Футбол бўйича Англия терма жамоаси собиқ сардори Дэвид Бекхэм 29 январдан Лондоннинг «Арсенал» жамоаси таркибида шуғулланади. Бу ҳақда Англиянинг The Sun газетаси хабар бермоқда.
37 ёшли ярим ҳимоячи ўзига янги жамоа топмагунича, «Арсенал» машғулотларида қатнашиб, жисмоний ҳолатини бир маромда сақлаб туради. 2012 йилнинг охирида Бекхэм АҚШ Футбол лигаси (MLS)нинг «Лос-Анжелес Гэлекси» жамоасини тарк этган эди. Футболчи ушбу жамоада сўнгги беш мавсум давомида тўп сурди.
Бекхэмни «Арсенал»га таклиф қилиш ташаббуси жамоа бош мураббийи Арсен Венгердан чиққан. Унинг фикрича, бундай футболчи билан ёнма-ён шуғулланиш ёш футболчилар учун фойдали бўлади. Бекхэм Лондон клубининг ўринбосарлари билан бирга 2008 йил январида ҳам шуғулланган эди.
Англия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Бекхэм учун энг асосий даъвогарлар – Италиянинг «Милан» ва Франциянинг «ПСЖ», шунингдек, Англиянинг «Куинз Парк Рейнжерс» ва «Вест Хэм» жамоалари бўлиб туришибди. Қайд этмоқ керак, футболчи 2009 ва 2010 йилларда ижара асосида «Милан»да тўп сурган.