Юрген Клопп "Ливерпул"ни мавсум охирида тарк этади. Аммо у кетишидан олдин ўз жамоасига иложи борича кўпроқ титул келтириши керак бўлади. Февралдаги Англия лига кубоги финали олдидан "Челси" яна бир бор мерсисайдликларга тўқнаш келмоқда.
Бу жуфтликнинг лигадаги сўнгги 7 та баҳси дуранг билан тугаган. Уларнинг сўнггиси жорий мавсумнинг илк турида юз берган эди. "Челси" 2014 йилдан бери "Ливерпуль" майдонида фақат бир бор ғалабага эриша олган холос. Мезбонлар эса 2022 йилнинг октябрь ойидан бери ҳали ўз уйида мағлуб бўлмади. Қуйида бўлажак баҳсга доир маълумотларга тўхталиб ўтамиз.
Жамоалар спорт формалари ҳақида
"Ливерпуль" барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда, сўнгги 10 та ўйинда мағлуб бўлмади. Улар ичида "Арсенал", "Ньюкасл" ҳамда "Фулхэм"га қарши ғалабалар бор. Мерсисайдликлар ўз уйида сўнгги 12 та баҳсда 2 ва ундан кўп гол урган. "Челси"да эса бу борада муаммолар бор. Масалан, Почеттино жамоаси охирги марта Мерсисайдда "Эвертон" томонидан аламли мағлубиятга учратилган эди.
Таркибдаги йўқотишлар
Энди Робертсон "Норвич"га қарши кубок ўйинида октябрь ойидан бери илк бор майдонга тушганди. Трент Александер-Арнольд ва Алексис Макаллистерлар ҳам жамоага ёрдам бера олади. Улар қисқа муддатлик жароҳатларга учраганди. Муҳаммад Салоҳ эса терма жамоасидан жароҳат билан қайтди. У бир ойча "Ливерпул"га ёрдам бера олмайди. Шунингдек, асосий таркиб вакилларидан ярим ҳимоячи Ватару Эндо йўқ. У Осиё кубогида Япония терма жамоаси билан иштирок этиб турибди.
"Челси" таркибига Нкунку ва Мало Гюстолар қайтди. Улар қайдномага кириши мумкин. Кичик жароҳатига қарамасдан, Бен Чилвелл ва Карни Чуквуэмека ҳам ўйинга тайёр бўлади. Жароҳати сабабли Колвилл, Кукурелья, Чалоба, Фофана, Лавия, Жеймс, Санчес ва Угочуквулар Почеттинога ёрдам бера олмайди.
Мураббийлар нима дейди?
Клопп "Челси"нинг услуби ва яқин орадаги натижалари ҳақида шундай дейди: "Уларнинг даражаси яхшиланиб бормоқда. Яқин орадаги ўйинларда "Челси" ғалабага эришди. Бу рақибга биринчи турдаёқ тўқнаш келган эдик. Ўшанда улар биздан яхшироқ ҳаракат қилган эди. Ҳа, уларда жароҳатлар кўп. Аммо ҳозирги таркиби ҳам анча хавфли. Шахсан мен, "Челси"нинг натижалари ўнгланишига ишонаман. Аммо бу воқеа бизнинг ўйинимиздан кейин бўлгани маъқулроқ".
Почеттино ҳам Клопп ва унинг жамоаси ҳақида фикр билдириб ўтди. У шундай дейди: "Мен Клоппнинг кетишини эшитиб хафа бўлдим. Уни соғиниб қоламиз. Умид қиламанки, у тез орада яна бошқарувга қайтади. Ўйинга келадиган бўлсак, мен фақат ғалабани хоҳлайман. Бизда ҳозир ҳужумчи муаммоси мавжуд. Аммо ҳозирги футболчилар билан ҳам рақибни енгишга қодирмиз деб биламан".
Эслатиб ўтамиз, "Ливерпуль" ва "Челси" ўртасидаги баҳс 31 январдан 1 февралга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан 1:15 да старт олади.
ИСМАТОВ Ж.