Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Роналду «Олтин тўп» ва The Best ҳаққонийлигига ортиқ ишонмайди

Баҳо:
+ | -

«Ан-Наср» юлдузи Криштиану Роналду Globe Soccer Awards 2023 маросимида нақ 3та совринга эга чиқди.

Аниқроқ айтсак, португалиялик 2023 йилнинг энг яхши тўпурари сифатида Марадона номидаги кубокни ўзиники қилди, яна Яқин Шарқдаги энг яхши футболчига аталган соврин ва «Мухлислар ёқимтойи» номинацияси мукофоти ҳам унга насиб этди. Криш Дубай шаҳрида ташкиллаштирилган тақдирлаш маросимидан кейин Саудия Арабистони Про-Лигаси, «Манчестер Сити» ва нафақага чиқиши ҳақида алоҳида тўхталганди. «Ал-Наср» етакчи шундан сўнг Португалиянинг Record нашрига ҳам катта интервью берди ва унда «Олтин тўп» ҳамда The Best танловларига ортиқ ишонолмаслигини баралла таъкидлади.

- Криш, мана, Globe Soccer Awards тақдимотида бир-йўла 3та совринга эга чиқдингиз. Бу борада нима дея оласиз?

- Шахсий музейимга мутлақо янги совринлар қўшилганидан бағоят хурсандман, албатта. Aйниқса, мени ҳамиша ҳайратга солган буюк Диего Марадона шарафига аталган мукофот шунчаки, шедевр. Бунга қадар Европада жуда кўп ўйнадим ва бир қатор совринларни қўлга киритдим. Шу маънода айтсам, Яқин Шарқда ҳам дастлабки мукофотларни расмийлаштирганим нимадандир далолат. Хуллас, ҳозир жуда бахт­лиман, мавсум мен учун чиндан ҳам, ўта самарали келди. Бундай вақтда нуфузли совринларни қўлга олиш ёқимли.

- Шу ёшда йил давомида 54та гол уриш...

- Яқин ўтмишга назар ташлаб, «МЮ» клуби ва Португалия миллий жамоасида кузатилган воқеликларни эсласангиз, айни статистикам жуда ҳайратланарли. Ахир ўша вақт айримлар «Роналду фаолиятини тугатди, тамом» қабилида хулоса чиқаришганди. Амалда эса бор диққатимни жамладим ва «Ал-Наср»да Луиш Каштру бошқарувидаги мураббийлар штаби қўл остида ажойиб мавсум ўтказдим. Айнан мураббийлар ва чин мухлисларим мавсум давомида қойилмақом ўйнашимга ўзгача туртки беришди. Умуман, ўзим ҳали футболга кўп нарса бера олишим ва шундай қилишим кераклигини биламан. Яъни «Ал-Наср»да ҳам, миллий жамоада ҳам ҳали яна кўп гол уриш қўлимдан келишига шубҳам йўқ. Тушунарлики, 2023 йил мен учун фантастик даражада ўтди. Ҳа, баъзилар Саудия Aрабистонида ўйнаганим учун кўп гол урганимни таъкидлашади. Уларнинг иддаоларига қарасак, бу ерда гол уриш осон эмиш. Лекин чин мутахассислар ва таҳлилчилар Саудия лигасида рақиб дарвозасини нишонга олиш Италия, Испания ёки Португалия чемпионатларида гол уриш каби қийинлигини яхши билишади. Гол - бу ер юзининг ҳар бир нуқтасида гол, барибир. Шундай экан, 2023 йилги тўп­урарлар пойгасида Эрлинг Холанд, Килиан Мбаппе ва Гарри Кейн каби йигитларни ортда қолдирганимдан борича ғурурланишга ҳақлиман, менимча.

- «Олтин тўп» ва The Best мукофотларининг бу йилги сўрови бўйича умумий фикрингиз қандай?

- Очиғини айтаман, бу сафар на «Олтин тўп» ва на The Best тақдимот маросимини кузатдим. Шахсий фикримча, ҳар икки соврин аввалги нуфузини тобора йўқотиб бормоқда. Йўқ, Лионель Месси, Эрлинг Холанд ёки ҳаттоки, Килиан Мбаппе совринга муносиб эмаслигини айтиш фикридан мутлақо йироқман, лекин ҳар икки танлов, уларнинг ҳаққонийлигига ортиқ ишонмайман. Фактлар ва рақамлар бор, улар асло алдамайди. Ҳеч ким биздан рақамларни тортиб ололмайди, чунки ҳаммаси айни ҳақиқат. Билганим шуки, ўтган йилги шахсий статистикам кўп нарсани кўрсатиб турибди. 

- Хўш, қачондир Португалия чемпионатига қайтасизми?

