Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

АПЛнинг фитначи футболчиси

Баҳо:
+ | -

«Брентфорд» ҳужумчиси Ниль Мопе - АПЛдаги энг нопок ўйинчилардан бири, балки энг ёмонидир.

Доимо у қандайдир можарога сабабчи бўлади. жумладан, охирги ўйинларда у болаларга хос қилиқларни намойиш этди. Хўш, ҳужумчи қандай «кароматларни кўрсатди?

22-турдаги «Тоттенхэм»га қарши баҳсда (2:3) ҳисобни очган Ниль голни рақиб ўйинчисининг услубида нишонлади. Яъни, қўли билан найза улоқтираётгандек ҳаракат қилди - «тақачилар» ярим ҳимоячиси Жеймс Мэддисон ўз голларини шундай нишонлайди. Қўшимчасига, Мопе Мэддисон тўқнашув уюштириб, орани очиқ қилишга киришди.

«Эҳтимол, сен сўнгги йилларда ўз услубингни яратиш учун етарли гол ура олмай, менинг усулимдан нусха кўчирган кўринасан», - деди Жеймс ўйин ниҳоясига етганидан кейин. Ниль эса ижтимоий тармоқлар орқали жавоб йўллади: «Афсуски, биз ғалаба қозона олмадик. Менинг фаолиятимдаги голлар Мэддисонникидан кўпроқ, қуйи лига тушиш кетишлар эса, камроқ». Бу билан Мопе Мэддисоннинг 2022/23 йиллар мавсумида «Лестер» билан АПЛни тарк этганига шаъма қилганди. Ҳа, Ниль ўз фаолиятида 100та гол урган, Жеймс эса 81та. Лекин франциялик футболчи ҳужум чизиғида, инглиз эса марказда тўп суришини ҳам инобатга олиш лозим.

Ниль фақат Мэддисонга тегажоғлик қилиш билан чекланиб қолгани йўқ. Кристиан Ромеронинг жиззаки табиатидан хабардор бўлган ҳужумчи онгли равишда рақибини туртиб кетди. Кейин Деян Кулушевскига нисбатан қўполлик ишлатиб, сариқ карточка олди. Танаффусга чиқиш пайтида эса у билан гаплашиб олмоқчи бўлган жабрдийда рақибларидан қочиб, кийиниш хонасидан чиқмади.

Иккинчи бўлимда «Тоттенхэм» 3та гол ургач, Мопенинг ранги ўчиб кетди. Бреннан Жонсон ва Ришарлисон эса ўз голларини айнан Мэддисон услубида байрам қилиш билан Нилга «оташин салом» йўлладилар. Кейин француз қитмирлик билан рақибларини қўполлик ишлатишга мажбур қилмоқчи бўлди. Лекин уринишлари натижа бермади

Кейинги турда Мопе «Манчестер Сити» ҳимоячиси Кайл Уолкернинг жиғига тегиб, «томоша» кўрсатишга уриниб кўрди. Хабарларга кўра, учрашувнинг 82, дақиқасида Ниль рақиб футболчисининг оиласини ҳақорат қилганлиги лаб ҳаракатларини «Ўқий оладиган» мутахассислар томонидан аниқланган. Уолкер эса учрашув ҳакамига мурожаат қилган: «Мен уни нокаутга учратмоқчиман. Чунки у менинг болаларимни ҳақорат қилди. Боз устига, 1 марта эмас, кейин яна такрорлади».

«Мен бундай қилмаганман. У туҳмат қилмоқда, ҳаммаси ёлғон. Мен рост гапиряпман», шу сўзлар билан Ниль яна сувдан қуруқ чиқди.

Бироқ бу Нилнинг Англиядаги фаолиятида юз берган ягона воқеа эмас.

