ОЧЛдан ўрин олган "Пахтакор" ва "Ал-Иттифоқ" жамоалари ўртасидаги ўйиндан олдинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Мурод Исмоилов ва ярим ҳимоячи Станислав Андреев иштирок этишди.
Мурод Исмоилов ("Пахтакор" бош мураббийи):
— Барчани янги мавсум бошланаётгани муносабати билан табриклайман. Ҳозир кўп гапиришдан кўра, иш қиладиган вақт келди. Қандай саволлар бўлса, уларнинг барчасига жавоб беришга тайёрман.
Станислав Андреев ("Пахтакор" клуби ярим ҳимоячиси):
- Эртага янги мавсумни бошлаймиз. Демак, бу биз учун байрам. Олдимизга қўйилган мақсад — эртага майдонга чиқиш ва мухлисларни хурсанд қилиш. Ҳозир ҳамма йигитлар эртанги ўйин ҳақида ўйлашмоқда.
— Жамоа ҳимоясида айрим муаммолар бор. Баъзи футболчилар жамоани тарк этган бўлса, Боян Миладиновичда жароҳат бор. Бу ҳолатдан қандай чиқиб кетишни ўйлаяпсиз?
— Жамоамизнинг захира ўриндиғи ҳамиша ўйинчиларга тўла бўлган. Эртага бошқа йигитлар уларнинг йўқлигини билдиришмайди, деб ўйлайман. Исматуллаев, Козак каби ўйинчилар керакли пайтда ярим ҳимояда ҳам, ҳимояда ҳам ўйнашлари мумкин.
— Барча футболчилар футболни соғинишган. Йигитларда мотивация қай даражада кучли?
— Биринчи навбатда илк расмий ўйинни соғиндик. Йигитларда мотивация учун энг асосий омил шу бўлиши керак. Ундан кейин ОЧЛ - савияли мусобақа. Буни барчамиз яхши ҳис қилиб турамиз. Унда ҳар қандай жамоа ҳам ўйнайвермайди. ОЧЛнинг савиясига матбуот анжуманидаги журналистларнинг иштирокига қараб ҳам баҳо бериш муикин. Машғулотларда астойдил ишлашга ҳаракат қилдик. Бизга ишонган мухлислар ва рағҳбариятнинг ишончини қозонишга ҳаракат қиламиз.
— "Пахтакор" "Ал-Иттифоқ" билан ўзаро ўйинда устунликка эга. Рақиб жамоанинг ҳозирги ўйини қай даражада ўзгарган?
— Ўша ўйин билан ҳозирги ҳолатни солиштирсак, рақиб жамоада интизом кучайган. Улар ниҳоятда интизомли ўйин намойиш қиляпти. Уларнинг шу жиҳати менга ёқди. Бизнинг жамоанинг таркиби эса деярли ўзгариб кетган. Асосий таркибимизни ёшлар ташкил қиляпти. Шунга қарамай, биз ҳам ўсишга эришяпмиз. Ўйин куни жамоалар қандай ҳолатда келиши ғалаба учун энг муҳим омил бўлади. Улар 20та тур ўтказгани, биз эса илк расмий ўйинимизни ўтказаёттганимиз биз учун баҳона бўлмайди. Биз ўйинга тайёрмиз ва эртага мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
— Рақибнинг кучсиз томонлари сифатида нималарни айтишингиз мумкин?
— Рақиб ҳимоясида муаммолар бор. Улар кўп гол ўтказиб юборишади. Қолган жиҳатлар ҳақида аниқ тўхталишни истамайман.
— Сизни ташвишга солаётган ҳолатлар борми?
— Ҳимояда йўқотишлар борлигини айтиб ўтдим. Темурхўжа Абдухолиқов сўнгги машғулотларда жароҳат олди. Қолган масалаларда бор имкониятимиздан келиб чиқиб ўйнашга ҳаракат қиламиз.
— Саудияликлар мураббийи асосий эътиборни Чемпионлар лигасига қаратишини айтиб ўтди. "Пахтакор"нинг бирламчи мақсади қайси?
