Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

«Шўртан» ошпазлари билан суҳбат

Баҳо:
+ | -

Замонавий футболда тўғри ва ўз вақтида овқатланишнинг ўрни ниҳоятда катта. Биз одатда клуб раҳбарлари, мураббийлар, футболчилар ҳамда жамоа шифокорлари билан турли мавзуларда суҳбатлар уюштирамиз. Аммо бундай ўйлаб қарасак, жамоада футболчиларни ширин таомлар билан таъминлаётган ошпазларни унутиб қўямиз. Шуни ҳисобга олган ҳолда «Шўртан» футбол клубида бир неча йилдан бери ошпазлик билан шуғулланиб келаётган Тўхтаев Илҳом ака билан Узбекова Ноила опани суҳбатга тортдик.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтишимиз мумкин, Илҳом ака 43 ёшда, 23 йиллик иш стажига эга. «Шўртан»да 23 йилдан бери ишлаб келяпти. Ноила опа эса 39 ёшда ва 25 йиллик иш стажига эга.

— Илҳом ака, нега айнан ошпазликни танлагансиз?
— Илҳом Тўхтаев: — Мен ошпазлик соҳасига таваккал кириб келмаганман. Шуни айтишим мумкин, ошпазлик бизнинг қонимизда бор. Ўз вақтида онам ҳам яхши ошпаз бўлганлар. «Шўртан»га келишимдан олдин вилоят ҳокимлигига тегишли асосий меҳмонхонада ишлардим, кейин эса тақдир тақозоси билан «Шўртан»га келиб қолдим ва мана салкам 12 йилдан бери шу жамоада ишлаб келяпман.

— Футболга қизиқиш олдиндан бормиди?
— Йўқ, авваллари ҳеч қизиқмасдим. Аммо клубга келганимдан сўнг ўз-ўзидан футболга қизиб қолдим. Шу-шу бўшвақт бўлди дегунча стадионга бориб футбол томоша қиламан.

— Айтинг-чи, футбол клубида ишлаб, футболга қизиқмаслик мумкинми?
— Бунинг иложи йўқ деб ўйлаймиан. Барибир шу ерда меҳнат қилгандан кейин ўйинларни, сиз тайёрлаб берган таомларни тановул қилаётган футболчиларнинг ҳаракатини майдонда кўргингиз келаверади.

— «Шўртан»га астойдил мухлислик қиласизми ёки учрашувларни шунчаки вақт ўтказиш учун кўрасизми?
— Ўзимни бемалол шу жамоанинг ашаддий ишқибозиман деб айта оламан. Ўйинларни ҳам бекорга кузатмайман, балки астойдил мухлислик қилган ҳолда кўраман.

— Мабодо жамоа ютқазиб қўйса бу ҳол ишингизга таъсир қиладими?
— Ҳа, таъсир қилади. Лекин мағлубият мендан кўра кўпроқ футболчи ва мураббийларга таъсир қилса керак. Чунки шундай бўлиб қолса баъзи ўйинчилар кечки пайт овқатланишга келишмайди.

— Айтайлик, бирор футболчининг ўйини қовушмаса буни ўйиндан кейин ўзига айта оласизми?
— Йўқ. Менинг ишим жамоа шифокори ёзиб берган меню асосида таом тайёрлаш, футболчиларнинг ўйинини муҳокама қилиш эмас. Шундай экан, ким қандай ўйин кўрсатишидан қатъий назар, ҳеч бир футболчининг ёнига бориб сен бугун бошқача ҳаракат қилдинг демайман. Қолаверса, бу одобдан эмас.

— Ҳеч футболчиларнинг овқатдан нолиган ҳолатлари кузатилганми?
— Тўғрисини айтсам, шунча йилдан бери “Шўртан”да ишлаб ҳали бундай норозилик ҳолатига дуч келмаганман. Чунки ҳар доим мазали таом пиширишга ҳаракат қиламан.

— Ноила опа, сиз ҳам футболга қизиқасизми?
Ноила Узбекова: — Ишонасизми, мен нафақат қизиқаман, балки ўйин пайтида жамоамизни чин дилдан қўллаб тураман. Уй учрашувларида ҳатто футболчиларни руҳлантириб турувчи баннерлар тайёрлаб, қўлда кўтариб турган пайтларимиз бўлган. Биз сўз билан айтганда, мен футболнинг ашаддий мухлисиман.

— Бир кунлик иш тартибингиз қандай кўринишда?
Илҳом Тўхтаев: — Жамоа Ғузорда яшаган маҳал кунига 15 соатча ишласак керак. Яъни, эрталаб 6 дан кечқурун 9 гача шу ерда бўлишимизга тўғри келади. Айтсам ишонмассиз, кун давомида футболчилардан ҳам кўп тик оёқда юраман.

