Бир-бирининг имкониятларини яхши билиб олган Ўзбекистон ва Россия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ўйин ҳеч қандай разведкаларсиз бошланиб кетди. Тўп деярли майдон марказида сақланиб турмади. Жамоалар тезкор ҳужум уюштириш пайида бўлишди.
Ўйиннинг 5-дақиқасида терма жамоамиз ҳисобни очишлари мумкин эди. Махсталиев майдон марказига яқин жойда россиялик ҳимоячиларнинг тўп узатишидаги хатосидан фойдаланиб, тўпни эгаллаб олди. Аббос олдинга интилаётган Сергеевни тўп билан таъминлади. Игорь зарба бергунга қадар ҳимоячилар унинг йўлни тўсишди ва Сергеев тўпни орқароққа — жарима майдончаси чизиғи устига қайтарди. Жаҳонгир Абдумўминов берган кучли зарба эса ҳимоячилардан бирига тегди.
Орадан беш дақиқа ўтиб вакилларимиз яна бир чиройли ва хавфли ҳужум уюштиришди. Жамшид Искадаров жарима майдончасига яқин жойда икки ҳимоячи орасидан "зиданча" услубда ўтиб кетди ва ўнг қанотда очиқ турган Махсталиевга тўпни узатди. Олтинчи рақамли ярим ҳимоячимиз эса ўткир бурчак остида турганига қарамасдан ўзи зарба йўллашга қарор қилди. Аммо зарба ноаниқ чиқди.
Кейинги хавфли ҳужумимиз 17-дақиқага тўғри келди. Абдул Азиз Юсуповнинг 18 метрлардан берган кучли зарбасини дарвозабон Лобанцев майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Мезбонлар аста-секин тўп назоратини ўз қўлларига ола бошлашди. Уларнинг позицион ҳужумларини ҳимоячиларимиз жарима майдончамиз атрофида бартараф этиб туришди. Аммо, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, хавфни энг сўнгги ҳимоячиларимиз қайтариб туришди. Ҳар сафар рус футболчиси ана шу футболчидан ўтиб кетса, улар дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетишарди.
Ўйиннинг ярим соатb ўтган вазиятда Дмитрий Каюмов деярли майдон марказидан жарима майдончамиз атрофигача яқинлашиб келди ва бир ҳимоячини алдаб ўтиб, дарвоза томон зарба берди. Асилбек Омонов эса унчалик кучли бўлмаган, аммо бурчакка йўналтирилган тўпни қайтара олмади. Ҳисоб очилди — 1:0.
35-дақиқада россиялик Мирослав Лобанцев қаҳрамонлик кўрсатди. Игорь Сергеевнинг жарима майдончаси чизиғи устидан берган зарбасидан сўнг тўп дарвоза бурчагига кириб бораётганида дарвозабон тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Терма жамоамиз ташаббусни тўлиқ эгаллаб олди ва кетма-кет ҳужумлар уюштирди. 40-дақиқада Жамшид Искандаров ўнг қанот чизиғи ёнидан дарвоза томон зарба беришга қарор қилди. Яна ўша Лобанцев тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Орадан 2 дақиқа ўтиб ҳимоячиларимиз ўз жарима майдончалари атрофида сакраб келган тўпни ўзларига бўйсиндира олишмади. Натижада тўпни Болов эгаллаб олди ва 11 метрли нуқта атрофидан зарба берди. Зарба бериш жараёнида ҳужумчи сакраётган тўпни дарвозага аниқ дарвозага йўллай олмади.
Таъкидлаш лозим, ўзбекистонлик ёшларнинг ҳар бир ҳужуми голли вазиятлар билан якунланмаган бўлса-да, ҳужумчилар чиройли ва ранг-баранг кўриниш олди.
Иккинчи бўлим Ўзбекистоннинг фаол ҳужуми ва босими остида бошланди. Айниқса, биринчи бўлимда каби Махсталиевнинг қаноти фаол ишлади.
57-дақиқада Болов дарвозабонимиз билан дирга-бир вазиятга чиқиб кетди ва бу сафар қаҳрамонлик кўрсатиш Асилбек Омоновнинг навбати келди. Аҳмаджон Мусаев шогирдларининг жавоб ҳужуми натижасида тўп дарвозага киришни истамади. Абдумўминовнинг чап қанотдан айланма усулда берган зарбаси аввал дарвоза тўсинига тегиб қайтган бўлса, қайтган тўпга Махсталиев берган зарбаси ўта ноаниқ чиқди.
Майда тўқанашувлар пайтида ҳар сафар Россия фойдасига қарор чиқариб турган ҳакам 80-дақиқада россияли ҳимоячининг жарима майдончаси ичида тўп йўналишини қўли билан ўзгартирганига аҳамият бермади. Ваҳоланки, Белов ўша пайтда вазиятга жуда яқин турганди. 83-дақиқада эса мезбонлар чиройли комбинация орқали жарима майдончамизга кириб келишди ва Панюковнинг яқин масофадан берган зарбаси дарвоза тўрига бориб тушди. 2:0.
Орадан бир дақиқа ўтиб ҳисоб қисқаришига яна Лобанцев имкон бермади. Аббос ўнг қанотда - жарима майдончаси ичида тўпни дарвозабон ошириб шерикларига узатаётганида, посбон уни бир амаллаб қайтариб юборди. Акс ҳолда унинг ортида бир неча нафар футболчиларимиз дарвозани ишғол қилишга тайёр туришганди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон терма жамоаси Россияга қарши жуда зўр ўйнади. Ҳаттоки ҳужумлар ташкил қилиш, вазиятлар яратиш бўйича вакилларимиз устунликка эришишди. Аммо шу куни омад россияликларга кулиб боқди. Улар томонидан ташкил этилган 4та ҳақиқий хавфли вазиятдан 2таси гол билан тугади. Қолаверса, Россия дарвозабони Мирослав Лобанцев маҳорати эвазига дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди.
Россия ёшлар терма жамоаси ярим финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси 25 февраль куни Қозоғистонга қарши 5-ўрин йўлланмаси учун кураш олиб боради. Бизни яна бир қизиқ баҳс — дерби кутмоқда!
Ҳамдўстлик кубоги. Чорак финал
РОССИЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 2:0 (1:0)
Голлар: Дмитрий Каюмов (30), Андрей Панюков (83)
Огоҳлантиришлар: Владимир Обухов (72) — Тоҳиржон Шамсиддинов (72)
Россия: 1. Мирослав Лобанцев, 4. Алексей Никитин (С), 5. Андрей Семенов, 6. Илья Зуев, 8. Александр Васильев (Магомед Митришев 46), 10. Андрей Панюков (Илья Кутепов 90), 11. Руслан Болов (Никита Бочарёв 63), 14. Игорь Ломбарский, 16. Владимир Обухов (Армен Амбарцумян 85), 17. Дмитрий Каюмов (Эмин Маҳмудов 78), 20. Дмитрий Голубев
Ўзбекистон: 1. Асилбек Омонов, 2. Тоҳиржон Шамсиддинов, 4. Бобурбек Йўлдошев, 5. Максимилиан Фомин, 6. Аббосбек Махсталиев, 7. Владимир Козак (С), 9. Жаҳонгир Абдумўминов (Абдуллоҳ Олимов 79), 10. Жамшид Искандеров, 11. Абдул Азиз Юсупов (Темур Ҳакимов 61), 22. Муҳсинжон Убайдуллаев, 17. Игорь Сергеев.
Ҳакамлар: Михаил Белов, Дмитрий Жвакин, Александр Дуденков (барчаси — Россия)