Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Акмал Холматов: «Мақсад — чемпионликни қўлга киритиш»

Баҳо:
+ | -

«Локомотив» клуби 16 феврал куни Тошкентга қайтиб келди. Билсангиз керак, темирйўлчилар 9 февралда чемпионлар Лигасига йўлланма берувчи плей-офф баҳсида БААнинг «Ал Наср» жамоасига 3:2 ҳисобида ютқазиб дастлабки вазифани бажара олмадилар. Аммо ўша учрашувда «Локо» яхши ўйин кўрсатганини алоҳида айтиб ўтиш керак. Гарчи бизда ҳали чемпионат ўйинлари бошланмаган бўлса-да, плей-офф баҳсида футболчилар бор кучларини бериб ўйнадилар.

Жамоадаги тажрибали ўйинчилар эса барибир ўз сўзини айтдилар. Айниқса, гол муаллифлари бўлган Акмал Холматов билан Виктор Карпенко ўйин суръатини ўзгартира олишди. Тажрибали қанот ярим ҳимоячиси – Холматовнинг жарима тўпидан киритган голи эса чиройли чиқди. Аммо шунга яраша «Локо» ғалаба қозонганида нур устига аъло нур бўларди. Гарчи жамоа аъзолари БААда кўп вақт давомида шуғлланиб ўртоқлик ўйинлари ўтказишган бўлишса-да, плей-оффдан ўта олишмади. Аммо бу йиғинлар чемпионатда ўз фойдасини бериши керак. Бу фикрни Акмал Холматов ҳам қўллаб-қувватлади.
— «Локомотив»да ўтган йилдан буён фаолият олиб боряпсиз. Таъкидлаш жоизки, темирйўлчилар сафидаги кўрсатаётган ўйинларингиздан кейин ҳамма сизни иккинчи ёшлигингизни ўтаётганингиз ҳақида гапиришяпти. Бу фикрларга қандай муносабатдасиз?
— Футбол — менинг касбим. Ўйлайманки, одамлар ҳам футболни яхши тушуниб қолдилар. Мен фақат шуни айта оламанки, агарда футболда ўз устингизда яхши ишламасангиз ким бўлишингиздан қатъий назар кутилган ўйинни кўрсата олмайсиз. Бу Месси бўладими, Холматовми бунинг аҳамияти йўқ. Ўз устингизда ишламаяпсизми, сиздан яхши футболчи чиқмайди. Шу сабабли ҳар доим меҳнат қилиш керак.

— Сир эмаски, ўз устингизда тинмасдан ишлашингизни яхши биламиз. Биро спорт формангизни юқори даражада «ушлаб» туришингизнинг яна бошқа сабаблари ҳам борми?
— Йўқ, бундан бошқа сабаб бор деб айта олмайман. Ҳозир таъкидлаганимдек, мен фақат ўз устимда ишлайман. Ҳаммаси ўз меҳнатларим орқали эришяпман. Профессионал футболчи бўлганингиздан кейин нима бўлган тақдирда ҳам фақат ишлашингиз керак.

— «Локомотив» билан хориж йиғинларида иштирок этиб қайтдинглар. Ушбу тайёргарликлар сизларга қайси томонлама фойда беради деб ўйлайсиз?
— Бу йиғинларимиздаги фойда ҳаммага келтиради. Агар Тошкентда йиғин ўтказганимизда биз яхши, сифатли майдонларга дуч келмасдик. Дубайда эса машғулот ўтказиш ва ўйинлар учун энг қулай шароитлар бор. Биз мавсумга ҳар тарафлама кўнгилдагидек тайёрлана олдик деб айта оламан.

— 9 феврал куни бўлиб ўтган плей-офф учрашувини ҳамма катта қизиқиш билан кузатди. Гарчи «Локомотив» мағлубиятга учраганига қарамасдан жамоа яхши таассурот қолдирди. Кўрсатган ўйин ўзингларга ҳам ёқдими?
— Албатта, ўйин ўзимизга ҳам ёқди-ю, аммо натижа умуман ёққани йўқ. Аслида бу ҳисоб ҳаммага ҳам ёқмади. Ўзбекистонлик мухлисларнинг бизни қўллаб-қувватлашганини биламиз. Табиийки, уларни ҳам қайд этилган натижа хафа қилди. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, балки биз ушбу беллашувга ҳар жиҳатдан пухта тайёрлана олмагандирмиз. Мағлубиятда фақат ўзимизни айбламиз. Чунки ўз хатоларимиз эвазига ютқазиб қўйдик. Балки қаердадир мен яхшироқ югура олмагандирман. Янада яхшироқ ўйнаганимизда ютган бўлардик.