— Кафе ёки ресторанда ишлайдиган ошпаз билан футбол клубида фаолият кўрсатаётган ошпазлар ўртасида фарқ борми?
— Фарқи шундаки, кафе ё ресторан ва умуман жамоат жойларидаги ошхоналарда ҳар кунлик меню бўйича бир хил овқат тайёрланади. Футбол клубларида эса ундай эмас. Бизда жамоа мураббийи ёки шифокори ёзиб берган менюга асосан ҳар куни ҳар хил таом пиширишимизга тўғри келади. Бундан ташқари, футболчилар орасида бошқа давлатлардан келган легионерлар борлигини ҳам унутмайлик. Албатта, таом ейиш борасида ҳар кимнинг диди ҳар хил бўлгани учун шунга қараб овқат пиширамиз. Кимдир миллий таомларимизни маза қилиб истеъмол қилса, кимдир европача таомларни хуш кўради. Иложи йўқ, биз ҳар бир футболчининг истагини инобатга олишга мажбурмиз. Фақат «Шўртан» ғалаба қозониб турса бўлгани, зўр овқатларни тайёрлашни бизга қўйиб бераверинг.

— Футболчиларнинг миллий таомимиз бўлмиш ошга муносабати қандай?
— Энди ўзбеклар паловни қанчалик яхши кўришини айтмасам ҳам бўлаверади. Бизда ўйнаб кетган легионерлардан айниқса Патрик Агбо ошни яхши кўрарди. Аммо белорусиялик мураббий Игорь Криушенко унчалик хушламасди.

— Ноила опа, шу ўринда спортчи организми учун энг фойдали таомларни айтиб ўтсангиз.
Ноила Узбекова: — Нонуштага энг фойдалиси творог билан каша ҳисобланади. Тушликка ва кечки овқат маҳал кўпроқ гречка, гуручдан пиширилган таомларни афзал деб биламан.

— Бошқа клубларда ишлаётган ҳамкасбларингизни танийсизми?
Илҳом Тўхтаев: — Йўқ, умуман танимайман. Чунки уларнинг ҳеч бирини кўрмаганман.

— Эшитишимча, олдин жамоа сафарга кетган пайтда ошпазлар ҳам бирга боришган экан.
Илҳом Тўхтаев: — Ҳа, чиндан ҳам 2004-2005 йиллари «Шўртан» билан Тошкентдаги йиғинларга борардик. Геофизикада, шунингдек «Трактор» базасида бир неча кун қолиб жамоа аъзоларига таомлар пишириб берганимизни яхши эслайман. Аммо ҳозирги пайтга келиб ҳамма жойда яхши меҳмонхоналар ва ресторанлар кўпайиб кетди. Шу боис эндиликда бизнинг шаҳарма-шаҳар юришимизга ҳожат қолмади.

— 2001 йилдан бери фақат шу клубда ишлаб келаётган экансиз, демак «Шўртан»ни бошқарган мураббийларни ҳам яхши биласиз. Айтинг-чи, таомлар борасида энг талабчан мураббий ким эди?
— Олдин ишлаб кетганлар орасида Виктор Пасулько футболчининг овқатланишига ниҳоятда жиддий қарарди. Ўйинчилар доим парҳезда бўлишлари учун кўпроқ товуқ гўштидан таомлар тайёрлардик. Умуман олганда, ҳамма мураббийлар ҳам футболчининг ҳолатига жиддий қарашади. Масалан, жамоамизнинг ҳозирги устози Эдгар Гесс футболчиларга ош мумкин эмас дейди, шу боис камдан кам ҳоллардагина палов пиширамиз.

— Ноила опа, тўғри овқатланиш деганда нимани тушуниш керак?
Ноила Узбекова: — Тўғри овқатланиш аввало таомни белгилаб қўйилган режим бўйича истеъмол қилиш деганидир. Кечки овқатни имкон қадар вақтлироқ тановул қилган маъқул деб ўйлайман. Тўғри ва вақтида овқатланган киши доим ўзини тетик ҳис қилиб юради.

— Футбол клубларида ишлаётган ошпазлар учун махсус курслар ташкил қилинишига қандай қарайсиз?
Илҳом Тўхтаев: — Менимча, яхши бўларди. Тошкентда ва Самарқандда ошпазлар учун малака ошириш ўқув-курслари ташкил этиб турилади, аммо айнан спорт соҳасидаги ошпазлар учун бундай курслар ҳақида эшитмаганман.

Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 12:20, 23.02.2013.
Ўқилди: 5942 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.