Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Яхши клублардаги яхши матбуот котиблари

Баҳо:
+ | -

Яхши лига яхши клублар дегани. Яхши клуб Ўзбекистон шароитида яхши маркетинг ва яхши матбуот хизмати дегани. Айниқса, бизда футбол ўйналаётган шу кунларда.

Регламентга кўра, Олий ва Биринчи лига клублари мусобақаларида иштирок этадиган клубларнинг матбуот хизмати ва расмий веб сайти бўлиши шарт қилиб белгилаб қўйилган. (Футбол бўйича ярим профессионал ёки ҳаваскор бўлмаган футбол клублари ўртасидаги 2013 йилги мусобақалар регламенти, 10-бет, 3.12 банд )

2013 йилдан эътиборан Олий лига клублари матбуот хизматига янги мажбурият юкланди. Ҳар бир тур учрашувларидан кейин мезбон жамоа матбуот котиби Профессионал Футбол Лигаси (кейинги ўринларда ПФЛ)га инпектор тўлдирган учрашув қайдномасини жўнатиши керак.

Ўйин тугайди. Ҳакамлар ва инспектор учрашув қайдномасини стадионда уларга ажратилган хонада тўлдиради. Мезбон жамоа матбуот котиби ёки унинг ёрдамчиси инспектордан қайдноманинг нусхасини олади. Айнан шу қайднома асосида ПФЛ матбуот хизматининг ҳисоботини тўлдиради. Тўлдириб бўлинган ҳисобот, инспектордан олинган қайднома (скан қилинган вариантда .jpeg ёки .pdf кўринишида бўлиши мумкин) ва 4 та фотосурат (шулардан иккитаси икки клуб бош мураббийининг йирик пландаги расми бўлиши керак) ни media@the-uff.com га юборади. Шу билан бир вақтда топшириқ ўйин тугаганидан кейин 1 соат ичида қилиниши кераклиги ҳам ёддан кўтарилмаслиги муҳим. Буни кейинроқ “Бунёдкор” мисолида изоҳлашга уриниб кўрамиз.

ПФЛ матбуот хизмати чемпионати бошланиши олдидан ушбу ҳисоботларни тўлдириш бўйича клублар матбуот котибларини Тошкентга таклиф қилди. Пойтахтда кенгашиб олиш билан бирга клуб матбуот котиблари шу кунларда ўз фаолиятини янгиётган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг (ЎФФ) Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) билан ишлаш қўмитаси вакилллари билан ҳам юз кўришишлари режалаштирилган эди. Тан оламан, айрим клубларнинг матбуот котибларини ҳаётда кўрмаганман.

Ҳар бир клубнинг электрон почтасига таклифнома жўнатилганига қарамай, фақат “Локомотив”, “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Шўртан”, “Олмалиқ”, “Қизилқум” ва “Гулистон” жамоалари матбуот котиблари келди. “Насаф” ва “Динамо” жамоаси матбуот котиблари шахсан менга қўнғироқ қилиб, йиғилишда иштирок эта олмасликларини айтиб узр сўрашди. “Металлург”, “Сўғдиёна”, “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва “Бухоро” клубларидан ҳеч ким келмади. Ҳеч ким қўнғироқ ҳам қилмади.

1-турдан кейин ҳисобот топшириш даражаси ҳам шунга яраша бўлди. Олий лиганинг 1-турида “Металлург” ўз майдонида “Шўртан” билан ўйнади. 1-тур 3 кунга бўлинган ва Бекободдаги ўйин 2 март, яъни турнинг биринчи кунида ўтказилди. Матбуот котиблари йиғилишини эътиборга олмаган клуб раҳбариятидан буни кутиш мумкин эди. Аммо, биз барибир ҳисоботни кутдик.

