Opta портали дунёдаги барча жамоаларнинг ўртача кўрсаткичлари ҳамда топ-клублар даражасига асосланган энг кучли футбол лигалари рейтингини янгилади. Унга кўра, Англия Премьер Лигаси пешқадамликни сақлаб қолган бўлса, Ўзбекистон Суперлигаси юзталикдан чиқиб кетган.
Рейтингга кўра, жаҳоннинг энг кучли лигалари ўнлигидан Европанинг “кучли бешлик” чемпионатлари жой олган. Аммо эътиборли томони шундаки, рейтингнинг юқори ўнлигига Бразилия ва Аргентина чемпионатлари, шунингдек, Англиянинг иккинчи даражали дивизиони ҳисобланган Чемпионшип ҳам киритилган.
Жаҳоннинг энг кучли 10 та лигаси:
1. Англия Премьер Лигаси — 92,3 балл (ўрни ўзгармади)
2. Испания Ла Лигаси — 86,9 балл (+1 поғона)
3. Германия Бундеслигаси — 86,7 балл (+1 поғона)
4. Италия А Серияси — 86,6 балл (-2 поғона)
5. Франция Лига 1 — 86,0 балл (ўзгармади)
6. Бразилия А Серияси — 84,8 балл (ўзгармади)
7. Аргентина Профессионал Лигаси — 83,3 балл (+2 поғона)
8. Бельгия Юпилер Про Лигаси — 82,7 балл (ўзгармади)
9. Португалия Примейра Лигаси — 82,1 балл (+1 поғона)
10. Англия Чемпионшипи — 82,0 балл (-3 поғона)
Рейтингда Ўзбекистон Суперлигаси аввалги натижасидан 8 поғонага пастлаб, 68,6 умумий балл билан жаҳонда 105-ўринга жойлашди. Марказий Осиёдаги бошқа чемпионатлардан Қозоғистон Премьер Лигаси 3 поғона юқорилаб, 74-ўринни (70,9 балл) банд этган.
Осиё минтақаси миқёсида олиб қаралганда, Япониянинг Ж-1 Лигаси яққол пешқадам ҳисобланади. Ушбу лига жаҳон рейтингида 14-ўринни (80,1 балл) эгаллаб турибди.
Осиё минтақасининг энг кучли кучли 3 та лигаси:
14-ўрин. Япония J-1 Лигаси — 80,1 балл
31-ўрин. Жанубий Корея K-Лигаси 1 — 78,6 балл
42-ўрин. Саудия Арабистони Пролигаси — 75,6 балл
Маълумот учун, таҳлилчилар лигалар даражасини белгилашда рақобатбардошлик ва ўйинларнинг умумий сифатини баҳолаган.













