Осиё чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичидан ўрин олган «Насаф» -«Ал-Айн» учрашувидан олдин бўлиб ўтган матбуот анжуманида қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди.
"Ҳар икки мамлакатда бир муддат танаффус юзага келгани учун эртанги ўйин юқори темпда бўлади, деб ўйламайман. Шунга қарамасдан эртанги ўйин тактик жиҳатдан курашга бой ўтишини кутяпман. Кайфиятимиз яхши. Йигитлар эртанги баҳсга шай. "Ал-Айн"га қарши баҳсда ижобий натижа учун футболчилар бор маҳорат ва кучларини ишга солишади. Биз учун ҳар бир ўйиндаги натижа муҳим аҳамиятга эга. Кейинги босқичга чиқишни кўзлаган ҳолда эртага майдонда тўп тепамиз.
"Ал-Айн" клуби билан бир неча йил аввал тўқнаш келганмиз. Бу жамоани яхши эслайман. Аммо бу орада ҳар икки жамоада катта ўзгаришлар бўлди. "Ал-Айн" билан бу галги тўқнашувимиз биз учун ижобий бўлади, деб ўйлайман. Бу сафар мухлисларимизни файхраландиган ўйин ва натижани қайд этишимиз керак.
"Ал-Айн" 9 февраль куни Кубок баҳсида иштирок этди. Бу ўйинни биз чуқур ўргандик. Бундан ташқари, бу жамоанинг ОЧЛ ва миллий чемпионатдаги ўйинларини йигитларга кўрсатиб, таҳлил қилиб бердик. Бу доимо қиладиган ишимиз. Футболчиларимиз рақиб жамоанинг кучли ва кучсиз томонларини, ҳар бир ўйинчи ҳақида яхши тасаввурга эга бўлиши керак. Бу якуний натижа учун жуда зарур нарса.
"Ал-Айн" ўйинларини кузатиб шунга амин бўлдикка, бу жамоа ҳужумкор футбол намойиш этади, ҳужумни яхши кўради. Бу рақиб таркибини асосан легионерлар ташкил этади. Маҳаллий футболчилардан фақат 4 нафари асосий таркибга кирган.
Жамоага янги қўшилган футболчиларнинг айримлари майдонга тушади. Қандай таркиб танлаш эса эртанги ўйинда қандай стратегия билан майдонга тушишимизга боғлиқ бўлади. Таркибни кучайтириш учун янги футболчилар билан шартнома имзоладик. Бу фақатгина эртанги ўйинни кўзлаб қилинмади. Бутун мавсум учун футболчилар жалб қилинди. Умид қиламан, улар ишончимизни оқлашади. Муаммоли чизиқларимизга савияли футболчиларни таклиф этишга ҳаракат қилдик. Улар яхши футболчилар ҳисобланади. Аммо машаққатли меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Осиё кубогида пенальтидан гол ура олмаган Зафармурод Абдураҳматовнинг руҳий ҳолати қандай? У кучли характерга эга футболчи. У ёш бўлишига қарамай ўйинга туширганимизда буни кўрсата олган. Бундай ҳолат ҳар бир футболчида бўлади. Биз мураббийлар, футболчилар ва унинг яқинлари уни қўллаб-қувватлаяпмиз. Зафармурод бу ҳолатдан чиқиб кетади", — деди Рўзиқул Бердиев.