Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Одил Аҳмедов: «Мен юлдуз эмасман»

Баҳо:
+1 | -

"Анжи" ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Германиянинг "Ганновер" клубига қарши кечган Европа лигасининг дастлабки ўйинида рақиб дарвозасига гол уришга муваффақ бўлди. Ушбу ҳафтада махачқалъаликлар жавоб ўйинида майдонга тушадилар. Жамоа ҳозирда ушбу ўйинга тайёргарлик кўрмоқда. Одил Аҳмедов эса Россиянинг энг машҳур интернет сайтларидан бири - чемпионат.com'га берган интервьюсида клуби билан Европа лигасида ғолиб чиқиш истаги борлигини таъкидлаб ўтди.

— Испанияда илиқ ҳаво ҳукмронлик қилмоқда, ҳаммаси яхши, — дейди Одил климсираб. — Москвада эса ҳозир машғулот ўтказиш қийин. У ерда совуқ, қор. Бу ерда эса машғулот ўтказиш учун барча шароит муҳайё. Ишлаяпмиз, тайёрланяпмиз, муваффақиятга умид қиляпмиз.

— Биринчи ўйинда "Анжи" иккита тўп фарқи билан ғалаба қозонди. Нимчорак финалга чиқдик, деб ўйлайсизми?
— Йўқ ҳали. Бу футбол. Мана, айтингчи, "Рубин"нинг сафарда "Атлетико" устидан ғалаба қозонишини ким кутганди? Қозонликлар эса ғалаба билан қайтишди! Қоғозда турли вариантларни чизиш мумкин, аммо уни рўёбга чиқаришдан аввал ваъдалар бериш ва башорат қилиш ярамайди. Жавоб ўйини бор ва унда барча масала ҳал бўлади.

— 3:1 — ёмон натижа эмас.
— Ҳа, яхши ҳисоб. Ўз уйимизда гол ўтказмасликни истагандик. 3:0 бўлса, яхшироқ бўларди. Бу ҳисоб кейинги босқичга чиқишимизни кафолатган бўларди. Лекин 3:1 ҳам ёмон эмас. Энди Германияда ишнинг қолган қисмини бажаришимиз керак.

— Жамоа жисмоний жиҳатдан 100 фоиз тайёрми? Ёки ҳали йўқ?
— Ҳали юз фоизлик тайёргарлик ҳақида гапиришга эрта. Эндигина битта расмий ўйин ўтказдик. "Ганновер"га қарши ўйиннинг боши қийин бўлди. Ритмга мослашиб олиш, тонусга киришиб олишимиз керак эди. Шунинг учун ўйинни у қадар муваффақиятли бошлай олмадик.  Жамоа ҳозир 80 фоизга тайёр. Расмий ўйинлар орқали кучайиб борамиз.

— Биринчи ўйинда "Ганновер" нимаси билан ёдда қолди?
— Ўзининг қарши ҳужумлари билан. Ўйиндан аввал Гус Хиддинк ҳам бунга эътибор қаратганди. Рақиб ҳам буни исботлади: қарши ҳужум — жамоанинг энг кучли томони. Уйда эса немислар биринчи рақам остида ҳаракат қилишса керак. Ахир улар гол уришлари керак. Россиядан фарқли равишда Германияда мавсум айни қизғин паллада. Шунинг учун рақибимиз ҳозир яхши формада.

— Жамоа ҳимоявий ўйин қиладими?
— Одатдаги ўйинимизни қиламиз.

— "Анжи" олдига Европа лигасида ғолиб чиқиш вазифаси қўйилганми?
— Буни расман эълон қилишмаган, аммо буни ҳар биримиз қалбан истаймиз.

— Бунга эришишга жамоанинг кучи етадими?
— Жамоамиз яхши футболчилардан ташкил топган. Барча нарсанинг имкони бор. Биз ўз мақсадимиз сари қадамба-қадам интиламиз.

