Шавкат Саломов ушбу мавсумни Қозоғистон чемпионатида ўтказаётганидан хабарингиз бор. У "Жетису" сафидаги илк ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Асли бухоролик бўлган ушбу ярим ҳимоячи Sports.kz сайтига интервью берди.
— Шавкат, футбол билан шуғулланишни қаерда ва қачон бошлагансиз?
— 1994 йилда Бухородаги футбол мактабига қатнай бошлаганман. 2000 йилдан бошлаб эса "Бухоро" жамоасининг ўринбосарлар таркибида ўйнай бошлаган бўлсам, 2002 йилдан асосий таркибга захирадан туша бошладим. 2007 йилдан бошлаб эса "Бунёдкор" сафида ўйнаб келдим. У ерда "Жетису"га ўтгунимча қадар ўйнадим.
— Нима учун айнан ушбу спорт турини танлагансиз?
— Билмадим. Ёшлигимдан футболни яхши кўрганман ва шунинг учун футболчи бўлишга қарор қилдим.
— Шу пайтгача қандай амплуаларда ўйнагансиз?
— Мен чап қанот ярим ҳимояси ва ҳужумчи ортида ўйнаганман. Умуман олганда эса чап қанот ярим ҳимоячиси ҳисобланаман. 2007-йилларда ва ўтган йил ҳужумчи ортида ҳам ўйнадим.
— Сиз асли бухороликсиз. Ушбу шаҳарда футбол қанчалик оммавий?
— Ҳозир "Бухоро" — ўртамиёна жамоа. Бундан бир неча йиллар аввал, Улуғбек Бақоев ўйнаган пайтларда жамоа яхши натижалар қайд этган, жамоанинг савияси юқори бўлган. Ўшанда кучли жамоа бўлган.
— "Жетису"га қандай қилиб қўшилганингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
— "Бунёдкор" билан йиғинда иштирок этаётганимда менинг агентим қўнғироқ қилди ва шундай вариант борлигини айтди. "Ўзингни синаб кўрмайсанми?" Мен хоҳлашимни айтдим. Бу пайтда "Жетису" ҳам Туркияда йиғин ўтказаётган эди. "Бунёдкор" билан яна бир йиллик шартномам бўлишига қарамай, агар бошқа жамоадан таклиф тушса, клуб мени қўйиб юбориши борасида ҳам келишувимиз бор эди.
— "Жетису"га ўтишингиздан олдин олдингизда бошқа вариантлар ҳам бор эдими?
— Дубайдан вариант бор эди, аммо бу вариант нима учун амалга ошмаганини билмайман. Шунингдек, Қозоғистоннинг бошқа жамоаларидан ҳам таклифлар борлиги ҳақида эшитгандим, аммо менга бу борада ҳеч ким мурожаат қилмади.
— Қозоғистонга келгунингизга қадар маҳаллий чемпионатни кузатиб борармидингиз?
— Албатта, кузатиб борардим. Ахир бу ерда кўпгина ўзбекистонлик футболчилар — Бақоев, Кападзе, Гейнрих, Бикмаев тўп суришади. Эмиль Кенжисариев ҳам бир қанча муддат Ўзбекистон чемпионатида тўп сурди. Шу боис Козоғистон чемпионатини амалда ҳар куни кузатиб борар эдим.
— Қозоғистонда ўйнаб, миллий терма жамоа сафига қайтишни истайсизми?
— Албатта, истайман. Худо хоҳласа, шундай бўлади. Ҳар бир футболчи ўз мамлакати терма жамоасида ўйнашни хоҳлайди. Ахир шунинг учун ҳам футбол ўйнаймиз.
— Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ финал босқичига чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧга боришига 100 фоиз ишонаман. Бунинг учун футболчиларимиз ўз уйимизда Қатарни мағлуб этишлари лозим. Ўзбекистон сафарда Қатарни 1:0 ҳисобида мағлуб этганди, уйда ҳам ютади деб ўйлайман.
— Сиз ҳозирча Қозоғистон чемпионатининг 3та ўйинида иштирок этдингиз. Маҳаллий ва Ўзбекистон чемпионатларини таққослай оласизми?
— Албатта. Ўзбекистонда кўпроқ техникага асосланган футбол намойиш этишади. Қозоғистонда ҳам бир қанча техник жиҳатдан кучли футболчилар бор. Бу ерда эса футбол анча кескинроқ, кўпроқ Европа футболига ўхшаш. Ўзбекистонда 3та, максимум 4та юқори савиядаги жамоа бор, қолган жамоалар эса кучсизроқ. Қозоғистонда эса барча жамоалар деярли бир хил савияда. Ҳар бир жамоа рақибини мағлубиятга учратиши мумкин. Сўнгги ўринда бораётган клуб биринчи ўринда бораётган жамоани мағлуб этиши мумкин. Бу ерда кучсиз жамоаларнинг йўқлиги менга ёқмоқда.
— "Жетису"да қандай муҳит ҳукм сурмоқда?
— Жамоадаги муҳит яхши. Кеча Толдиқўрғондаги базамизга етиб келдик. Бу ерда яхши шароит яратилган — майдон база ёнида, яхши тренажёр зали бор. Жамоадаги йигитларнинг барчаси яхши, коллектив ажойиб. Ҳаммаси жойида.
— Бош мураббий Омари Тетрадзе ҳақида нима дея оласиз?
— Яхши мураббий ва яхши инсон. Жуда кучли тактик. У "Жетису"ни чемпионат бошланишига оз вақт қолганида қабул қилиб олди ва қисқа муддат ичида кучли жамоа олди. Биз ҳали бирорта ўйинда ютқазмадик. Буни яхши натижа деб ҳисоблайман. Ушбу мутахассис қўлостида жамоа янада кучаяди деб ўйлайман.
— Кейинги турда "Жетису" мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Шахтёр"га қарши баҳс олиб борди. Қандай натижага умид қиляпсиз?
— Биз ҳар бир ўйинга ғалаба учун майдонга тушамиз. Айтиб ўтганимдек, барча жамоалар бир хил савияда. Ҳа, "Шахтёр" чемпион жамоа, аммо унинг 3та ўйинига қарайдиган бўлсак, 2тасида мағлубиятга учради ва биттасида 80 ва 81-дақиқаларда урилган голлар эвазига ғалаба қозонди. Ушбу жамоани мағлубиятга учрата оламиз, деб ўйлайман. Боз устига, биз илк марта ўз мухлисларимиз қаршисида тўп сурамиз. Бизнинг 12-ўйинчимиз бўлади.