— «Ал Наср» охирги дақиқада пенальтидан гол уриб ғалабани илиб кетди. Бундай аламли мағлубият сизларга ёмон таъсир қилмадими?
— Бу бизга ёмон таъсир қиладими, қилмайдими нима бўлса ҳам ишлашда давом этишимиз керак. Энди биз бошидан, янада яхшироқ тарзда ишлашимиз керак. Чунки кейинги йили чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидан баҳсларни бошлаш учун ҳам жиддийроқ ҳаракат қилмасак бўлмайди.

— «Локомотив» бошидан машғулотларни жиддий суръатда олиб борди. БААда кучли рақибларга қарши назорат ўйинларини ўтказди. Барча эътибор «Ал Наср» билан ўйинга қаратилганди. «Локо»нинг ҳам чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқиши учун умид катта эди. Афсуски, омад сиўлардан юз ўгирди. Ўшанда ўйиндан кейинги ҳолатинглар қандай эди?
— Табиийки, ҳавас қилиб бўлмасди. Учрашувдан кейин ҳамма ўз фикрларини айтди. Мураббийлар эса кўрсатган ўйинимиз учун миннатдорлик билдиришди. Энди нима қилардик? Яна ишлашда давом этаверамиз. Плей-оффда барибир кимдир ютиши керак. Фақат омад уларга кўпроқ кулиб боқди. Бундан ортиқча хафа бўлиб фожеа ясамаслик керак. Аксинча олдинга қараб интилиб янада яхшироқ ишлашимиз лозим.

— Ўша учрашувда жарима тўпидан киритган голингиз ажабтовур кўринишда эди. Балки сиз кўрмагандирсиз, лекин биз такроран кўрганимизда ҳам голингиз чиндан ажабтовур кўриниш олди. Ўша вазиятда гол бўлишини аниқ билганмисиз?
— Ҳеч ким олдиндан аниқ гол ураман деб ҳеч қачон айта олмайди. Масалан, бирор-бир жамоа бу ўйинни аниқ ютаман деб олдиндан айта олмайди-ку! Фақат шуни айтишим мумкинки, жарима зарбаларини бериш борасида машғулотларда кўп ишлаймиз. Бу ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Бундан ташқари ўша вазиятда тўпни тепганимда омад мен томонда бўлди. Лекин ким гол уришидан қатъий назар биз жамоа учун ҳаракат қиламиз. Голни мен ёки шеригим урадими, буни фарқи йўқ. Мисол учун ўшанда голни мен эмас, бошқаси киритганида ҳам бунинг нима аҳамияти бор эди? Асосийси, «Локомотив» ютиши керак эди.

— «Локомотив» янги мавсумни чемпионлар Лигасида ўтказиш учун мақсад қилганди. Аммо омадсизликдан кейин жамоа ички чемпионат ва Кубок баҳсларига бор эътиборини қаратишга мажбур. Шундай экан, айни пайтда иштиёқ камайиб қолмадими?
— Йўқ, камаймади, мен бу борада аксинча деб айтган бўлардим. Олдимизга аниқ вазифа қўйилган. Биз ўша вазифани бажариш учун астойдил ҳаракат қилишимиз шарт.

— Вазифа чемпионликми?
— Ҳа, бунинг учун охиригача курашамиз. Таркибимизда жуда яхши футболчилар йиғилган. Шунинг учун олдимизга жиддий вазифа қўйилган.

— «Локомотив»нинг мухлисларига янги мавсум олдидан нима дея оласиз?
— Уларга омад тилайман. Бизни кўпроқ қўллаб-қувватлашсин. Мағлубиятимиздан хафа бўлишмасин. Биз ҳам уларни ранжитмасликка ҳаракат қиламиз. Бундан кейин чиройли ўйинларимиз билан хурсанд қиламиз. Агар Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқса бунданда зўр бўлади. Бунинг учун ҳамма вақт омад тилайман.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: www.lokomotiv.uz
Киритилди: 09:59, 19.02.2013.
Ўқилди: 4211 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.