Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Ҳеч қачон бундай имконият бўлмаган

Баҳо:
+ | -

"Изланган имкон топар", "Кимирлаган кир ошар", "Томчилаган сув тошни тешар"... Халқ мақолларидан яна қанча мисоллар келтирай. Дарҳақиқат, чин кўнгилдан ҳаракат қилинса, уддалаб бўлмайдиган вазифанинг ўзи йўқ. Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда қулай имкониятга эга бўлиб турибди.

Мундиалга боришга шунчалик яқин турибмизки, ҳеч қачон бунақа қулай имконият бўлмаган. Эсимда, ЖЧ-1998 саралаш баҳсларида Япония, Жанубий Корея, Қозоғистон, БАА каби кучли терма жамоалар бир гуруҳда ЖЧ йўлланмаси учун курашдик. Аммо ўшанда рақибларимиз биздан бир бош устун эди десам муболаға бўлмас.

Бунинг устига, ўшанда терма жамоамизда авлодлар алмашинуви даври кечаётган эди. Буни қайд этилган ҳисоблар ҳам тасдиқлаб турибди: Япония-Ўзбекистон 6:3, Ўзбекистон-БАА 2:3, Ўзбекистон-Жанубий Корея 1:5. Ундан кейин орадан вақт ўтди. Футболимизда бир қанча эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоамиз ўз ёш тоифаларида жаҳон чемпионатларида иштирок этишди. Натижалар эса ёмон эмас. 2011 йилда ўсмирларимизнинг Мексика майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатида чорак финалгача етиб боргани барчамизни қувонтирди. Шунингдек, ўсмирлар терма жамоамиз ўтган йили Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Олимпия терма жамоамиз ҳам Лондон-2012 Олимпиада ўйинларига йўлланма олишига жуда-жуда яқин келди.

Кўриб турганингиздек, миллий термамиз ҳам азалий орзусига эришишига анча яқин турибди. Озгина масъулият билан ҳаракат қилинса бас. Ҳаммасини уддалаймиз. Мен юқорида Олимпия терма жамоамиз ҳақида гапириб ўтдим. Эсингизда бўлса, ўтган йили, саралаш ўйинлари якунланишига 2 тур қолганда ҳам гуруҳда пешқадам эдик. Ироқ олимпия терма жамоаси билан нейтарал майдонда ўтказдик. Ўзингиз биласиз, Ироқда вазият нотинчлиги учун мана неча йилдирки, Ироқ жамоалари ўз майдонида ўтадиган ўйинларни нейтрал майдонда ўтказиб келади. Ана ўша учрашувда биринчи бўлиб ҳисобни очдик. Биринчи бўлим охирларида эса ҳимоячимиз Бобур Омонов ироқликлар ҳужумчисини жарима майдонида чалиб йиқитди. Пенальтидан ироқликлар унумли фойдаланишди. Ўйин якунланиши арафасида эса яна Бобур Омоновнинг хатоси ва яна гол.

Ўша ўйинда Омонов жароҳат олган "Пахтакор" ҳимоячиси Акбар Исматуллаевнинг ўрнида ҳаракат қилганди. Мағлубиятдан унчалик ҳам хафа бўлмадик. Сўнгги турда ўз майдонимизда БААни ютсак, Лондон Олимпиадасига борамиз деб ўзимизга ўзимиз таскин бердик. Хақиқатан ҳам шундай эди. Бизни йулланмадан бор-йўғи биргина ғалаба ажратиб турарди.

БААга қарши ўйин биз учун омадли бошланди. Олег Зотеевнинг зарбаси дарвоза турига бориб тушди. Иккинчи бўлим бошларида 2-тўпни ҳам рақиб дарвозасига жойлаб қўйдик. Бу ерда Фозил Мусаев рақиб ҳимоячиларининг хатосидан унумли фойдаланди. Ана шундан кейин... ҳаммаси бошланди. Пешонамизга Лондон Олимпиадасига қатнашиш ўзи ёзилмаган экан. Араблар етакчиси Аҳмад Халил қандайдир 5-6 дақиқа ичида 2 та тўп киритди ва тарозининг палласини тўғрилаб қўйди.

Эътибор беринг, Фозил Мусаевнинг голи 48-дақиқада киритилган бўлса, 55-дақиқага келиб ҳисоб 2:2 кўринишини олди. Биз ғалаба қозонишга эртароқ ишониб юборгандик ўшанда. Дуранг биз учун мағлубият билан тенг эди. Шунинг учун олдинга боришдан ўзга чорамиз йўқ эди. Аммо бўлар иш бўлиб ўтганди. Қайтанга, 3-тўп бизнинг дарвозамизга бориб тушди. Бунақа аламли мағлубият етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди. Биз ғалабага бир қадам қолганда қоқилгандик.