Худди, “Насаф” футбол клубининг ҳисоботини кутганимиз каби. Демоқчиманки, узрли сабаб билан матбуот котибларига мажлисига келолмаган “Насаф” ҳисоботни жўнатишини хавотир билан кутдик. Лекин, клуб матбуот котиби ўз вақтида ҳисоботни юборди. Тўғри, мукаммал ҳисобот бўлиши учун яна озгина вақт керак. Аммо, “Насаф” ЎФФ ва ПФЛ томонидан юборилган расмий хатга профессионал муносабатда бўлди.

Худди, “Пахтакор”, “Локомотив”, “Қизилқум” ва “Нефтчи” жамоалари каби. “Нефтчи” матбуот котиби Тошкентдаги йиғилишга келолмаган бўлса ҳам ўзига юклатилган вазифани бажарди. Бироз камчиликлари бор, аммо бу вақт ўтгани сайин изига тушади. Клуб матбуот хизмати билан тез-тез гаплашиб турибмиз ва муҳими “Нефтчи” матбуот хизматида интилиш уйғонган. Масалан, жамоанинг сўнгги вақтларда барқарорлик етишмайдиган веб сайти ҳам мунтазам янгиланиш режимига ўтди.

Мени жуда хафа қилган жиҳатлардан бири “Бунёдкор” клуби матбуот хизматининг ҳисоботни кечикиб жўнатгани бўлди. Клуб матбуот хизмати ҳисоботни жўнатиш мажбурий ва у 1 соат ичида юборилиши лозимлигини ҳам биларди. Лекин, ҳисобот барча клублар жўнатган марказлашган почтага келмаган. Тартиб бўйича ҳисобот расман юборилмаган. Кейинчалик маълум бўлишича, “Бунёдкор”нинг ҳисоботи ПФЛ матбуот хизмати ходимининг шахсий почтасига келиб тушган. Бугун 00:21да жўнатилган ушбу ҳисобот фақат расмиятчилик учунгина архивни тўлдирди, холос. Клуб матбуот хизмати бу кечикишни изоҳламаган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 7 та клуб орасида фақат “Металлург” ҳисобот жўнатмади. “Бунёдкор” эса, ҳисоботни бошқа почтага, жуда кеч жўнатди.

Бошланиши бўлганлиги учун бу борада камчиликлар бўлиши мумкин. Ҳозирча, биз бу муаммоларни бартараф этиш учун клубдаги ҳамкасбларимиз билан бирга ишлаймиз, ёрдам берамиз. Кейинчалик, ушбу тизимни яхши тушуниб олгач, улар бизга ёрдам беришади. Лига нуфузининг кўтарилиши клубларнинг савияси ва фаолиятига боғлиқ.

ПФЛ сайти Олий лига ўйинларининг ҳисобларни кўриш маркази. Бу ерда доимий равишда клубларга оид расмий янгилик, учрашув қайдномалари бўлиши керак. Зеро, ишқибозлар бугун уни томоша қилишдан кўра (аслида трансляция йўқ дегулик даражада оз), футбол ҳақида ўқишни кўпроқ афзал кўришмоқда. Айниқса, ёшлар.

Биз бошлаган иш қийин эмас. Бунинг учун нари борса бир соатга яхши интернет ва битта фотоаппаратнинг ўзи кифоя. Фалон маош билан катта футболчиларнинг кўнглига йўл топа олган клуб бу ишнинг қаловини ҳам осон топади.

Замонавий офис, замон ҳамнафас фуқарода доимий интернет бор. Ҳатто, интернетга мубталолик синдроми ҳам юзага келган даврда яшаяпмиз. Интернет авваллари бўлгани каби қиммат ҳам эмас. Сифат алоҳида диссертация ёзишни талаб қилса ҳам, бугун ҳар қандай ташкилот фаолиятини интернет асосига қурса, шароит тахт. Симлиси ҳам, симсизи ҳам бугун ҳамма ерда бор. Ҳозиргина буғдой ўрилган далада ҳам, пойтахт Тошкентда ҳам. Шу жумладан, Бекободда ҳам.

Манба: sanjarrizayev.blogi.uz
Киритилди: 16:34, 05.03.2013.
Ўқилди: 4459 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.