"Насаф" - "Бухоро" учрашуви якунига етганидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Агамуродов маълум сабабларга кўра матбуот анжуманига иштирок этмади. "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
— Бугунги рақибимиз "Бухоро" шаклланган, тартибли жамоа. Шундай бўлса-да, бугун ғалаба қозонишга эришдик. Бу ғалабани жуда хоҳлагандик ва бу ғалаба бизга керак эди.
— Бугун дарвозани Элдорбек Суюновга ишониб топширдингиз?
— Элдорбек Суюнов 3-4 йилдан бери ёшлар таркибимизда ўйнайди. Бугун у ишончни қайсидир маънода оқлади. Унинг ўйинидан қониқдим. Яна бир ҳимоячи Одил Ҳамробеков ҳам бугун дебют учрашувини ўтказди. 17 ёшли марказий ҳимоячига, менимча, юртимизнинг бошқа жамоаларида ишонч билдиришмайди. Ёш бўлишига қарамай, Суюнов ҳам, Ҳамробеков ҳам ўзини йўқотиб қўймади.
— "Бунёдкор"дан учралган мағлубиятдан кейин футболчиларни руҳий томондан қандай тайёрладингиз?
— "Бунёдкор" билан ўйинда ҳам биз ўз ўйинимизни намойиш қилдик. Лекин бироз тажрибасизлик оқибатида бу ўйинни бой бердик. Бундай мағлубиятдан сўнг футболчилар билан кўпроқ суҳбат уюштирдик. Ҳар бир футболчи билан аълоҳида суҳбат олиб бориб руҳан тайёрладик.
— Ҳужумларни якунлайдиган ҳужумчи етишмаётгандек... Зоҳид Абдуллаев 3-турки ҳамон гол ургани йўқ?
— Зоҳид Абдуллаев "Металлург" жамоасидан келиб қўшилди. Ўтган мавсумда у 9 та гол киритган. Ҳали жамоага мослашиб кетади.