Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини «Бунёдкор» ҳам ғалаба билан бошлади. Миржалол Қосимов шогирдлари Хиросимада «Санфречче» уйида ғалаба билан қайтди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалари анча хотиржам кечди. Пишурнинг узоқ масофадан жарима зарбасини амалга оширганини ҳисобга олмаганда, айтарли вазиятлар яратилмади. Илк хавфли вазият ўйиннинг 21-дақиқага келиб содир этилди. Жасур Ҳасанов оширган тўп Пишурдан ўтиб, Блажичга келиб тушди. Бироқ Марконинг зарбасига озгина аниқлик етишмади.
Биринчи бўлим якунига етаётган бир пайтда эса «Бунёдкор» ҳисобни очди. Анвар Ғофуровнинг ажойиб пасини бўйдор ҳужумчи Александр Пишур боши билан дарвозага аниқ йўллади. Биринчи бўлим шу ҳисобда ўз поёнига етди.
Иккинчи бўлимда энди «Санфречче» олдида фақат олдинга бориш вазифаси турарди. Сабаби энди улар ҳисобда ортда боришаётганди. Қосимов тактикасини яхши ўрганган хиросималиклар биринчи бўлимда анча эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишган ва биринчи навбатда рақиб қарши ҳужумларини ўтказиб юбормасликка ҳаркат қилди. Бироқ бўлим сўнггида киритилган гол ўйинни ўзгартириб юборди.
«Санфречче» кўпроқ ҳужум уюштириб турган бўлсада, ҳақиқий хавфли вазиятлар «Бунёдкор»да кўп бўлди. Шундай ҳужумларнинг бири 48-дақиқага келиб содир бўлди. Блажич жуда қулай вазиятга чиқиб борди ва дарвоза томон зарба берганди. Бироқ дарвозабон бу зарбани бартараф этди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Жасур Ҳасанов жуда яқин масофадан аниқ зарба йўллай олмади.
52-дақиқада энди «Санфречче Хиросима»да яхши имконият юзага келди. Мезбонлар вакили Мизумото бурчакдан оширилган тўпни дарвозага боши билан йўллади. Бироқ зарба бироз ноаниқ кўриниш олди.
Кейинги вазиятларда иккала жамоа ҳам алмашиб ҳужумлар уюштириб туришди. Лекин сўнгги зарбалар ё ноаниқ кўриниш ёки бўлмаса, дарвозабонлар яхши ҳаракат қилишди.
85-дақиқага келиб «Бунёдкор» вакиллари ҳисобдаги фарқни яна оширишди. Аниқроқ айтганда Фохил Мусаевнинг индивидуал ҳаракатлари эвазига ҳисоб 2:0га етганди. Майдон марказида рақиб футболчисин хато қилишга мажбур қилган Фозил тўпни эгаллаб олди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Бу вазиятда Фозил ҳужумчиларга хос совуққонлик билан дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди.
Бу натижа ўйин сўнггига қадар ўзгармай қолди. Футболчи сифатида Хиросимадан ғалаба билан қайтган Миржалол Қосимов энди бу мураббий сифатида бу майдондаги ғалабалари сонини давом эттирди.
ОЧЛ. Гуруҳ босқичи. 1-тур.
САНФРЕЧЧЕ - БУНЁДКОР 0:2 (0:1)
Голлар: Александр Пишур (45), Фозил Мусаев (85).
«Санфречче Хиросима»: 1. Шусаке Нишикава, 4. Хироки Мизумото, 5. Казухико Чиба, 6. Тошихиро Аояма, 9. Наоки Ишихара, 10. Йожиро Такахаки (7. Кодзи Морисаки, 68), 11. Хисато Сато, 15. Томотака Окамото (35. Кодзи Накадзима, 79), 16. Саторо Ямагиши (24. Гакуто Ноцуда 76), 20. Хиронори Ишикава, 33. Цукаса Шиотани.
«Бунёдкор»: 1. Игнатий Нестеров, 4. Хайрулла Каримов, 6. Анвар Ғофуров, 7. Марко Блажич (14.Алибобо Раҳматуллаев, 77), 8. Жавлон Иброҳимов, 11. Александр Пишур (17. Камолиддин Мурзоев, 66), 13. Лутфулла Тўраев, 16. Артём Филипосян, 18. Фозил Мусаев, 19. Жасур Ҳасанов (33. Олег Зотеев, 88), 23. Саҳоб Жўраев.
Огоҳлантириш: Артём Филипосян (33)
Бош ҳакам: Муҳаммад Абдулкарим Муҳаммад (БАА)
Қанот ҳакамлари: Солиҳ Муҳаммад Ал Марзуқи, Муҳаммад Жасим Ал Мехайрий (иккиси – БАА).
Захира ҳаками: Ҳамад Аҳмад Ҳошимий (БАА).
Назоратчи: Сун Баожие (Хитой).
Комиссар: Ким Донг Ки (Жанубий Корея).