"Ливерпул"нинг собиқ ҳимоячиси, ҳозирда Sky Sports эксперти бўлиб ишлаётган Жейми Каррагер "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси Гари Невилл Юрген Клопп "мерсисайдликлар" клубини тарк этишини эълон қилганидан кейин уни масхара қилганини айтди.
"Мен уйғониб, янгиликни кўрдим. Невилл менга чанғи учаётганини ёзди. Унинг хабарини ўқишимни хоҳлайсизми? "Мен Куршевелдаман, сизнинг мураббийингиз кетади ва сиз яна 30 йил азоб чекасиз!" — Каррагернинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Daily Mail нашри.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Юрген Клопп жорий мавсум якунида "Ливерпул"ни тарк этишини маълум қилганди. Немис мутахассиси ўз баёнотида энди жамоага мураббийлик қилишга куч-қуввати йўқлигини аниқ айтиб ўтди. 56 ёшли германиялик мутахассис 2015 йилнинг 8 октябрида Англиянинг "Ливерпуль" клубини қабул қилиб олган эди. Бу вақт ичида Юрген Клопп “қизиллар” билан еттита совринни қўлга киритди.