деган саволга қаратмоқчимиз. Юрген Клопп кўзлаган нишонларнинг бештасини қуйида билиб оласиз. Шунингдек, улар қаерда ва қандай натижага эришаётганини ҳам.
Мойсес Кайседо
"Челси" ва "Ливерпуль" ўртасида август ойи бошларида юз берган катта пойгани эсласангиз керак. Ўша пойга айнан Кайседо сабабли юз берган. Айнан шу пойга футболчининг нархи кескин кўтарилиб кетишига ҳам сабабчи бўлган. Эквадор терма жамоаси аъзоси 115 миллион фунт эвазига "Чесли" футболчисига айланди. Бу Англиядаги рекорд трансфер саналади. Кайседо ўзининг дебют баҳсида "Вест Хэм"га пенальти ишлаб берганди. Ҳозир у Почеттино жамоасида асосий таркибдан жой олган.
Ромео Лавия
Лавия ҳам ёз давомида "Ливерпуль" радарида бўлади. Аммо унинг харидини ҳам "Челси" тортиб олди. Негаки, бельгияликка Лондон клуби яхшироқ таклиф билдиради. Аввалига "Ливерпуль" Лавия борасида 60 миллион фунтлик келишувга эришганди. Аммо Тодд Боэли бу нархга анча қўшгани сабабли Лавиянинг манзили ўзгарди. Афсуски, ҳозир 19 ёшли ярим ҳимоячи тўпиғидан олган жароҳати сабабли сентябрь ойидан бери майдонга туша олмаяпти.
Кефрен Тюрам
"Ливерпуль" Тюрамга жиддий қизиқишда эди. Аммо "Ницца" ва Мерсисайд клуби ўртасидаги музокаралар омадли якунланмайди. Бунга сабаб томонларнинг нарх борасидаги турли фикрларидир. Тюрамнинг ўзи "Ницца"да қолгани ҳақида шундай дейди: "Мавсумни яхши бошладим деб ўйлайман. Жамоа билан камчиликлар устида ишлаяпмиз. Трансферлар ойнасида нима содир бўлганига қарамай, мен шу ердаман. Шу жамоага ёрдам беришни истайман. Катта клублар менга қизиқаётгани қувонарли, албатта. Бу менинг тўғри йўлда эканимдан далолат".
Федерико Кьеза
Сўнгги Европа чемпионатида ажойиб ҳаракатлари билан мухлислар эътиборига тушган футболчи, охирги пайтларда унчалик ҳам кўринмай қолди. Шу сабабли "Ювентус" уни ёз давомида сотишга ҳаракат қилди. Кьеза бу мавсумда 4 та гол уришга эришди. 26 ёшли футболчига "Ньюкасл" ва "Арсенал" қизиқиш билдиргани айтилмоқда. Агарда уни "Ливерпуль" олмоқчи бўлса, Клопп тезроқ ҳаракат қилиши керак.
Шейк Дукуре
Дукуре ўтган мавсумни "Кристал Пэлас"да зўр ўтказди. Шу сабаб ёзда "Ливерпуль" уни харид қилмоқчи бўлди. Лондон клуби ярим ҳимоячини жамоада олиб қолиш имконини топди дейиш мумкин. 23 ёшли Мали терма жамоаси аъзоси бу мавсум барча кўрсаткичларда етакчилик қилмоқда. Қишда Дукуре учун яна кураш бошланиши аниқ.
ИСМАТОВ Ж.