Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Навбаҳор» бу йил камида олтиликка киришни ўйлаяпти

Баҳо:
+ | -

Наманган аҳли футболни жуда севиб ардоқлайди. Ушбу вилоят Ўзбек футболида аълоҳида ўринга эга десак муболаға бўлмайди. Футболимизга кўплаб таниқли шахсларни тарбиялаб берган, “Навбаҳор”нинг охирги йилларда кўрсатаётган натижалари мақтагулик даражада эмас. Клубда охирги йилларда раҳбарият ва мураббийлар штабининг худди қўлқопдек алмашиши натижага салбий тасирини ўтказмасдан қолмаяпти. Боз устига ҳар йили мухлислар эндигини жамоа ўйини шаклланаётганига ишонишаётганида, асосий таркибнинг янгиланавериши ҳам, бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу йил ҳам жамоада катта ўзгаришлар юз берди. Мухлисларни жамоада юз бераётган ўзгаришлар доимо қизиқтиради.

ЯНГИ МАВСУМГА ЯНГИ РАҲБАРИЯТ БИЛАН
Бу йил маҳаллий мухлисларнинг жамоадан умиди катта. Бунга уларнинг кўпчилиги клубга Расулжон Низомбоевнинг қайтганлигини асос сифатида кўрсатишмоқда. Илгари ҳам клуб раҳбариятида ишлаб, қониқарли натижа қайд этган Низомбоев эндиликда “Навбаҳор” вице-президенти сифатида фаолият кўрсатадиган бўлди. Ишбилармонлик борасида кўпчиликни эътиборини тортган Расулжон Низомбоевдан наманганлик мухлислар, жамоанинг аввалги қаддини тиклашига умид қилишмоқда. Шунингдек бир неча йиллардан буён клуб тизимида ишлаб келаётган Ғанишер Исмоилов ижрочи директор лавозимида иш бошлади. Ундан ташқари Толиб Абдуллаев ҳам жамоага қайтди. Ўз вақтида “Навбаҳор” ва “Андижон”да турли хил лавозимларда ишлаган Абдуллаев жамоа бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳаммаси эмас. Бунгача жамоа шифокори бўлиб ишлаб келган Баҳодир Абдуғаниев “Локомотив”га ўтиб кетгани боис, унинг ўрнига ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан буён “Буёндкор” ёшлар жамоасида шифокорлик қилиб келаётган Мақсуд Назаров олиб келинди. Мухлислар яхши билишса керак, Назаров илгари “Машъал” ва “Насаф” клубларида ҳам фаолият кўрсатган. Кўрамиз, клуб раҳбариятида қилинган ўзгаришлар мавсум мобайнида қандай самара келтирар экан.

Дарвоқе, чемпионат бошланишига ҳеч қанча вақт қолмагани сабабли клуб раҳбарларининг ўзига яраша ташвишлари кўпайиб кетганига учун уларнинг бирортаси билан ҳам суҳбат қуришни имкони топилмади. Исмоилов шартномалар билан шуғулланаётган бўлса, Низомбоев стадион ва шунга ўхшаш ташкилий ишлар билан юрганига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун уларни безовта қилмадикда, вақти тиғиз эканлигини тўғри тушундик.

“НАВБАҲОР” ЁШЛАР ЖАМОАСИ “КОСОНСОЙ”ГА МАҒЛУБ БЎЛДИ
“Навбаҳор” клуби қароргоҳи шаҳардаги “Марказий” стадион ичида жойлашганини қўпчилик яхши билса керак. Айни пайтда стадионда қурилиш ишлари кетаётгани сабабли 5-кичик даҳада жойлашган, “Навбаҳор-Умид” футбол мактабининг биноси клуб офиси сифатида вақтинчалик фойдаланиб турилибди. У ерда сунъий қопламали майдон барпо этилгани боис “Навбаҳор” ёшлар жамоаси асосан ўша стадионда машғулот ўтказади. Шанба куни футбол мактабига борганимизда “Навбаҳор” ёшлар жамоаси биринчи лига иштирокчиси “Косонсой” билан назорат учрашувини ўтказаётганига гувоҳ бўлдик. Кескин курашларга бой ва томошабоп руҳда кечган ўйин, косонсойликларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

АСҚАРАЛИЕВ ИНТЕРВЬЮ БЕРИШНИ ИСТАМАДИ
Табиийки, ҳар бир клубнинг бош мураббийларининг мавсумолди фикрлари жамоа мухлисларини қизиқтиради. Йил бошида раҳбариятда катта ўзгаришлар юз берганидан сўнг, мураббийлар штабига наманганлик таниқли мураббий Усмон Асқаралиев ҳам қайтди. Очиғини айтиш керак, янги мавсумга “Навбаҳор” футболчилари Асқаралиев бошчилигида тайёргарлик кўришмоқда. Бизга айтишларича, Усмон Аҳмедовичда расман бош мураббий бўлиб ишлаш учун керакли лицензия йўқ. Шунинг учун қоғозда Мустафо Байрамов бош мураббий ролида гавдаланмоқда. Байрамов бу борада охирги йилларда туркманистонлик мураббий - Клименкога ҳам “ёрдам” бериб келаётганди. Мустафо Байрамовда “А” лицензияси борлиги, табиийки унга қўл келмоқда. Чунки жамоага қайси мураббий келишидан қатъий назар, Байрамов клубда ўз ишини давом эттириб келмоқда. Фарқи шуки, ё бош мураббий, ёки ёрдамчи мураббий сифатида. Муҳими мураббий ҳар қандай холатда ҳам жамоа билан бирга.

