Нидерландиялик ҳакам Ян Смит “Сент-Жорж” клуби билан биргаликда чемпионликни нишонлагани учун умрбод футболдан четлатилди.
Смит Нидерландиянинг тўртинчи дивизиони чемпиони аниқланган “Сент-Жорж” — “Валкен” (2:2) учрашувида ҳакамлик қилди.
Учрашув давомида ҳакам “Валкен” футболчиларига учта қизил карточка кўрсатган ва иккинчи бўлимга 15 дақиқа қўшиб берган.
Қўшиб берилган вақтда “Сент-Жорж” дарвозабони Дейв Лаан ҳисобни тенглаштириб, жамоасига чемпионликни тақдим этди. Кейинчалик Смит Сент-Жорж чемпионлигини нишонлаётган тадбирда кўриниш берган. ОАВда тарқалган видеода у саҳнада қўшиқ ижро этаётганини кўриш мумкин.
Шундан сўнг “Валкен” клуби Нидерландия Қироллик футбол ассоциациясига расмий шикоят билан мурожаат қилди ва у ҳакам умрбод футболдан четлаштирилди.