Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Жирона»нинг келажаги порлоқ мураббийи

Баҳо:
+ | -

«Жирона» жорий мавсумда шонли тарихни яратишда давом этмоқда.

Ортда қолган 14 тур натижаларига кўра, «оқ-қизил ранглилар» «Реал Мадрид» суперклуби билан бир хил очко жамғарган ҳолда, Ла Лига турнир жадвалини бошқариб бормоқдалар. Шу пайтга қадар жамоа фақат 3 марта - ЕЧЛда тўп сураётган «Реал», «Реал Сосьедад» ва «Атлетик»ка қарши учрашувларда очко йўқотди.

Мазкур муваффақият меъмори - кўпчиликка Мичел номи билан танилган Мигель Анхель Санчес Муньос. 47 ёшли мадридлик мураббий ўз жамоасининг томошабоп, ҳужумкор ўйинлари билан мухлису-мутахассислар эътиборини тортди. Ла Лига доирасидаги «Атлетик»ка қарши баҳс унинг «Жирона»даги 52-учрашуви бўлди. Шу пайтгача жамоа унинг раҳбарлигида 24та ғалаба, 12та дуранг ва 16та мағлубиятга имзо чекди. Ҳозирда Мичел ғалабалар фоизи бўйича (46 фоиз) клуб тарихидаги энг яхши натижани расмийлаштирди.

Бироқ мураббий муваффақиятдан ҳаволаниб кетмасдан, юксак натижаларга фақат тинимсиз меҳнат билан эришиш мумкинлигини шогирдларига таъкидлаб, ўзи ҳам шу тартибга риоя қилмоқда. «Жирона»га қадар Мичел фақат «Райо Вальекано» ва «Уэска» клубларида ишлаган ва уларни олий дивизионга олиб чиққанди. Бироқ бу жамоалар дебют мавсумдаёқ Сегундага тушиб кетишган, мураббий эса истеъфога йўл олганди.

Омадсизликдан тегишли хулоса чиқарган мутахассис илк мавсумдаёқ «Жирона»ни элитага олиб чиқди. Каталония клуби Сегундада маррага 6-ўрин билан етиб келган, лекин плей-офф босқичида Ла Лига вакилидан устун келганди.

2022|23 йиллар мавсумини «Жирона» 10-ўринда якунлади. Жорий мавсумни шу қадар самарали ўтказмоқдаки, энди унда еврокубок мусобақаларида тўп суриш орзуси пайдо бўлди. Тасаввур қилинг: 2021|22 йиллар мавсумининг 12 туридан кейин Сегундада 19-ўринни банд этган жамоа элитадаги 14 турдан кейин пешқадамликни давом эттирмоқда.

Дарвоқе, шу пайтгача «Жирона» Ла Лигада қаторасига уч мавсумни ўтказган эмас. Буни жуда яхши биладиган Мичел фақат халқаро мусобақалар йўлланмаси эмас, бошқа режалар хусусида ҳам бош қотирмоқда: «Асосий мақсадимиз - жамоанинг элитадаги ўрнини мустаҳкамлаш. Умид қиламанки, жамоамиз турнир жадвалининг юқори қисмида барқарор тўп суришга қодир. Очколар жамғариш эса - кураш. Муваффақият калити ҳар куни амалга оширилиши шарт бўлган самарали меҳнатда эканлигини барча шогирдларим тушунишлари ва шунга риоя қилишларини истайман».

«Жирона»нинг шиддатли стартида ҳужумчиларнинг улуши ҳимоя чизиғи вакилларига нисбатан анча салмоқли бўлди. Каталония клуби урилган голлар сони бўйича (32та) етакчилик қилмоқда. Хавфли вазиятларни яратиш (34та) бобида эса иккинчи натижага эга. Бунинг асосий сабаби шуки, Мичел ўз даврида «Райо Вальекано» тарихидаги энг яхши тўпурарлари сафида бўлганди. Энди у мерганлик маҳоратини шогирдларига сингдирмоқда.