— Чемпионлар лигаси ҳақида ҳам ўйлаяпсизларми? Ахир айнан у жамоанинг кейинги қадами ҳисобланади, менимча.
— Барчамиз чемпионлар лигасида ўйнашни орзу қиламиз. Бунинг учун эса Россия чемпионатида тегишли ўринни эгаллаш керак. Ҳозирча шошилмаймиз. Лекин шахсан мен ушбу мусобақада ўз кучимни синаб кўришни истардим. Энг олий орзуим эса "Камп Ноу"да "Барселона"га қарши ўйнаш. Бу мен учун ҳақиқий эртак бўларди.

— "Анжи" футболчилари икки ҳафта илгари "Эл-классико"ни томоша қилиб келди.
— Бу ўйиндан унутилмас таассурот қолди. Хави ва Иньестанинг тиригини кўриш барибир бошқача. Уларнинг ўзаро ўйини ва тўп билан қандай муомала қилиши ҳайратга солади. Барчасини хотиржам ва ишонч билан амалга оширишади. Деярли тўпни йўқотишмайди. Буни фақат ўрганиш ва ўрганиш керак. Худди спектакл томоша қилгандек бўлдим.

— "Анжи"да янги юлдуз футболчи пайдо бўлди. Виллиан сизда қандай таассурот қолдирди?
— Ўйинчининг маҳорати дарҳол кўзга ташланади. Ишончим комил, Виллианнинг жамоага кўп фойдасига тегади. Айнан у "Ганновер"га қарши уйдаги учрашувдаги биринчи голни уришимизда ёрдам берди. Жуда кучли ўйинчи.

— "Анжи" Ўзбекистонда барчанинг эътиборида клуб десак бўладими?
— Ҳа, бу ҳақиқат. Жамоага ўтганимдан бери Ўзбекистонда "Анжи"нинг ўйинларини кузатиб боришади. Боз устига, биз нафақат Россия чемпионатида пешқадамлар сафида боряпмиз, балки Европа лигасидаги иштирокимизни ҳам давом эттиряпмиз.

— "Анжи"га Ўзбекистоннинг ярми мухлислик қилади дейиш мумкинми?
— Агар футболга қизиқадиган одамлар ичидан ҳисобга оладиган бўлсак, бу кўрсаткич юқорироқ бўлади. Бизда барча "Анжи"га мухлислик қилади. Дўстларим ва танишларим совға олиб келишимни сўрашади. Одатда, футболкаларни.

— Сизнинг фамилиянгиз ёзилган футболкаларними ёки Это'Онинг?
— Кўпроқ менинг фамилиям ёзилган футболкаларни. Роберто Карлос учинчи ўринда. Ҳар сафар юртимга борганимда 20-25 дона футболка олиб бораман.

—Қийинмасми?
— Ҳеч қандай муаммо йўқ. Мухлисларнинг футболка олиши ёқимли эканини биламан. Уларга ижобий кайфият тақдим этаётганимдан хурсандман.

— Это’О, Диарра, Жирков, Буссуфа билан бир жамоада ўйнаётганингиздан фахр туйғуси борми? Боз устига, сиз доимий равишда майдонда тўп суриб келяпсиз.
— Йўқ. Мен ўзим билан фахрланишга одатланмаганман. Мен жамоага ёрдам бераётганимдан қувонишим мумкин холос.

— Яъни, ўзингизни юлдуз деб ҳисобламаймиз.
— Йўқ.

— Ҳаттоки, Ўзбекистонда ҳамми? Менимча, у ерда сизга тинч юришга имкон беришмаса керак?
— Мен ҳамма қатори инсонман. Оддий инсон. Ҳа, барчанинг эътиборида бўлган клубда ўйнаётганимни тушунаман. Мухлислар дастхат олишга интилишади. Фақат шу томонлама қолганлардан ажралиб туришим мумкин... Лекин мен аниқ юлдуз эмасман.

Манба: www.championat.com
Киритилди: 14:29, 19.02.2013.
Ўқилди: 9057 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.