Шанба куни Косонсой шаҳри меҳмонлар билан гавжум бўлади. Шу куни "Навбаҳор" мавсумдаги илк уй учрашувини ўтказади.
Дастлабки турдаги рақибимиз "Пахтакор" бўлган бўлса, 2-турда яна пойтахтликларга қарши курашамиз. Рақиб анойилардан эмас - "Локомотив". "Темирйўлчилар" мавсумни ажойиб ҳисобдаги ғалаба билан бошлашди. Мавсумга анча жиддий ҳозирлик кўрган "Бухоро"нинг "Локо"га 1:5 ҳисобида енгилишини ҳеч ким кутмаганди. Зеро, "Бухоро"нинг таркиби анча кучайтирилганди. Ҳар ҳолда мавсумнинг бошидаги сермаҳсуллик кишини ажаблантирмай қолмайди.
Умуман олганда, "Локомотив" бу йил чемпионлик учун курашиши маълум. Учта пойтахт жамоаси ўртасида чемпионлик масаласи ҳал бўлса керак. Ўтган мавсум аввалида ҳам "Локо"ни Косонсойда қабул қилгандик. Ўша куни "Навбаҳор" кутилган ўйинни намойиш эта олмаганди. Эсингизда бўлса, ўша кезлари клубда ички муҳит яхши бўлмаган.
"Локомотив" ўтган йилги учрашувгача "Навбаҳор"ни меҳмонда мағлуб эта олмаганди. Хўш, бу йил қандай натижа қайд этилади? Шубҳа йўқки, "Навбаҳор" ҳозирда ўтган йилги аҳволда эмас. Ўйлашимизча, барчаси жойида. "Пахтакор"га қарши ўйинда МАЪЛУМ сабабларга кўра ўйнай олмаган Рўзимбой Аҳмедов ва Акрам Баҳриддиновлар шанба кунги учрашувда "Навбаҳор"га ёрдам бера олишади.
Ўтган ўйинда кўрдикки, ҳар бир чизиғимизда муаммолар бор. Айниқса, ҳужум чизиғи анча оқсамоқда. Бор эътиборни ёшларга қаратиш ҳам яхши эмас. Шу боис таркиб танлашда ҳеч ҳам таваккалчиликка қўл урмаслик лозим. Ҳисоб бизнинг фойдамизга хизмат қилаётган пайтда бемалол ёшларни синаш мумкин.
Шанба кунги учрашувда "Локомотив"га Бобур Йўлдошев ҳамда Александр Шадринлар ёрдам бера олишмайди. Бу "Локо" учун қўрқинчли ҳолат эмас! Уларнинг ўрнини муносиб тўлдирадиганлар сафда бор. Шу боис ушбу йўқотишларнинг аҳамияти йўқ.
"Локомотив"нинг ҳар бир чизиғи кучли ўйинчилардан ташкил топган. Айниқса, ярим ҳимоя чизиғига ҳавас қилиш мумкин. "Навбаҳор" билан ўтадиган учрашувда аниқки, "Локо" марказни қўлга олишга интилади. Марказни қўш-қўллаб топшириб қўймасак, пойтахтликлардан очко олиш мумкин. Бу ерда ғалаба ҳақида гапирмаяпман. Ғалаба қозониш учун эса чизиқлардаги муаммоларни бартараф этиш лозим.
Ўйлаймизки, Усмон Асқаралиев ўз шогирдларини ушбу қийин учрашувга муносиб тайёрлай олади. Бу борада "лочинлар"га омад тилаб қоламиз!
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ.