Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Машъал»нинг мақсади — фақат биринчи ўрин билан қайтиш!

Баҳо:
+ | -

Олий лигани тарк этиб биринчи лигада қатнашиши аниқ бўлган «Машъал» клуби ҳаммаси бошидан бошлашга қарор қилди. Албатта, муборакликлар олий лигага қайтиш учун биринчи рақамли даъвогар саналади. Биламизки, клубда барча ишлар профессионал даражада йўлга қўйилган. Аксарият олий лига жамоалари ҳам «Машъал»га ҳавас билан қарашади. «Газчилар» бўлиб ўтган воқеалардан сўнг тушкунликка тушмасдан олдинга қараб интилишда давом этишмоқда. Клуб бош директори Илҳом Қурбонов билан гаплашганимизда ҳам унинг кайфияти яхшилиги ва олий лигага қайтиш учун астойдил ишлаётгани сезилиб турди.

- Бизнинг режамиз фақат биринчи ўрин билан олий лигага қайтиш, - дейди Илҳом Абдуғаниевич. – Ҳаттоки, иккинчи ўрин ҳам раҳбариятни қониқтирмайди. Истеъдодли ёшлар билан жамоа ўзагини сақлаб қолган ҳолда олий лигага қайтишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу йўлда жиддий ишларни амалга оширяпмиз. Ўйинчиларни танлаб олишда етти ўлчаб бир кесишга ҳаракат қиламиз.

- Бош мураббий Александр Хомяков ўз вазифасида қолди. Унга ишонч билдиришда давом этяпсизларми?
- Жамоамиз биринчи лигадаги ҳамма ўйинларни ютиши керак. Ҳаттоки дуранг ҳам қониқтирмайди. Хомяков билан ўтган йил тугаганидан сўнг гаплашиб, унга мана шундай мақсад қўйилганини айтдик. Ўйлашимизча, у биз ўйлаган режани амалга ошира олади. Боз устига унинг ўзи ҳам «Мен эплайман ва ўзимга ишонаман» деб жавоб берди. Шундан кейин ишни бошлаб юбордик. Дастлабки йиғин 15 декабрдан бошланганди. Шу вақт давомида мураббий футболчиларни диққат билан кузатди. Ўзимизнинг академиядан ҳам бир қатор ўйинчиларни асосий таркибга жалб этган. Ўтган йилги таркибдан айрим футболчиларимиз қолган бўлса, бошқалари ўринбосарлар, академиямиз ва биринчи лиганинг бошқа клубларидан таклиф этилган ўйинчилардир.

- Барча учрашувларни 100 фоизлик натижа билан якунлаш... Мақсад ўта жиддий ва мураккаб-ку!
- Нима бўлишидан қатъий назар, жамоамиз олдига қўйилган вазифани йигитлар бажара олишади. Ўйлайманки, бизда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Улар эса ўзларини кўрсатишни хоҳлашяпти. Қолаверса, қашқадарёлик мухлислар олдида ўзимизни оқлаш учун ҳам бу ўзига хос имконият деб ўйлайман.

- Янги футболчилар билан шартномалар тузилдими?
- Бугунги кунда Зоҳир Қўзибоев, Рустам Аъзамов ва Баҳодир Муртазоев билан шартнома тузганмиз. Қолганлари ҳозирча кўрикдан ўтишмоқда. Дарвоқе, «Гулистон»да тўп сурган ҳужумчи Дилшод Умархонов ҳам бизнинг жамоа билан йиғинларда қатнашяпти. Бу футболчи ҳам аслида тарбияланувчиларимиздан бири саналади. Агар ўзини кўрсата олса, у билан ҳам шартнома тузамиз. Ҳозирча мураббий бошқалар ҳақида хулосасини айтгани йўқ.

- Дилявер Ваниев, Санжар Қувватов каби етакчи футболчиларни жамоада олиб қолиш қийин кечмадими?
- Қувватовни биз билан шартномаси бор эди. Унинг яхши томони шуки, Санжар «Машъал» раҳбарияти нима деса шу бўлади, менинг қаршилигим йўқ деган. Уни «Машъал»нинг содиқ футболчиларидан бири деб биламан. Бундай ўйинчига нисбатан ҳурматим доим баланд. Шунинг учун уни олиб қолдик. Менинг ёрдамим жамоага керакми, унда охиригача «Машъал»да қоламан деди. Дилявер Ваниев эса жамоанинг биринчи лигага тушиб кетишида ўзини айбдор ҳис қиляпти ва клуб олий лигага қайтиши учун бор куч билан ҳаракат қилишини таъкидлади. Шунинг учун Ваниев ҳам клубимизда қолган.

- Ҳамма олий лигада қатнашишни истайди. Лекин «Машъал» биринчи лигада ўйнашга мажбур. Айтинг-чи, ҳозир жамоанинг кайфияти қандай?
- Очиғи, ҳалигача биринчи лигага кўникиш бошқача бўляпти. Яъни, бунга ишонмай турибмиз. Лекин ўтган йилги хатоларимизни жиддий таҳлил қилиб, уларни бошқа қайтармаслик учун мавсумга пухта тайёрланяпмиз.

- Айни пайтда футболчилар билан ҳисоб-китоб ишлари тўлиқ қилинганми?
- Легионерлар бўйича ҳисоб-китоб тўлалигича ёпилган. Бошқа ўйинчилардан эса озгина қарзимиз қолган. Аммо раҳбарият барча ишларни максимум даражада кўриб чиқмоқда. Машғулот ўтказиш, хизмат сафарлари учун ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.

- Клуб номидан ишқибозларга қандай янгилик айта оласиз?
- 2013 йилда мухлисларга сюрприз тайёлаб қўйганмиз. Ғалабалардан ташқари чиройли ўйин кўрсатиб, академиямиз тарбияланувчилари билан олий лигага қайтмоқчимиз.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: www.fcmashal.uz
Киритилди: 09:33, 26.02.2013.
Ўқилди: 3422 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.