Тошкентда об-ҳаво ҳарорати анчайин совуқлашиб, ерларни қор қоплаган бўлса-да, табиат инжиқлиги “Бунёдкор” ва “Насаф” ёшлари ўртасидаги баҳс режасига ўзгартириш кирита олмади.
Қорли майдонда комбинацион ўйин кўрсатиш футболчиларга қийинчилик туғдирса-да, ҳар иккала жамоа аъзолари тўпни кўпроқ бир-бирларига пас оширишган ҳолда чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишди. Ҳатто ҳимоя чизиғида ҳаракат қилишган футболчилар ҳам тўпни беҳуда олисга тепиб юбормаган ҳолда қўрқмасдан бир-бирларига ошириб ўйнашди.
Учрашувдаги ҳисобни қаршилик ёшлар очишди. Белгиланган жарима зарбасини Элдор Бойматов чиройли тарзда амалга ошириб, Акбар Тўраевни ожиз қолдирди. Бу голга Азизбек Мамазоитов жавоб қайтарди. Иккинчи бўлим бошларида эса Баҳодир Пардаевнинг аниқ зарбасидан сўнг ёш “қалдирғочлар” ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Бу голдан ҳеч қанча ўтмасдан Сардор Рашидов “Насаф” дарвозасига учинчи тўпни киритди. Иккинчи бўлим ўрталарида захирадан майдонга туширилган Сардор Азимовга қисқа вақт ҳам гол уришга кифоя қилди – 4:1. Ўйин якунланиши арафасида Нажмиддин Нурмуҳаммедовнинг олис масофадан йўллаган кучли зарбасини ҳисобни қисқаришига олиб келди. Якуний натижа – 4:2.
Ёшлар лигаси, 2-тур
“БУНЁДКОР” – “НАСАФ” 4:2 (1:1)
Голлар: Элдор Бойматов 29 (0:1), Азизбек Мамазоитов 41 (1:1), Баҳодир Пардаев 51 (2:1), Сардор Рашидов 62 (3:1), Сардор Азимов 76 (4:1), Нажмиддин Нурмуҳаммедов 86 (4:2)
“Бунёдкор”: Акбар Тўраев, Камронбей Кападзе, Дилшод Жўраев (Миразиз Жалолов 77), Ҳасан Асқаров, Жавлон Мирабдуллаев, Хуршид Ғиёсов (Нодир Отажонов 88), Зокиржон Нурматов, Миржамол Қосимов (Абдуқаҳҳор Хожиакбаров 46), Азизбек Мамазоитов, Сардор Рашидов (Сардор Азимов 69), Баҳодир Пардаев (Шерзод Мусаев 90+3)
Бош ҳакам: Аҳмаджон Эргашев