Adidas компанияси Лионель Мессини 8-«Олтин тўп» билан алоҳида табриклади.
Германия бренди бу борада креатив йўлдан бориб, аргентиналик учун оригинал совға ҳозирлади - 8та узук. Креативлик шуки, махсус буюртма асосида тайёрланган тақинчоқларнинг ҳар бири Леога қайсидир алоҳида муваффақияти ёки ҳаракатини эслатиб туради. Adidas вакилларидан ажойиб юриш!
Леонинг 8та узукни тақиб олган ҳолда тушган суратлари биринчи бўлиб, Adidas компаниясининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида пайдо бўлди. Табиийки, улар бир зумда бутун интернет оламига ҳам кенг тарқалди. Ҳар бир узукнинг Месси фаолиятидаги қайсидир муҳим воқеага бағишлангани эътиборга молик:
El Beso - Мессининг ЧЛдаги биринчи ғалабаси (2009 йили) шарафига
Apunta Al Cielo - Мессининг голларни қўлларини осмонга қарата нишонлаши шарафига (Лео 1998 йили вафот этган бувиси Селинани шундай хотирлаганди).
GOAT - Хосеп Гвардиола бошқарувида ўйнаган 2011 йилги «Барселона» шарафига
91 - 2012 йили Месси ўрнатган тарихий рекорд (у йил давомида 91та гол урганди) шарафига
Шунингдек, ЧЛдаги 4та ғалаба, 6та «Олтин бутса», Америка кубоги-2021даги зафар ва албатта, Аргентина миллий жамоасининг ЖЧ-2022даги чемпионлиги шарафига аталган узуклар бор.
Adidas узуклар тўплами билан чекланиб қолмай, 8-«Олтин тўп»га атаб махсус бутсалар (чекланган миқдорда)ни ҳам сотувга чиқарди. Улар ноёб дизайни билан ажралиб туради. Оқ-олтин тусли бутсаларнинг бир томонида 8та «Олтин тўп» тасвири, Аргентина байроғи, Мессининг ўйинчилик рақами ва GOAT ёзуви бор. Энг муҳими, бутсаларнинг иккинчи томони Месси оиласига бағишланган: фарзандлари ва турмуш ўртоғининг исмлари, туғилган саналари. Инсайдерларнинг ёзишларича, Лео яқин орада шу бутсада ўйнай бошлайди. Янги моделнинг номи ҳам жарангдор - AdidasxCrazyfast.1 Messi Ballon D’or.