Осиё чемпионлар лигасининг «Бунёдкор» ва «Бейцзинг Гуоан» жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Миржалол Қосимов иштирок этди.
— Менимча, ёмон ўйин бўлмади. Тезкор гол киритишимиз керак бўлганди, буни уддалай олмадик. «Бейцзинг» ҳам кучсиз жамоа эмас. Бугунги хатоларни кейинги ўйинларда такрорламасликка ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
— Бугунги учрашувда майдоннинг ҳолатини талаб даражасида деб бўлмасди. Балки «Жар»да ўтказиш керак бўлгандир?
— Учрашув белгиланиб бўлинган пайтда майдон ҳолати бу даражада эканини маълум эмасди.
— Жавоб учрашуви олдидан «Поханг» ғалаба қозонди. Гуруҳдаги вазият ўта чигал. Охирги турда меҳмонда ўйнайдиган жамоа сифатида имкониятни қандай баҳолайсиз?
— Ўйиндан олдин ҳам буни билардик. Бу футбол. Унда ғалаба қозониш керак. Кўрамиз, кейинги учрашувларда ғалаба қозониб, мана шу уч жамоа ичидан кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз.
— Жамоадаги тушунмовчилик ҳолатлари кўп бўлди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
— Бугун кўп бўлди бундай хатолар. Кўп вазиятларда улар қанотдан тўп етказиб беришга ҳаракат қилаверишди. Ҳасановда ҳам кириш имконияти бўлганида ҳаволатиб тўп етказиб беришга ҳаракат қилаверди. Балки гол уришимиз керак деганим учундир. Шогирдларим гол уришни жудаям хоҳлашди ва кўп вазиятларда шошиб қолишди.
— Бугун ҳужумчилар ортида «добивание»га футболчи қолмаганини кўрдик...
— Машғулотларда бу борада ҳам ишлаяпмиз. Бугун футболчиларимизга совуққонлик етишмади.
— Лутфулла Тўраевнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Лутфулла бундан ҳам яхши ўйнай олиши мумкин эди.
— Меҳмонда жамоа яхши ўйнайди. Бу фикрни меҳмонлар устози ҳам таъкидлаб ўтди. Бунга қандай муносабатда бўласиз?
— Менимча бугун ёмон ўйнамадик. Кўриб бўлмайдиган даражадаги ўйин бўлмади. Меҳмонда яхши ўйин кўрсатади деган гап анъанадек эътироф этилиши керак эмас. Менимча мезбон жамоанинг кўп олдинга боришидан очиқ зонага эга бўлишим имкониятимиз ошади.
— Кримецга омад тилагандингиз. Бу ўзини оқладими?
— Мен фақат терма жамоага кириши учун омад тиладим. Лекин умуман айтадиган бўлсак, унинг томири тортишиб қолганидан кўришингиз мумкинки, у жисмонан тайёр эмас. Уни терма жамоага чақиришлари борасида айтишади. Менимча, бугунги жисмоний ҳолати ҳаммасини кўрсатиб берди.
— Захирадан туширган футболчилар борасида ҳам изоҳ бериб ўтсангиз. Бугун ўзини оқламагани кўриниб турсада, ҳужум чизиғида ўзгариш қилмадингиз?
— Бошқачароқ қарор қилсанг у ёқмайди, яна бошқача қилсанг, униси ҳам ёқмайди. Билмадим нима қилиш керак? (кулади). Блажични алмаштиришимга сабаб жисмоний тайёргарлик. Бундай майдонда футболчи икки баравар кўп куч йўқотади. Жасурнинг ўрнига ҳам тезкор футболчини туширишга қарор қилдим. Агар девор орқасида нима бўлишини кўрганимда бошқача йўл тутардим, деган гап борку. Шу нуқтаи назардан айтганда, агар ҳужум чизиғининг гол ура олмаслигини олдиндан билганимда балки бошқача йўл тутардим.
— Фредерик Кануте кейинги учрашувда майдонга тушади. Бу ҳам бир муаммо бўлади ҳимоямиз учун...
— Менимча, бугун рақиб жамоа таркибидаги 8-рақамли футболчи тезкорроқ ва хавфлироқ кўринди. Кануте 35 ёшда ва унга тезкор ўйин кўрсатиш қийин бўлиши тайин.
— Демак, уни персонал футболчи қўриқламайди?
— Қанақа персонал? У замонлар ўтиб кетганига анча бўлган, ахир.