Кириш Регистрация
01/07 00:00 Испания 4-1 Грузия
01/07 05:00 Ямайка 0-3 Венесуэла
01/07 05:00 Мексика 0-0 Эквадор
01/07 19:30 Нефтчи 0-2 Пахтакор
01/07 21:00 Франция 1-0 Бельгия
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия - Нидерландия
03/07 00:00 Австрия - Туркия
03/07 06:00 Бразилия - Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика - Парагвай

Ўктам Узоқов: «Севимли жамоамиз «Насаф»дан бу йил умидимиз катта!»

Баҳо:
+ | -

Агар сайтимиз орқали танишиб бораётган бўлсангиз, навбат билан воҳа клубларининг мухлислари етакчилари билан суҳбатлар уюштириб бораяпмиз. Навбатдаги суҳбатимиз “Насаф” футбол клуби мухлислари етакчиси – Ўктам Узоқов – «Жонсон» билан бўлди.

— Дарвоқе, Ўктам сизга “Насаф” мухлислари нимага “Жонсон” деб лақаб қўйишган?
— Тўғриси, нимага шундай деб лақаб қўйишганлигини (кулиб) ўзим ҳам билмайман. Ўзимча жамоамиз ташкил бўлган пайтлариданоқ стадионда “жим ўтириб”, томоша қила олмаслигим сабаб бўлгандир. Бундан ҳеч хафа бўлмайман. Майли, агар ҳоҳлашса яна лақаблар қўяверишсин (яна кулади).

— Мана биз мухлислар орзиқиб кутган футбол мавсуми ҳам бошланишига саноқли кунлар қолди, “Насаф” жамоаси мухлисларининг кайфияти қандай?
— Кайфиятимиз аъло даражада, жамоамизда жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Бу мураббийлар штабида ҳам, жамоа таркибида ҳам, айниқса биз кутган воқеа Рўзиқул Бердиевнинг жамоага яна қайтадан бош мураббийликка тайинланиши, бизни жуда хурсанд қилди. Биз мухлислар Рўзиқул Бердиевни “Насаф”га кўп меҳнати синган, содиқ инсон сифатида самимий ҳурмат қиламиз ҳамда у кишига жуда ишонамиз. Бу йилги чемпионатда уларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлаймиз.

— Демак, “Насаф” мухлислар клуби Рўзиқул Бердиев ва унинг шогирдларини ҳар-бир учрашувда қизғин қўллаб-қувватлашади.
— Нафақат мухлислар клуби аъзолари, балки Қашқадарё заминида яшаётган ҳар бир “Насаф” жамоасига бефарқ бўлмаган инсон, бу йилги чемпионатда жамоамизга ўзининг чиройли мухлислиги билан унинг зафарли қадамлари учун яқиндан ёрдам бериши керак деб, ўйлайман. Агар биз ўзимизни “Насаф”га шундай ёрдам бермасак, ким келиб ёрдам беради. Буни биздан жамоамиз ҳам кутиб турибди. Агар уларга ишонч билдириб, чиройли ва ўзимизга хос мухлислик маданияти билан далда бўлсак, улар ҳам бунга жавобан ўзларини кўрсатишади, бунга шубҳам йўқ.

Ўтган йилги натижалар энди тарихда қолди, биз доимо олдинга қараб юришимиз керак. Баъзан, “Насаф” ҳақида бўлмағур гап-сўзларни тарқатаётган мухлисларни ҳам учратиб қоламан. Бунақа гап-сўзлар энди вояга етиб келаётган ёш мухлисларимизни чалғитмоқда, уларга қарата бунақа олди-қочди гапларга ишонманг дейман, агар ОАВлари орқали ёритилаётган шунча хабар ва янгиликлар сизга камлик қилаётган бўлса, марҳамат бизга мурожаат қилинг, ҳар қандай керакли хабарни ўзимиз ҳам берамиз.

— Бу йил ҳам янги мухлисларнинг клубга аъзолиги давом эттириладими?
— Албатта, бизда қанча аъзомиз кўпайса шунча яхши, фурсатдан фойдаланиб яна мурожаат қилишим мумкин, марҳамат ким “Насаф” футбол клуби ишқибозлари сафига қўшилмоқчи бўлса, +998 91 462 21 99 телефон рақами орқали қўнғироқ қилсин ёки “Насаф” Марказий стадионидаги қароргоҳимизга ташриф буюриб, аъзо бўлишсин. Биз ҳар бир аъзомизга мухлислар клубига аъзолигини тасдиқловчи бейжик берамиз. Шунингдек, мамлакатимиз терма жамоаси ўйинларига ҳам чипта харид қилишда кўмаклашамиз.

