Европа клублари футболи терма жамоалар ўйинлари учун танаффусга чиқди. Топ чемпионатлар март ойи охирида давом эттирилади. "Реал Мадрид" Испания Ла Лигасининг сўзсиз пешқадами сифатида танаффусга чиқди. "Қироллик клуби" турнир жадвалида таъқибчиларидан сезиларли ўзиб кетди ва ишонч билан яна бир чемпионлик сари интилмоқда. Апрель ойида "Реал" чемпионлик учун курашда муҳим ўйинлардан бирини ўтказиши керак бўлади. Мадридликлар 32-турда “Барселона”ни қабул қилади. Жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолатидан қатъи назар, "Реал" ва "Барса" ўртасидаги ўйинлар ҳар доим футбол олами учун ажойиб воқеага айланади. "Эл-класико" шунчаки зерикарли бўлиши мумкин эмас. Буюк клублар ўртасидаги қарама-қаршилик аллақачон футбол доирасидан чиқиб кетган. Мадрид ва каталонияликлар ўртасидаги келишмовчилик сиёсий оқибатларга ҳам эга. Аммо бугун биз фақат ўйин ҳақида гаплашамиз. Тўғрироғи, бу учрашувларда ўзини яққол кўрсатган футболчилар ҳақида. Эътиборингизга: "Эл-Класико"нинг тарихдаги энг яхши тўпурарлари бешлигини тақдим этамиз.
5. Рауль. "Эл-класико"даги голлар: 15 та
Буюк тўпурар "Реал"нинг эмас, балки бошқа Мадрид клубининг афсонасига айланиши мумкин эди. Футболчининг отаси "Атлетико"нинг ашаддий мухлиси бўлиб, айнан шу жамоада Рауль ўсмирлик чоғида футбол маҳоратини ўрганган. Аммо “Реал Мадрид” скаутлари фаоллик кўрсатиб, иқтидорли йигитни ўз ихтиёрига олиб кетишди. Ҳужумчи ўзининг илк ўйинини 1994 йилда "Барселона"га қарши ўтказган. Ўша учрашувда "Реал" ўз майдонида ғалаба қозонди - 5:0, аммо ёш форвард гол ура олмади. Аммо кейинги йили Рауль асосий рақиб дарвозасини ишғол қилди - Мадридда жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди. "Барса" билан ўйинларда у уч марта дубль қайд этган. Ажабланарлиси, лекин ҳақиқат: бу ўйинларнинг барчаси бир хил - 2:2 ҳисобида якунланган.
4. Карим Бензема. "Эл-класико"даги голлар: 16 та
Франциялик форвард илк бор 2007 йилда, яъни "Реал Мадрид"га ўтишдан олдин "Барселона"га қарши ўйнаган. Бензема ўшанда "Лион"да ўйнарди. Чемпионлар лигасида у каталонияликларга қарши дебют ўйинида 0:3 ҳисобида мағлуб бўлганди. Балки ўшандаёқ Бензема "кўк-анорранглилар" билан қарама-қаршилик руҳини ҳис қилгандир. Карим ўзининг илк "эл-класико"сида гол урди. Бироқ французнинг ўшанда, 2011 йил декабрида урган голи “Реал”ни ўз майдонидаги мағлубиятдан қутқариб қола олмади – 1:3. Ўшандан кейин ҳужумчи "Барса" дарвозасига кўп маротаба гол урган. Ва бир марта у ҳатто хет-трик қайд этди: 2023 йилнинг апрелида мадридликлар Испания кубогининг ярим финали жавоб ўйинида рақибларини мағлуб этишди ва учта голдан ташқари Бензема яна голли узатма ҳам амалга оширди.
3. Альфредо ди Стефано. "Эл-класико"даги голлар: 18 та
Кўп йиллар давомида буюк ҳужумчи "Эл-класико" тарихида сўзсиз тўпурар бўлиб қолди. Ди Стефано ҳақли равишда "Реал Мадрид" афсонаси саналади ва клуб тарихидаги асосий тўпурарлардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо кам одам биладики, аргентиналик футболчининг Европадаги фаолияти Мадриддан эмас, балки... "Барселона"дан бошланиши мумкин эди. 1953 йилда форвард деярли Каталония жамоасига ўтганди. У ҳаттоки “Барса” сафида учта ўртоқлик ўйини ҳам ўтказди, бироқ “Реал Мадрид” вакиллари истеъдодли ҳужумчини тортиб олишга муваффақ бўлди. Футболчи "Барселона"га қарши биринчи ўйинида иккита гол урди ва "Реал" 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Қизиғи, "Реал" сафида каталонияликлар дарвозасига 18 та тўп киритган Альфредо "Эспаньол" ўйинчиси сифатида ҳам бир бор "Барса" дарвозасига йўл топган.
2. Криштиану Роналду. "Эл-класико"даги голлар: 18 та
Португалиялик футболчи “Манчестер Юнайтед”да ўйнаб юрган чоғида ҳам умуман “Барселона” ва хусусан Лионель Месси билан рақобатлашган. Аммо Криштиану "Реал"га ўтганидан кейин бу баҳс янги босқичга кўтарилди. Роналду анча вақт каталонияликлар дарвозасини ишғол эта олмади. У бу мақсадига илк бор 2011 йилнинг апрелида, Мадридга ўтганидан деярли икки йил ўтиб эришганди. Криш Испания чемпионатида "Барса"га гол урди, "Реал" учун ўша уй учрашуви дуранг билан якунланди - 1:1 (меҳмонлардан Месси гол муаллифи бўлган). Шундан сўнг Роналду мунтазам равишда "Барселона" мухлисларини хафа қилди. Қизиғи шундаки, португалиялик футболчи Мадриддаги узоқ фаолияти давомида "Барса" билан ўйинларда бор-йўғи икки марта дубль қайд этган, бошқа вазиятларда фақат биттадан гол урган.
1. Лионель Месси. "Эл-класико"даги голлар: 26 та.
Бу рейтингда кўплаб афсоналар бор, лекин Месси барча буюк тўпурарлардан сезиларли даражада олдинда. Лео биринчи марта Испания чемпионати ўйинида "Реал Мадрид" дарвозасини ишғол қилди. Ўшанда у битта гол билан чекланмаган. 2007 йилнинг март ойида 19 ёшли форвард мадридликлар дарвозасига учта гол урди. Умуман олганда, у икки бор “эл-класико”да хет-трик қайд этган. Иккинчи марта 2014 йил баҳорида бўлган. Биринчи ҳолатда жамоалар 3:3 ҳисобида ўйнаган бўлса, иккинчисида “Барса” сафарда “Реал”ни мағлуб этганди – 4:3.