Лекин «оқ-қизил ранглилар» жамоасининг ҳимоя чизиғи талаб даражасида эмас  ўтказиб юборган голлари ўртача ҳисобда биттадан кўпроқ. Демак, мукаммалликка эришиш йўлида аввало, ишончли ҳимояни ташкил этиш лозим. Ҳужумкорлик потенциали эса мураббийнинг фикрича, жамоа учун етарли: «Ўйиннинг ҳужум фазаси мени ташвишлантирмайди. Чунки биз ҳар қандай рақибга муаммо ярата оламиз, бунинг учун етарли ресурсларга эгамиз». Ҳужум чизиғи хусусида мураббий ҳақ. Жамоа сафидан жой олган Артём Довбик ҳозир 7та гол уриб, Ла Лига тўпурарлари сафида бормоқда, «Жирона»нинг етакчи тўпурари мақомида. Бироқ Савио, Алеиш Гарсия, Дейли Блинд, Янхель Эррера ва Виктор Циганков каби ўйинчилар ҳам олдинги чизиқнинг муҳим ижрочилари ҳисобланади. Боз устига, рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Гарчи жамоа ўзига хос услубда тўп сурсада, унинг таркибида қандайдир вазифани адо этадиган алоҳида ижрочи йўқ. Ўйиннинг турли босқичларида ҳар бир футболчи ўзининг кучли жиҳатларидан самарали фойдаланган ҳолда ўйнашга интилади.

Каталония клуби таркибида номдор ўйинчилар бўлмасада, ҳар қайси позицияда ўз вазифасини талаб даражасида бажара оладиган ижрочилар етарли. Қўшимчасига, улар майдоннинг исталган ҳудудида самарали тўп сура оладилар. Масалан, қанот ҳимоячилари вингер ролини бемалол ўйнашлари мумкин. Эҳтимол, ҳозир Испанияда Иан Коуту-Арнау Мартинес тандемидан яхшироқ жуфтлик йўқдир. Циганков ва Савиолар қатори Довбик ҳам олдинги чизиқнинг энг муҳим мурватларидан бири. Артём ўта тажовузкор, бақувват ва маҳоратли ҳужумчи, дарвозага тескари турган ҳолида ҳам яхши ўйнайди. Ҳар қандай рақиб учун уни тўхтатиб қолиш жуда қийин. Сохта тўққизлик позициясидаги ҳаракатлари эса рақиб дарвозаси олдида қўшимча хавф-хатар яратади. Мичел ихтиёридаги рангбаранглик ва вариантлар шодасини инобатга олганда, жамоанинг ҳужумкор услуби аъло даражада ва мавсумнинг қолган қисмида ҳам шундай давом этса керак. 

Дарҳақиқат, «оқ-қизил ранг­лилар» асл жамоа мақомида тер тўкишмоқда. Бу бош мураббийнинг хизматлари самараси, албатта. Ваҳоланки, «Жирона» Ориоль Ромеу, Тати Кастельянос ва Родриго Рикельме каби бошланғич таркибнинг муҳим ўйинчиларидан жудо бўлганди. Бироқ Энрике Карсель раҳбарлигидаги спорт бўлими трансфер бозорида самарали харидларни амалга оширди, Мичел эса қудратли жамоани шакллантирди. Ҳозир «Жирона» чинакамига ажойиб даврни ўтказмоқда. Мураббийнинг амалдаги шартномаси 2026 йилгача мўлжаллангани эса бу жамоа ва унинг ижодкор мураббийи ҳақида кўплаб қизиқарли ҳикоялар ёзиш имкониятини беради. Клуб мутасаддилари ва мураббийлар штаби камтарлик билан элитада мустаҳкам жой олишни асосий мақсад сифатида эътироф этишмоқда. Мухлислар эса жамоани халқаро аренада кўриш орзусидалар. Биз эса кўп сонли мухлислар орзуси рўёбга чиқиши тарафдоримиз. Шунда фидойи мураббий ва унинг тиришқоқ жамоасини келажаги порлоқ иттифоқ сифатида эътироф этганимиз ўз исботини топади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:58, 06.12.2023.
Ўқилди: 3845 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.