— Сиз етакчилик қилаётган мухлислар клуби билан раҳбарият ўртасидаги муносабат қандай?
— Клубимиз бош менежери Шамил ака билан муносабатимиз аъло даражада. У киши мухлислар билан ишлаш бўйича қанақа ташаббусимиз бўлса, доимо бизга кўмагини аямайдилар. Масалан, ўтган мавсумда "Насаф" мухлислари томонидан энг яхши ўйинчи аниқланиб, ушбу ўйинчини мухлисларнинг ўзи тақдирлайдиган бўлди, бу ҳали бошқа клубларда бўлгани йўқ. Бу йилги чемпионатимиз давомида ҳам бир қанча тадбирларни мулжалаб турибмиз. Чунки, Шамил ака мухлисларимиз учун қилинадиган ҳар бир янгиликка биринчи бўлиб, ўзлари киришиб кетади. У киши томонидан биз учун яратилаётган барча шароитлар тўғрисида ҳозир батафсил тўхталиб ўтиришни ҳожати йўқ деб, ҳисоблайман. Қисқача айтганда, у киши раҳбарлигида биз учун яратилган шароитлар бошқа клуб мухлисларининг фақат орзуси бўлиб турибди. 

— Мана мавсум бошланиши яқинлаб қолди, одатда ҳамма жойда анъанавий мухлислар йиғилиши ўтказилади, “Насаф” мухлисларининг ҳам шундай йиғилиши ўтказиладими?
— Шунақа йиғилиш ўказиш режамизда бор, ўйлайманки, йиғилиш муддатини шу кунларда эълон қиламиз.

— Агар “Насаф”нинг амалдаги мухлислар клубидан ташқари, масалан, шаҳардаги ўқув юртларида ҳам ишқибозлар клуби ташкил этилса, бунга қандай қарайсиз?
— Бу жуда ажойиб иш бўларди, масалан ҳар бир ўқув юртининг ўз ишқибозлар клуби ташкил этилса, биз улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, қўлимиздан келганча ёрдам ҳам берардик. “Насаф”нинг қанча мухлислари кўпайса шунча хурсанд бўламан. Майли, у ташкилий жиҳатдан қандай кўринишда бўлса ҳам. Учрашув пайтлари стадионда ўйинчиларимизнинг кайфиятини кўтарадиган қанчалик яхши муҳит яратсак, шунчалик ўйинчиларимизда ғалабага бўлган иштиёқ кўпаяди.

— Шахсан ўзингиз “Насаф” жамоаси машғулотларини кузатадингизми, сизнингча, жамоадаги ҳолат қандай? Уларга нисбатан сизда ишонч борми?
— Албатта, иложи борича уларни машғулотларини кузатиб тураман, уларнинг кайфияти, жамоадаги муҳит аъло даражада уларнинг ўзаро бир-бирига муносабати ҳам жуда самимий. Бу яхлит бир жамоа бўлишга муҳим рол ўйнайди. Зеро, футбол — жамоавий ўйиндир. Тўғриси, бундан ўзимни ҳам кайфиятим кўтарилади. Шахсан ўзим жамоамизни юқори натижалар кўрсатишига ишонаман.

— “Насаф” мухлислари клуби етакчиси сифатида бу йилги чемпионатда жамоадан нима кутаяпсиз?
— Тўғриси, шахсан ўзим жамоамиздан янги чемпионатда жуда катта ижобий сюрпризлар кутаяпман! Аввало, биз мухлислар кутаётган ҳужумкор ва шиддатли, чиройли ўйинлар! Ҳар бир учрашувда ижобий натижа кўрсатилишини хоҳлайман! Агар умидимиз рўёбга чиқса, чемпионлик ҳам биз учун узоқ эмас! Келаси йил насиб бўлса, Осиё чемпионлар лигасида қатнашишимизни жуда-жуда истайман!

— Орзуларингиз, тўғрироғи орзуларимиз амалга ошсин! “Насаф” жамоаси фақат юқори натижалар учун курашадиган жамоа. Келинг, янги чемпионатда Рўзиқул Бердиевга ва у киши бошқараётган жамоамиз аъзоларига каттадан-катта муваффақиятлар тилайлик!

Суҳбатни Ренат Эрназаров олиб борди.

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 12:18, 24.02.2013.
Ўқилди: 3829 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.