Суперлиганинг 1-тури доирасида «Металлург»га қарши ўйиндан кейин «Локомотив» катта мураббийи Александр Стоймирович матбуот анжуманида қатнашди.
"Барчага салом. Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин… Аввало дам олиб, кейинчалик кўриб, таҳлил қилиш керак. Ҳозир ёниб турган мия билан бирор нима дейиш ҳам қийин.
Шуни айтишим мумкинки, «Локомотив» янги лойиҳа бошлаган, бу жамоанинг машғулот жараёнларига ҳам, ёшларнинг етишиб чиқишига ҳам тааллуқли. Бугун ҳам ёшларни майдонга туширдик. Учрашувнинг дастлабки ўн беш дақиқалигида ўқув-машғулот йиғинларида шакллантирилган ўйин услубини кўрсата олдик, йиғиннинг сўнгига қадар биз юқори даражага чиқиб келаётгандик.
«Туран» ва «Кубан»га қарши юқори даражада ўйинлар ўтказдик. Сўнгги ўйинда 3та гол ҳам урдик, булар асосан позицион ҳужумлардан кейин киритилди.
«Металлург» бугун яхши ҳаракат қилишини билгандик. Туркияда уларнинг «Жетису» ҳамда «Оренбург»га қарши ўйинларига бордик. Футболчилар шаклланган ўйин услубига эга ва қандай схемада ҳаракат қилишларини яхши билишади. Шунингдек, улар бу ўйинга бир ой давомида тайёрланишди.
Тушунарсиз томони шундаки, биринчи голдан кейин биз ҳимояланишни бошладик. Режамиз ундай эмасди. Олдинга чиқишимиз ва ҳужум қилишимиз керак эди. Чунки ҳимояда ётиш учун баҳонамиз бўлмаганди. «Металлург» узун паслари ва ҳаводаги тўп учун курашларда бизга катта муаммолар келтиришини билгандик. Чунки биз кичик паслар орқали ўйнаймиз. Рақиблар бугун майдон марказида биздан кучли кўринишди. Буларнинг барчасини билгандик. Шунда ҳам ортда қолиш учун сабабимиз йўқ эди. Шундай бўлиб қолди. Бундай пайтда йигитларнинг ўзи ўйин давомида барчасини таҳлил қилиши ва ўйинни тўғри ташкил қилаётганини тушуниб туриши керак. Лекин биз ўзимиз истаган ўйин услубимизгача етиб бора олмадик, биз ўйин давомида кўп пас ўйнай олмадик, позицион ҳужумлар уюштира олмадик. Шу орқали иккинчи қаватдаги тўп учун курашлар кўпайди. «Металлург» билан руҳий ўйин бўлишини ҳам тушуниб тургандик ва бугунги ўйинга руҳан тайёр эмасдик. Ўтказиб юборган голларимизда ҳам қўпол хатолар қилдик.
«Металлург»ни, ҳамкасбим Вескони 1 очко билан табриклайман. Унинг жамоаси яхши, жамоасини ўйинга яхши тайёрлабди. Ўйинни тахлил қиламиз, барчасини кўриб чиқамиз ва фақатгина олдинга ҳаракат қиламиз. «Олимпик»ка қарши ўйинга тайёргарликни бошлаймиз", — деди Александр Стоймирович.