Осиё чемпионлар лигасининг 2-туридан ўрин олган "Бунёдкор" ва "Поханг Стилерс" жамоалари ўртасидаги ўйинолди матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ва ҳужумчи Александр Пишур иштирок этишди. Бош мураббий бўлажак ўйин ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
— Эртанги ўйин биз учун муҳим аҳамиятга эга. Қўлга киритаётган муваффақиятларни мустаҳкамлашимиз керак. Биринчи ўйинда 3 очкога эга бўлганимиз албатта яхши. Энди очколаримизни 6тага етказишимиз лозим. Ўйинга келадиган бўлсам, мен йигитларга ишонаман. Ўйинимиз билан мухлисларнинг кайфиятини янада кўтаришга ҳаракат қиламиз. Билишимга қараганда, рақиб кўп футболчиларини Кореяда қолдирган. Улар қандай таркиб билан ўйнашини ўйин давомида билиб оламиз. Бундан кўриниб турибдики, "Поханг"даги ҳар бир футболчи тенг кучли ва ўзаро бир-бирига рақобат қила олади. Бу ҳолат ғалаба қозонишимиз учун халақит бермайди деб ўйлайман.
Александр Пишур, ҳужумчи:
— Эртанг ўйинга тайёргарлик жараёнида мураббийлар штаби рақибнниг кучли ва кучсиз томонларини бизга ўргатишди. "Поханг" — кучли жамоа. Биз рақибнинг ўйинларни кўриб чиқдик. Улар ОЧЛнинг биринчи ўйинида ўз майдонларида Хитой клуби билан дуранг ўйнашгани учун бизга қарши ўйин улар учун ҳам муҳим ҳисобланади. Биз эса фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.
— Жамоанинг янги футболчиси Олег Зотеев ҳақида нима дея оласиз? У асосий таркибда ўйнашга тайёр эмасми?
— "Сўғдиёна"га қарши ўйинда Олег асосий таркибда ўйнади. "Насаф"га қарши ўйинда майдонга тушмади, холос. Қаршиликлар билан ўйинда Саҳоб Жўраевнинг жароҳат олиши ўйинчи алмаштириш борасидаги режамни ўзгартирди. Ҳали мавсум узоқ, у керакли ўйинларда бизга ёрдам бера олади.
— Эртанги ўйинда рақиб жамоа ҳимояда асосий эътиборни Александр Пишурга қаратишини фаҳмлаш қийин эмас. Шундай вазиятда рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун бошқа вариантларни ҳам ўйлаб қўйдингизми?
— Футбол — жамоавий ўйин. Саша ҳимоячиларни ўзига жалб қииб, ёнидаги футболчиларга имконият яратиб бериши керак. Шунда кутилмаганда бошқа футболчилар кутилмаганда зарба бериб, рақиб дарвозасини ишғол қилишига умид қиламан. Пишурнинг ўзи ҳам эртага рақибни ноқулай вазиятга туширишига ишонаман. Шунингдек, у ўйиндан-ўйинга янада очилиб, жамоага тегаётган фойдаси янада ошади деб ўйлайман.
— Александр, жамоада ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
А.Пишур: — Бу ерда ҳеч қандай муаммога дуч келаётганим йўқ. Мени яхши қабул қилишди. Икки ой давомида шуғулланаётган бўлсам, мураббийларнинг мендан талаб қилаётган нарсаларини яхши тушуниб олдим.
— Миржалол ака, "Бунёдкор" асосан қанотлардан ўйнайди ва ўтган йилларда ҳужумни якунлайдиган ҳужумчи етишмаётган эди. Ниҳоят, яхши савиядаги, баланд бўйли ҳужумчини топибсиз. Александр Пишур эса жамоанинг ўйин схемасига жуда яхши тушди. Пишурни қандай топганингизни айтиб берсангиз.
— Бунинг тарихи узоқ. Ўтган йили Украинада агент сифатида ишлайдиган танишимиз Сефер Алибаев ҳужумчини бизга тавсия қилганди. Ҳозир Украинада ишламоқда. Ўтган йили ўзимизнинг ҳужумчиларга ишониб, бу вариантни кўриб чиқмагандик. Бу йил ҳам яна таклиф қилганидан кейин уни Туркиядаги йиғинга таклиф қилдик. Машғулотларда ўзининг яхши томонларини кўрсатди. Тажрибаси катта. Майдондаги фикрлаши, тўп билан муомаласи, мураббийлар томонидан қўйилаётган талабларнинг тўлиқ бажариши бизга тўғри келди. Учта расмий ўйинларнинг ҳар бирида гол урди. Йигитлар билан яхши тил топишиб олиши учун бироз вақт керак. Кейинги ўйинларда жуда катта фойдаси тегади.
— Бу гуруҳда қайси жамоаларни фаворит деб ҳисоблайсиз.
— Бу гуруҳда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Хитой клубининг "Поханг" билан ўйинини кўриб чиқдик. Ҳар иккала жамоа яхши ўйин кўрсатди. Битта турдан кейин хулоса қилиш тўғри эмас. Ҳали ўйинлар давом этади. Олдиндан қайсидир жамоани аниқ гуруҳдан чиқади деб айтиш қийин. Ҳали японлар ҳам ўзларини кўрсатади. "Бунёдкор" ўз олдига қўйган мақсадига тезроқ етишишини истардим.
— Рақибнинг асосий таркиб футболчилари Тошкентга келмаган ва эртага майдонга тушадиган футболчиларнинг ўйинини кўрмагансиз. Бу жиҳатдан рақибнинг кучли ва кучсиз томонлари сифатида нималарни айта оласиз?
— Авваламбор, биринчи ёки иккинчи таркиб деган тушунчани олиб ташлашимиз керак. Биз "Поханг" клубига қарши ўйнаймиз. Бизга муаммо бўлиб тургани бу футболчиларнинг ўйинини ҳали кўрмаганмиз. Ўйлайманки, майдонга тушган ҳар бир футтболчи ўз клуби, ўз мамлакати шарафи учун ҳаракат қилади. Хитой клубига қарши ўйинларда кучли ўйинчилар бор эди. Корея тартибли ўйин кўрсатади. Бошқа ўйинчи майдонга тушгани билан жамоанинг стратегияси ўзгармаган. Биз рақиб жамоага мослашмаймиз, улар бизнинг ўйинимизга мослашишсин.