Осиё чемпионлар лигасининг 1-туридан ўрин олган «Санфречче Хиросима» – «Бунёдкор» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида иштирок этган «қалдирғочлар» устози Миржалол Қосимов ташриф ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Аввалдан кутилганидек, учрашув ўткир ҳужумларга ҳамда курашларга бой ўтди. Ўйиндан олдин юклатилган кўрсатмаларни тўлиқ бажариб, кучли рақибни меҳмонда мағлубиятга учрата олган шогирдларим миннатдорман. Бутун ўйин давомида бевосита стадионда қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга ҳамда она Ватанимиздан туриб бизга руҳий далда бериб турган ишқибозларга ҳам алоҳида миннатдорчилик айтмоқчиман, - деди Қосимов.
— Иккала гол ҳам жамоавий ўйин комбинациясидан сўнг киритилди. Сиз бундай голларни кутганмидингиз?
— Мавсумолди йиғинларида бир неча комбинацияларни машқ қилиб, расмий ўйинларга пухта тайёрлангандик. Айнан қишки йиғинлардаги машғулотларимизда қўлланилган ҳужумлар расмий ўйинда самара берганидан хурсандман.
— «Санфречче Хиросима» жамоаси Сизда қандай таассурот қолдирди?
— Рақибимиз жуда кучли ва катта салоҳиятга эга. Ҳужумчилари жудаям хавфли ўйнашиб, ҳимоячиларимизга етарлича ташвиш туғдиришди. Шубҳам йўқки, бу клуб ҳали турнир давомида нималарга қодир эканлигини амалда исботлайди.
— Бугун уч очко олиб, мавсумни ғалаба билан бошладингиз. Бундай старт билан табриклайман. Жамоанинг кейинги кунлари қандай қараяпсиз?
— Албатта, турнирни ғалаба билан бошлаш жудаям ёқимли. Айниқса, илк ўйинни меҳмонда ўтказган клуб учун. Ҳали олдинда жуда кўп учрашувлар бор. Биз бир жойда қотиб қолмасдан, юксак марралар сари дадил одимлашдан асло тўхтамаймиз.