Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ва жамоамиз сардори Элдор Шомуродов Туркманистонга қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
"Тайёргарлик борасида шуни айтишим мумкинки, биз атиги битта тўлақонли машғулот ўтказдик. Терма жамоада машғулот ўтказиш учун кўп вақт бўлмайди. Эртага бизни қийин ўйин кутиб турибди. Рақибимиз кучли. Биз барча рақибларни ҳурмат қиламиз. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳар бир рақибга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз керак.
Боз устига, Туркманистон терма жамоаси сафида бир қанча яхши ўйинчилар бор. Мен эса барча шогирларимдан ўйинга кучни юз фоиз сарфлашларини кутяпман.
Биз биринчи навбатда рақиб ўйинига қараб қолмасдан ўз ўйинимизни, ўзимизнинг кучли жиҳатимизни намойиш этишимиз керак.
Стадион ҳақида нима дейишим мумкин? Чиройли қилиб айтганда, бундай майдонда ўйнаш яхши эмас. Бундай майдонда ўйнаш мен учун футбол ҳисобланмайди. Бунақа майдонда ўйинчилар жароҳат олиши мумкин.
Туркманистон терма жамоасининг қанот футболчилари кучли эканини айтишим мумкин. Шунингдек, рақиб стандарт вазиятларда хавфли ҳаракат қилади. Биринчи ўйиндаги натижа ҳар бир жамоа учун муҳим ҳисобланади.
Таркибда қайси ўйинчи ўйнашини айтмайман. Аммо шуни айтишим мумкинки, биз энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Мен Ўзбекистон билан 2 йилдан бери ишлаяпман. Ўйинчилардаги иштиёқ борасида ҳеч қачон муаммо юзага келмаган. Футболчилар 100 фоиз куч билан ҳаракат қилишади. Эртага мухлислар чиройли ўйинга гувоҳ бўлишади", — деди Катанец.