Мана Олий лигамизнинг ҳам дастлабки икки тури ортда қолди. Баъзи жамоалар бизни ҳайрон қолдирган бўлишса, айримлари ўз савияларидан паст даражада иштирокларини бошлашди. Айниқса, воҳамизнинг бош жамоаси “Насаф”! “Бунёдкор”дан учралган йирик мағлубиятни очиғи кутмагандим. “Насаф”нинг ғалабасига ишонгандим .
Қизиқ ҳолати шундаки, Қосимов ва Бердиев ўзаро икки бора мураббий сифатида бир-бириларига тўқнаш келишди ва иккала учрашувда ҳам бир хил 3:0 ҳисоби қайд этилди. “Насаф” ёш футболчиларга имконият бериши бу яхши, албатта, лекин… Танганинг иккинчи томонига эътибор қаратсак. Қашқадарёнинг бош жамоаси ўртамиёна жамоага айланиши кўпчиликка ёқмайроқ турибди. Ҳа, айнан ўртамиёна. Ўтган мавсумда “Шўртан” ва “Насаф” ўйин савияси борасида тенглик вужудга келди. Ёшлар кашф қилинмоқда, деймиз? Қани ўша ёшлар? Фақатгина Гадоев яхши ўйнамоқда. Мен ёш футболчиларни кашф қилинишига қарши эмасман. Аммо, лекин, бироқ… Қашқадарёда 3 та жамоа олий лигада иштирок этарди. Ҳозир 2 та қолган.
Ана “Маъшал” шундай ёшларни кашф қиладиган жамоа базасига айлантирилсин. Ёки бўлмаса “Шўртан”. ”Насаф” га ёшларни тайёрлаб беришса, яхши савиядаги легионерларни олиб келиб, пойтахт жамоаларига жиддий қаршилик қилиши лозим. “Насаф” Қашқадарёнинг фахри, у фақат чемпионлик учун курашадиган жамоа бўлиши керак. Кучли легионерларни жалб қилинса, ёшлар савиясининг ўсишига хизмат қилади. Таркиб жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Тошкент клублари билан деярли тенг. “Насаф” ёзда яхши бир легионер сотиб олмаса бўлмайди. Сабаби “Насаф” футболчилари майдонда сочилиб кетишган. Яхши ҳужумчи ҳам керак. Имкониятлар кўкка совурилмоқда. Сал қолса жамоа ўз тарихида илк бор “Олмалиқ”қа мағлуб бўларди. “Бунёдкор” билан ўйин “Насаф”нинг кучсизланганлигини кўрсатиб берди. “Насаф”-“Олмалиқ” учрашуви якунига етгач, матбуот анжуманида Бердиевга дарвозабонлар масаласи борасида савол бергандим. Тўлиқ жавоб ололмагандим. Ҳа, айнан дарвозабоннинг хатоси бизга йирик мағлубиятни туҳфа этди.
Нестеров қандай вазиятда ўз жамоасини муқаррар голдан қутқарди. Ҳасанов ва Наумов ўрта савиядаги дарвозабонлар. Ёш дарвозабонга имконият берилиши керакдир. “Бунёдкор”нинг иккинчи ва учинчи голлари узоқ масофадан йўналтирилган зарба орқали киритилди. Бунда дарвозабоннинг қисман бўлса ҳам айби бўлади. Балким мураббийга ишониш керакдир. Ахир мураббий биздан кўра яхшироқ тушунади. Бердиевга ҳам осон эмас. Лекин мухлисларни ҳам тушуниш лозим. Шахсан менга “Бунёдкор”дан учралган йирик ҳисобдаги мағлубият қаттиқ таъсир қилди. Нима ҳам дердик? Бердиевга яхши жамоа тузиш учун 2-3 йил керак.
Биз учун нима муҳим чемпионликми ёки бўлмаса ёшларни кашф этишми? Иқтидорлиларни тарбиялаб, четга эмас ўзимизнинг олий лига жамоасига тақдим этишми? Водий клублари чемпионлик учун курашишдан чиққан, наҳот “Насаф” ҳам бу курашдан четга чиқса. Севимли жамоам “Ливерпуль” ҳам мана аста-секин ўзига келмоқда. Балким она шаҳрим жамоаси ҳам кейинги йилларда ўз ўйинини намойиш этиб, мухлисларни хурсанд қилар. Нима бўлганда ҳам келажакка ишониб яшайдиган халқмиз! "Насаф”га ишонаверамиз!
Улуғбек Яхёев
“Камолот-инфо” ёш журналистлар клуби сардори