— Олдимизга раҳбарият ҳар доим миллий чемпионат ва кубокда охиригача бориш ва ОЧЛда иложи борича узоқроққа бориш вазифасини қўяди. Иложи борича, раҳбариятининг вазифасини бажаришга ҳаракат қиламиз.
— "Пахтакор" ҳали расмий ўйинда иштирок этмагани жамоанинг ўйинига салбий таъсир кўрсатмайдими? Бу томонлама сизда қўрқув ва хавотир йўқми?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, биз учун бу баҳона эмас. Йигитлар ўйинга тайёр, бизда ҳеч қандай қўрқув йўқ. Ҳаяжон бўлиши мумкин, ҳаяжон ҳар доим бўлади.
— Бу гуруҳда кейинги босқичга чиқиш учун қайси жамоанинг имкониятини юқори баҳолайсиз?
— Бу гуруҳда ҳар бир жамоа фаворит ҳисобланади. Уларнинг ҳар бирида кейинги босқичга чиқиш ҳаракат қилади.
— Янги қабул қилинган футболчилар жамоага қай даражада ёрдам беришга тайёр?
— Инсон ўзи хоҳлаган нарса ҳар доим ҳам бўлавермайди. Ўзимиз истаган барча футболчиларни қабул қила олмадик. Аммо сафимизга қўшилган футболчилардан умидимиз катта. Александр Мерзляков барча назорат ўйинларида қатнашди. Жора Оганесянда эса клубга мослашиш жараёни бироз қийин кечяпти. Шунга қарамай, ундан умидимиз катта. Улар рақибга етарлича муаммо яратишади. Илдар Маматказин эса Туркиядаги йиғинга жўнаб кетишимиздан олдин касал бўлиб қолганди. Шунинг учун у ҳали тўлиқ формасини тиклаб олгани йўқ.
— Биринчи ўйинни жамоа меҳмонда ўтказган яхшими ёки уйда?
— Мусобақани уйда бошлаган яхши, менимча. Боиси, агар яхши натижага эришсак, кейинги ўйинларда руҳий томондан бизга яхши ёрдам бериши мумкин.
— Илҳом Суюнов ҳозир жамоа билан бирга эмас. Боян Миладинович эса жароҳат олган. Сардорнинг майдондаги ўрни катталигини инобатга олсак, эртага жамоани майдонга қайси футболчи сардор сифатида бошлаб тушади?
— Эртага Кахи Махарадзе жамоани майдонга сардор сифатида майдонга бошлаб тушади.
— "Пахтакор" олдига ОЧЛда конкрет ғалаба қозониш вақти келмадимикан?
— Инсон бир гапни гапиришдан аввал ўзининг ҳолатига бир қараб олгани яхши. Ўз имкониятидан юқори гапни гапириб юборсак, унга жавоб беришимиз керак. Аввал гуруҳдан чиройли чиқиб олиш вазифасини уддаласак, кейин навбатдаги мақсадимиз ҳақида аниқроқ гапиришимиз мумкин.
— "Пахтакор"нинг бир неча нафар футболчилари Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Ҳамдўстлик кубогида мусобақасида ва Туркиядаги йиғинда иштирок этди. Бу ҳолат футболчиларга қай даражада таъсир кўрсатган?
— Ўйин амалиёти нуқта назаридан футбочлиларимизнинг Ҳамдўстлик кубогида иштирок этгани уларга фойда бўлди. Жисмоний томондан эса улар толиққан ҳолда қайтишди. 10-11 кун давомида 5-6та ўйин ўтказиш осон эмас. Футболчилар қайтганидан кейин тезда тикланиш жараёнини ўтказдик. Улар Туркияда биз билан бирга бўлишди ва кейин терма жамоага қўшилишди. Беш нафар футболчимиз куни кеча яна сафимизга етиб келишди. Терма жамоа раҳбарияти билан келишган ҳолда буни амалга оширдик. Уларнинг ҳозирги ҳолати жамоанинг бошқа футболчилари билан бир хил. Эртага улар майдонга тушадиган бўлишса, улар жамоага максимал даражада ёрдам беришади, деган умиддаман.