Дарҳақиқат, мундиал сўзи нақадар ёқимли-а, азиз футбол мухлислар.
Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз 26 март куни Тошкентда Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий «Бунёдкор» стадионида ЖЧ-2014 4-саралаш босқичида Ливан термасига қарши майдонга тушади. Бу ўйин муҳимлиги жиҳатидан бошқа учрашувлардан алоҳида ажралиб туради. Чунки миллий терма жамоамиз ғалаба қозонган тақдирда мундиалга бориш имкониятимиз янада ошади ва биз мундиал сари дадил қадам ташлаган бўламиз. Миллий терма жамоамиз ҳали ўз майдонида ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичида биронтаям ғалабага эришмади. Бу сафар ана шу анъанага нуқта қўйиш пайти келди, менимча. Агарда ғалаба қозонсак, гуруҳимиздаги ҳолатимизни яхшилаб, мундиалга чиқиш имкониятимизни сақлаб қоламиз.
Миллий терма жамоамиз устозлари шу куни тўғри тактикани танлаб, ўйинчиларимизни ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўйинга тайёрлай олишса, керакли ижобий натижани қўлга киритишади деб ўйлайман. Буёғи энди мураббийлар штабига ва қолаверса футболчиларимизга боғлиқ. Футболчиларимиздан чиройли ва мазмунли ўйин кутиб қоламиз.
Гуруҳимиздаги энг асосий рақибимиз, бу албатта, Жанубий Корея термаси. Улар билан ўйинимиз Сеулда 11 июнь санасида бўлиб ўтса, жаҳон чемпионати 4-саралаш босқичининг охирги ўйинини яна Тошкентда 18 июнь санасида «маҳаллийлаштирилган легионерлардан» ташкил топган Қатар терма жамоасига қарши ўтказамиз.
Энди, гуруҳимиздаги терма жамоалар билан шу кунгача учрашган статистик маълумотларни эътиборингизга ҳавола этсам.
1). Жанубий Корея термаси билан 10та ўйинда майдонга тушиб, шундан атиги битта ғалаба (у ҳам бўлса Хиросима-94 ярим финалида), иккита дуранг ва етти маротаба мағлубиятга учраганмиз. Тўплар нисбати: 12-24, рақиб фойдасига.
2). Қатар термаси билан 9та учрашувда майдонга тушиб, шундан бешта ғалаба, иккита дуранг ва иккита мағлубиятга учраганмиз. Тўплар нисбати: 15-9, бизнинг фойдамизга.
3). Эрон термаси билан бешта учрашувда майдонга тушиб, битта ғалаба, битта дуранг ва учта мағлубиятга учраганмиз. Тўплар нисбати: 2-7, рақиб фойдасига.
4). Ливан термаси билан учта учрашувда майдонга тушиб, иккита ғалаба ва битта дурангга эришганмиз. Тўплар нисбати: 5-1, бизнинг фойдамизга.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, биз Ливан ва Қатардан бир бош устунмиз. Уларни ўз ўйимизда қабул қилишимизни ҳисобга олсак, мундиалга чиқиш имкониятимиз улардан кўра бизда юқорироқ.
2013 йил – ўзбек футболи учун энг муҳим йил бўлиб тарихдан жой эгаллашига яқин турибмиз, фақат ҳаммаси ўз қўлимизда. Нега деганда, биз мухлислар футболчиларимиздан умидимиз катта, биз уларга ишонамиз, албатта.
Жаҳон талаблари ва стандартлари асосида қурилган Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий «Бунёдкор» стадионида жорий йилнинг 18 июнь санасида миллий терма жамоамизни 2014-йил Бразилияда бўлиб ўтадиган навбатдаги мундиалга кузатиб солиш насиб қилсин ва биз ҳам 32та бахтли терма жамоалар қаторидан жой эгаллайлик, илоҳим.
Нақадар ёқимли сўз – Мундиал!
Абдумажид Қодиров
(UZBEKISTONIM никли мухлис)