Миллий терма жамоамиз ҳам саралаш баҳсларини ҳар доимгидек юқори суръатда бошлади. Асосий таркибдаги бир қанча етакчиларни йуқотганимизга қарамай Японияни сафарда енгамиз ёдингиздами? Улар Тожикистон терма жамоасига қарши ўйинда карточкаларни кўпайтириб олишди.

Ўша ўйинда футболчилар атайлаб карточка олишди деб ҳукм чиқарган ФИФА дисквалификация муддатини яна бир ўйинга чўзиб берди. Натижада ҳал қилувчи босқичдаги Эронга қарши биринчи ўйинни ўша етакчиларсиз ўтказдик. Ҳар доимгидек, асосий саралаш босқичи биз учун бу сафар хам омадсиз бошланди. Эронга қарши ўйинда ҳакам Одил Ахмедовнинг тоза голини ҳисобга олмагани етмаганидек, 90-дақиқада дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Ушбу гол кейинчалик, бизни энг муҳим имкониятдан маҳрум этмасайди деб хавфсирайман гоҳида. Аммо хатони тўғрилашга имкониятимиз етарли. Балки ўша мағлубият бўлмаганда бунча очко тўплолмасмидик. Эҳтимол, бизни олға боришга ундаган айнан ўша аламли мағлубиятдир. Кейин Ливандаги дуранг, Жанубий Корея билан ўз майдонимиздаги дуранг.

Қаранг: 3-ўйинда ҳам ғалаба нималигини билмаяпмиз. Ниҳоят 4-ўйинда Қатарни ютиб келдик. Кейин Эрондаги ажойиб ғалаба. Ливан билан ўйиндаги машаққатли 3 очко. Буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бунақа машаққатли ўйинлар эвазига энди жаҳон чемпионати йўлланмасидан бошқасини ўйламаслик керак. Хато қилишга хаққимиз йўқ. Демак, саралаш босқичи якунланишига 3 тур қолди. Эрон ва Жанубий Кореяда захирада 3 ўйин бор, қолганларда эса 2 тадан. Жанубий Кореяга ютқазиб, Қатарни ютсак, ЖЧга йўлланма оламиз деган фикрдан узоқ бўлишимиз керак. Бундан ташқари Қатар ва Эронда ҳам яхшигина имконият бор. 4 июнь куни ўтказиладиган Қатар-Эрон ўйинига кўп нарса боғлиқ. Мабодо Эрон ютиб қўйса, Жанубий Кореядан очко олиб қайтишимиз зарур ва шарт бўлиб қолади.

Ҳар қандай вазиятда ҳам сўнгги турдаги Ўзбекистон-Қатар ўйини ўз муҳимлигини сақлаб қолади. Яъни ўша ўйинда бизга фақат ва фақат ғалаба керак бўлади. Демак, биз ўз кучимизга ишониб, навбатдаги ўйинларда ўзимизга керакли натижа учун интилсак, Бразилияга борамиз. Мана бу Корея экан, бизни фақат ютиб келган деб ўтирсак, жаҳон чемпионатига бормаган маъқул. Чунки, жаҳон чемпионатида Жанубий Кореядан кучли жамоалар ҳам бўлади. Биз уларга ҳозирданоқ тайёр бўлишимиз зарур.
Ўтган йили Олимпия терма жамоамиз кўрсатган омадсиз натижа, Эрон билан ўйиндаги сўнгги дақилаларда Мухаммадризо Халатбарийнинг киритган голи ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди. Зеро, футболда озгина хато ҳам кўп нарсаларни ҳал қилиб юбориши мумкин. Айниқса, турнир якунланиши арафасида ҳар бир йўқотилган очко олтинга тенг қийматда бўлади.

Мундиал ҳақида ўйлар эканмиз, биз бу йўлда тинимсиз ҳаракат, шижоатли меҳнат билан интилмоғимиз керак деб ўйлайман. Бизни 11 июнь куни ўта муҳим ўйин кутиб турибди. Жанубий Кореядан, албатта, очко олиб қайтишимиз шарт. 1994 йилги Осиё ўйинларида ҳам биз Жанубий Корея билан ўтган муҳим ўйиндан сўнг финалга йўлланма олиб, мусобақада ғолиб бўлгандик.

Барчамиз бир овоздан ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИга омад тилайлик. Красницкий, Абдураимов, Қосимов каби юлдузларни етиштириб чиқарган шу юрт терма жамоасининг ўйинларини, насиб этса, Пеле ва Гарринча Ватанида кўрамиз. Насиб этса, ЖЧ-2014нинг битта йўлланмаси, албатта, ЎЗБЕКИСТОНники бўлади. Иншооллоҳ!

Сафарали Сиддиқов.

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 22:12, 02.04.2013.
Ўқилди: 8247 марта.
Фикрлар: 30 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.