Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U20) бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб қайтганидан кейин ЎФФ матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, ёшларимиз Туркияда дастлабки ўйинни Туланинг "Арсенал" клубига қарши ўтказди. Бу ўйинда россияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Орадан 2 кун ўтиб Мусаев шогирдлари Туркия ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 2:5 ҳисобида имкониятни бой беришди. 23 ва 25 февраль кунлари эса вакилларимиз Россиянинг "Спартак" (1:2) ва "Краснодар" (2:0) клуби ёшларига қарши баҳс олиб боришди.
"Йиғиннинг ўзи менда яхши таассурот қолдирди" - дейди Аҳмаджон Мусаев. "Биз яхши савиядаги 4та жамоа билан ўйнадик. Шубҳасиз, бу футболчиларга фойда берди. Масалан, Туланинг "Арсенал" клубига қарши ўйинни олиб қарайдиган бўлсак, рақибимиз жуда тажрибали ва барқарор экан. Ҳозирги пайтда Дмитрий Аленичев бошчилигидаги жамоа Россия иккинчи дивизионида 1-ўринда бормоқда . Иккинчи ўйинимиз Туркия ёшлар терма жамоасига қарши кечди. Майдон эгалари ўйинни фаол бошлашди ва 2-дақиқадаёқ улар дарвозабонимизнинг қўпол хатосидан сўнг ҳисобни очишди. Тезкор гол бизни шошириб қўйди ва 11-дақиқага келиб 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраётгандик. Секин-секин ўйинни тенглаштириб бориб, турклар дарвозасига 2та гол урдик. Лекин ўйин сўнгида ЖЧ мезбонлари дарвозамизга яна 2та гол уришди".
"Қолган 2та ўйин ҳам Россиянинг 2та яхши жамоасига қарши кечди. Шунинг учун ҳам ушбу йиғиндан қониқиш ҳосил қилдим, деб айтиб ўтдим. Кўпгина футболчиларнинг ҳаракатлари эса мени ўйга толдирди. Биринчи навбатда биз ҳимоя чизиғимизни мустаҳкамлашимиз лозим. Бизнинг энг кучсиз жойимиз ҳимоя чизиғи эканини ўйинлар кўрсатиб берди. Бир қатор етакчи футболчилар эса ўз имкониятларидан паст ҳаракат қилишгани ҳам мени ҳайрон қолдирди. Шунга қарамай, руҳан таслим бўлмоқчи эмасмиз. ЖЧгача оз вақт қолмоқда. Бу вақт ичида ўйинмиздаги камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз, дейди Аҳмаджон Мусаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U20) Жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этади. Ушбу мусобақа 21 июнь - 13 июль кунлари Туркияда бўлиб ўтади.