- Айни пайт Саудия Арабис­тонида ўзимни эркин ва бахтиёр ҳис қиляпман. Бинобарин, менга нисбатан яхши муносабатда бўлишмоқда, танқидлар кучайган ва кўпчилик салоҳиятимга шубҳа билан қарай бошлаган вақт араблар чорлов ташлашди. Муҳими, маҳаллий лига улкан ривожланиш стратегиясига эга ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Ҳа, футбол жамоатчилиги фикрича, буларнинг барчаси Хитойда кузатилган воқеликларнинг такрори эмиш. Йўқ, ишонтириб айтаман, бу ерда ҳаммаси буткул бошқача. Мана, Саудия Aрабистони ЖЧ-2034га мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди, бу миллий чемпионат кейинги 10 йил давомида тараққиётдан тўхтамаслигини англатади. Умуман, ўйлайманки, Саудия чемпионати яна 2-3 йилдан сўнг дунёнинг энг яхши лигалари қаторига киради. Португалияга қайтишга келсак, ҳозирча бундан маъно йўқ. Бир неча кундан кейин 39 ёшни қарши оламан, шартнома бў­йича эса «Ал-Наср»да яна 1 йил ўйнашим керак. Хуллас, ёшим 40га етгач, умумий ҳолатга баҳо берамиз. Агар барчаси жойида бўлса, ўз кучимга ишонсам, эҳтимол, 41 ёки 42 ёшгача ҳам тўп сурарман, буни аниқ билмайман. Лекин такрорлайман, Португалия, хусусан, «Спортинг»га қайтиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

- Жонажон клубингиз - «Спортинг» жорий мавсум чемпионлик сари далил одимламоқда...

- Ҳозирги жамоа ўйинни қандай қуриш ва бошқаришни биладиган кучли мураббийга эга, уюшқоқлик ҳам жойида. Хуллас, кучли таркиб шаклланганини кўряпман. Энг қувонтирадиган томони, «Спортинг» мухлисларга ёқадиган жозибали футболга мойил. Қадрдон клубимга охиригача шу руҳда давом этиш ва якунда чемпионликни тантана қилишини тилайман, албатта.

- Роналду қачон нафақага чиқади? Бу борада бирор аниқ режангиз борми?

- Дўстларимга тез-тез такрорлаб тураман - бугунги ҳаё­тимиз динамикаси жуда юқори. Яъни эртага нима бўлиши номаълум. Мавсум охирида бутсаларимни михга илишим ёки яна 2-3 йил ўйнашим мумкин. Бошим ва танамда муаммо сезмасам, футболдан завқ олсам, нега тўхташим керак? Айни пайт клубда ҳам, терма жамоада ҳам ўзимни яхши, бахтли ҳис қиляпман. Энг асосийси, ҳамон ўзимга энг ёқадиган иш билан бандман - муносиб ўйнаб, голлар уряпман.

- Евро-2024 старти ҳам тобора яқинлашмоқда. Португалия терма жамоаси бўлажак турнир фаворитларидан бирими?

- Шахсан мен учун даъвогар ва фаворит мақоми бир хил. Шуни теран тушунишимиз керакки, жамоамизда турнир ғолибига айланиш имконияти етарли худди 2016 йилдагидек. Ўшанда ҳам яққол фаворит саналмаганмиз. Ҳозир эса Португалия термасига бошқача қарашади. Албатта, Европа чемпионатига ғалабани кўзлаган ҳолда боришимиз ва Германияда шу мақсад рўёби йўлида боримизни беришимиз шарт. Тўғри, катта турнирларда ҳаммаси кўплаб омилларга бевосита боғлиқ бўлади. Ишончим комил, ёзда фаворит мақомида курашга киришамиз, бор эътиборни чемпион бўлишга қаратамиз.

- Роберто Мартинеснинг гапидан иқтибоc: «Менимча, Роналду 1000та гол маррасига етишдан кўра, Евро-2024да ғалаба қозонишни афзал кўради». Бунга муносабатингиз...

- Футбол тарихидаги энг яхши тўпурарман. 1000та голни ўйлашдан олдин аввало, 900талик довонга чиқишим керак. Одамлар 1000та гол ҳақида кўп гапиришади, гўёки бу маррани аллақачон забт этгандекман. Албатта, Globe Soccer маросимида айтганимдек, бугунги кун билан яшашни афзал кўраман. Профессионал ва шахсий ҳаётимда кузатилган воқеалар мени шундай ўйлашга ўргатди. Ҳозир футболдан завқланиш учун - яхши вақт. Ўтган йили 54та гол урганим ортида катта фидойилик ва меҳнат, «Ал-Наср»даги жамоадошларимнинг ёрдами турибди. Қайтараман, ҳозирги замон билан яшайман. Евро-2024да ғалаба қозониш миямда тинмай айланаётган мақсад, албатта. Буни амалга ошириш учун бизда ҳаммаси мужассам. Бордию, танлаш имкони берилса, мураббийимиз айтганидек, Европа тахтига чиқишни маъқул кўрардим. Шубҳасиз, 1000 фоиз ишонч билан!

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:45, 02.02.2024.
Ўқилди: 4417 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.