Мопе «Арсенал»  посбонини сафдан  чиқарди

2020 йилда Мопе билан тўқнашувдан кейин «Арсенал» дарвозабони Бернд Лено жароҳат олди. Баҳснинг 40-дақиқасида «Брайтон» сафида тўп сураётган ҳужумчи тўпни илиб олиш учун чиққан посбон билан тўқнашгач, Лено ноқулай тарзда йиқилди. Тўқнашув жиддий тус олмаган бўлсада, унинг оёғи қайрилиб қолганди. Шифокорлар ёрдами наф бермагач, Бернд майдонни замбилда тарк этди. кетар чоғида Ленонинг Мопега нималардир қичқириши 2011 йилдаги Акинфеев - Веллитон воқеасини эслатди.

Қизиғи, ўша ўйин «Брайтон»нинг ғалабаси (2:1) билан тугади, ғалаба голини эса қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида айнан Мопе урганди. Баҳс ниҳоясига етгач, «Арсенал» ярим ҳимоячиси Маттео Гендузи Мопенинг бўйнидан бўғиб олди.

«Мен ҳужумчиман ва доимо охиригача бораман. Бу унга жароҳат етказиш ниятида эканлигимни англатмайди. Танаффусда «Арсенал» мураббийларидан узр сўрадим. Артета лавҳани кўрганлигини, мен қўполлик ишлатмаганимни айтди. Ленога тезроқ соғайиб кетишини тилайман. Айрим ўйинчиларга эса мағлубиятни тан олишни тилайман. Гендузи шаънимга ёмон гапларни айтди. Уларни ошкор этсам, Францияда у муаммоларга дуч келади», - деди Мопе ўйиндан кейин.

Кейинчалик Лено 2020/21 йиллар мавсумида асосий таркибга қайтди. Бироқ тез орада захирадан жой олди. 2022 йилдан бери «Фулхэм»да тўп сурмоқда.

Мопенинг ўзи ҳам  фитначига дуч келган

Декабрь ойининг ўрталарида Ниль таниқли провокатор сифатида танилган «Астон Вилла» дарвозабони Эмилиа­но Мартинес билан жанжаллашиб қолди. Аввалига ҳужумчи посбон билан тўқнашиб кетди, кейин рақиби уни туртиб, газонга йиқитди. Мартинес уни турғазиб қўймоқчи бўлганида, жанжал янада авжига чиқди.

Қизиғи, Мартинес «Арсенал» таркибига 2020 йилда, Бернд Ленонинг жароҳатидан кейин келганди. Энди унинг ўзи Нилнинг «маҳоратини» амалда синаб кўрди.

Энди навбат Заханинг услубига

2021 йил сентябрида Мопе «Брайтон» сафида «Кристал Пэлас» дарвозасини забт этиб, голни рақиб жамоа ҳужумчиси Уилфрид Заха каби қўлларини қулоқларига қўйиш билан нишонлади. Оқибатда, касбдошлар ўртасида можаро рўй берди. Ўйиндан кейин Ниль воқеага изоҳ берди: «Мухлисларсиз ва ўйинчиларнинг ўзаро муносабатларисиз ўтган футбол баҳси - ҳеч нарса. Майдондаги вазият оғирлашиб кетди. Шу сабабли, голдан кейин Захага қарадим ва кулиб қўйдим. Чунки у пенальтидан гол ургач, голни нишонлаш чоғи бизнинг мухлисларимизнинг жиғига текканди. Ўзаро нималар деганимизни айтмасам ҳам, ўйинчилар ўртасидаги диалог қандай бўлишини яхши биласиз. Гол урганимдан кейин унга жавоб қайтариш учун қулай фурсат келганди».

Мопе фақат жанжалкаш эмас

Шу йилнинг январида франциялик ҳужумчи АПЛ дои­расидаги «Ноттингем Форест»га қарши учрашувдан кейин «Брентфорд» болалар жамоаси машғулотига ташриф буюрди. Табиийки, болалар жамоаси мураббийи унинг келишини кутмаганди: «Очиғи, бундай ташриф биз учун сюрприз бўлди. Ниль - ажойиб йигит! Оғир беллашувдан кейин болалар кўнглини овлашга вақт топа олгани мени лол қолдирди. Болалар бу учрашувни ҳеч қачон унутишмайди».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 20:15, 15.03.2024.
Ўқилди: 1374 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.