Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе миллий терма жамоанинг барча футболчилари 2024 йилги Европа чемпионатига чиққани учун "Шон-шараф" ордени билан тақдирланишини айтди.
"Шахсан мен мухлис сифатида бу кунни 30 йилдан бери кутганман. Йигитлар эса бизга энг катта бахтни беришди. Бу йигитлар қаҳрамонлар, қаҳрамонларни қадрлаш керак. Булар энг ҳурматли одамлар, шунинг учун биз кичик бир қарорга келдик - бизнинг йигитларимиз "Шон-шараф" ордени билан тақдирланадилар, ҳамма!" — деб ёзди Кобахидзе ижтимоий тармоқларда.
Грузия терма жамоаси тарихда илк бор Евро-2024 финал босқичига йўл олди ва у ерда Португалия, Чехия ва Туркия билан бир гуруҳда ўйнайди. Европа чемпионати 2024 йилнинг 14 июндан 14 июлига қадар Германияда бўлиб ўтади.