Ўзбекистон кубогининг 1-туридан ўрин олган ОКМК — "Машъал" (0:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.
— Албатта, ОКМК кучли рақиб эканини билардик. Қанотлардан ҳужум ташкил этишга уриндик, шунингдек рақибга бўш худудлар қолдирмасликка ҳаракат қилдик. Кам сонли ҳужумларимиздан бирида имкониятдан фойдаланиб гол урдик. Таркибда ротациялар қилдик, ўйин амалиёти кам ва ёш футболчиларни майдонга туширдик. "Машъал" мухлисларини ғалаба билан табриклайман.
— ОКМК кучли рақиб эканини аввалдан билгансиз. Шунга қарамай ёшларни майдонга тушириб, таваккал қилдингизми?
— Таркибда ротация қилдик. Ўйин амалиёти кам футболчиларга имконият беришга ҳаракат қилдик. 20 ёшли футболчи қайсидир жамоаларда ёш ҳисобланмаслиги мумкин. Бугун жамоамиз сафида 20 ёшли Сарвар Бекчанов дебют қилди ва ўзини яхши кўрсатди.
— "Машъал"нинг кубок ўйинларида қаергача етиб бориш мақсади бор?
— Биринчи навбатда гуруҳдан чиқишга ҳаракат қиламиз. Кейин ҳар бир учрашувга жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба учун майдонга чиқиш мақсадимиз бор. Олдиндан бу борада бирон фикр айтиб бўлмайди.