Энтони Жошуа проф бокс бўйича Фрэнсис Нганнуга дарс берди.
Ҳамма ўз йўналишида иштирок этгани яхши. Бу ҳақда кўпинча ёзганман. Фрэнсис Нганну аввалроқ Тайсон Фьюри билан бокс тушиб, очколар бўйича ютқазсада, муносиб жанг кўрсатиб, яхшигина пул ишлаб, доим шундай бўлади деб ўйлади. Фьюри у жангга жиддий қарамаган деб ҳисоблайман.
Аммо Энтони Жошуа учун бу нафақат 20 миллион долларлик жанг, балки яна ўзига бўлган ишончни тиклаш учун имконият эди. Жошуа жиддий ёндошув билан чиқди ва Нганнуни шунчаки йўқ қилди. Биринчи раунднинг ўзида Фрэнсис тўғридан зарба қабул қилиб йиқилди. Тикланди. Иккинчи раунд якунида яна зарба қабул қилиб, нокдаунга тушди. Рефери санагунча яна ўрнидан кўтарилди. Шу энг катта хатоси бўлди. Жошуа ўнг қўл билан рақибини чуқур уйқуга кетқазди, Нагунну тахланиб йиқилди. Анча вақт ўтгач шифокорлар уни оёққа турғазишди.
Пул деб UFC дан кетган Нганну, пул деб бокс тушиб кўрди. Пул ишлади. Эвазига ҳаётидаги энг қахшатқич мағлубиятга учради. Энди ММАга қайтиши ҳам чўзилса керак.
Даврон Файзиев