Газетамизнинг ҳар бир сонида олий лига клубларининг бош мураббийлари билан уюштирилган суҳбатларни бериб бормоқдамиз. “Навбаҳор” мухлислари ҳам гарчи жамоада расмий бош мураббий Мустафо Байрамов саналсада, Усмон Асқаралиевнинг мавсумолди фикрлари ва клубдаги ўзгаришлар тўғрисида фикрларини билишга қизиқади. Чунки, амалда Усмон Аҳмедович натижага жавобгар шахс саналади. Шу боис “лочинлар”нинг Тошкентдаги йиғини якунланиб бораётганида Усмон акага қўнғироқ қилиб мақсадимизни айтдик. Аввалига мураббий клуб вице-президентининг рухсатисиз интервью бера олмаслигини айтди. Кейин Расулжон Низомбоевдан бу борада рухсат олганимиздан сўнг, яна Асқаралиев билан боғландик. Шунда у киши саволларимизга масофадан туриб жавоб бера олмаслигини, яхшиси бунинг учун Наманганда кўришиб, суҳбатлашишимиз мумкин эканлигини билдирди. Таклиф маъқул келди ва Наманганга бордик, дастлаб, клуб вице-президенти билан аълоқага чиқдик. Низомбоев бизни футбол мактабига боришимизни, у ерда Асқаралиев билан кўришишимиз мумкинлигини, ўзини эса вилоятга ҳокимлигига йиғилишга бориши зарурлигини айтиб узрини айтди. Футбол мактабига кириб борар эканмиз, кутилганидек Усмон ака ўша ерда, “Навбаҳор” ёшлари ва “Косонсой” ўртасидаги баҳсни четдан туриб кузатаётгани устидан чиқдик. Шундан сўнг олдиларига бориб, бироз салом-аликдан сўнг, мақсадимизни айтсак, кутилмаганда интервью беришдан бош тортди.

— Яқинда телевидениедан ҳам журналистлар келишганида интервью беришни рад этдим. Қандай саволларингиз бўлса, марҳамат, Мустафо Байрамовга мурожаат қилишингиз мумкин. Мен унга айтаман, бу борада сизга батафсил жавоб беради. Бош мураббий ҳам айнан у киши саналади, — дея ўз фикрида қатъий турди. Шундан сўнг, футбол мухлислар учун. Наҳотки, мураббий ишқибозларни қизиқтираётган саволларга жавоб бермаса дея у кишини бу борада зўрламадик.

ИККИНЧИ ДАВРАДАН БОШЛАБ “МАРКАЗИЙ” СТАДИОНДА ЎЙНАШГА УМИД ҚИЛИНМОҚДА
Хабарингиз бўлса керак, Намангандаги “Марказий” стадионни ўтган йили қайтадан таъмирлаш учун ишчи ходимларга топширилганди. Айтишларича, ҳамон стадионда қурилиш ишлари кетмоқда. Шу боис кўпчилик мухлисларни “Навбаҳор”нинг жорий мавсум қайси стадионда ўйнаши қизиқтирмоқда. Бу борада клуб расмийлари билан суҳбатлашганимизда, биринчи даврани Косонсойдаги стадионда ўтказишини маълум қилишди. Айни дамда у ерда ҳам таъмирлаш ишлари жадал суръатда кетмоқда. Яқинда ПФЛдан келган ходимлар ҳам Косонсойдаги стадионнинг ҳолатини қониқарли баҳолаган кўринади. Боиси “Навбаҳор” вакиллари бу йил биринчи даврада рақибларини Косонсойда қабул қилишига тўлиқ ишонишмоқда.

Маълумотларга қараганда, шаҳардаги “Марказий” стадионда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Лекин шуниси аниқки, стадион сиғими 20 минг томошабинга мўлжалланмоқда. Айтишларича, база ҳам стадионнинг ўзида замонавий тарзда қурилмоқда. Режага кўра стадион Наврўз байрамига тўлиқ тайёр ҳолатда бўлиши керак. Лекин катта эҳтимол билан стадион иккинчи даврага тўлиқ тайёр ҳолатда бўлади.

Мустафо Байрамов билан уюштирилган суҳбатни кейинрок эътиборингизга ҳавола этамиз!

Исломбек РУСТАМОВ тайёрлади.

Манба: www.lochinlar.uz
Киритилди: 09:25, 03.03.2013.
Ўқилди: 4401 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.