Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида иштирок этган Миржалол Қосимов жамоасининг иккинчи бўлими бошида кўрсатган ўйинига ўз норозилигини билдириб ўтди.
— Қизиқарли ўйин гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда гол урдик, ёмон ўйин кўрсатмадик. Аммо иккинчи бўлимнинг 15-20 дақиқаси давомида ёмон ўйнадик. Тушунарсиз ҳолат. Шунга қарамай, йигитлар ўз характерларини кўрсатиб, дурангга эришдик. Йигитларга доимий равишда қаттиқ гапириб туриш керак шекилли.
— "Сўғдиёна" ва "Насаф" жамоаларига қарши ўйинларда қўлга киритилган йирик ғалаба бугунги ўйинда ўз таъсирини кўрсатдими?
— Бу ўйинларнинг бугунги ўйинга умуман алоқаси йўқ. Футболчилар учун рақибнинг ким бўлишининг аҳамияти йўқ. Улар профессионал. Уларга қўйилаётган талабларни пасайтирмасликлари керак.
— Ўйиннинг охирида дуранг қўлга киритилганидан қониқиш ҳисси пайдо бўлдими?
— Бу борада хурсандман. Лекин иккинчи бўлимнинг дастлабки 15-20 дақиқаларида ёмон ўйнадик. Футболчилар хаёлда 3 очкони қўлга киритиб бўлдик деб ўйлаб қолишди шекилли. Футболда эса бундай муносабат билан натижага эришиб бўлмайди. Ҳар бир қарич ер учун курашиш керак. Ана шундай нимагадир эришиш мумкин. Шунга қарамай, синиб қолмаганимиз мени хурсанд қилди. Йигитларнинг меҳнати ўйин сўнгида самара берди. Аслида эса ўйингача олиб бормаслик керак эди.
— Кореяликлар иккинчи гол урган вазиятда футболчимизни итариб юборгандек кўринмадими?
— Ҳакамлар ҳам инсон. Улар ҳам хато қилиши мумкин. Менга ҳам ўша вазиятда футболчи Фозил Мусаевни итариб юборгандек кўринди. Энди гапиришдан фойда йўқ. Айтиб ўтганимдек, аслида эса ўйинни бундай вазиятгача олиб бормаслик керак эди.
— Қайдномада 3 нафар марказий ҳимоячининг номи келтирилган. Ярим ҳимоячилар эса кам. Бундай таркиб билан йил давомида клуб қийналиб қолмайдими?
— Озгина вазн ташласам, ўзим ҳам ярим ҳимояда ўйнашим мумкин (залда кулгу). Дилшод Жўраев ва Игор Таран ярим ҳимояда ўйнай олишади. Мен бу борада муаммо кўрмаяпман.
— "Поханг"ни яхши ўрганиб олдингиз. Кейинги ўйинларда шунга яраша тайёргарлик кўриб, ғалабага эриша оламиз, дея оласизми?
— Гуруҳда бўш жамоанинг ўзи йўқ. Кореяликлар ёки японларга қарши енгил ўйиннинг ўзи бўлмайди. Бугун ҳам рақибимиз қарши ҳужумда тезкор ҳаракат қилдик. Натижани инобатга олмаганда, мухлислар яхши ўйин гувоҳи бўлишди.
— Пишур кўп вазиятларда ҳакамга ва жамоадошларига эътирозлар билирди...
— Бу ўйин давомида бўладиган нарса, оддий ҳиссиёт. Мен бу борада Пишур билан суҳбатлашгандим. Агар "Насаф" бўлган ўйин ва бугунги учрашувни кузатган бўлсангиз, Пишур у қадар жамоадошларига кўп эътироз бермади. Демак, ўсиш бор (кулади).