Шимолий Македония футбол федерацияси албаниялик футболчи Мирлинд Даку билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Даку футбол бўйича Европа чемпионати гуруҳ босқичи 2-тури доирасида Хорватия терма жамоасига қарши ўйиндан сўнг (2:2) македонияликларга нисбатан ҳақоратли ҳайқириқлар айтган эди.
“Биз кечаги Европа чемпионатида Хорватия ва Албания ўртасидаги ўйиндан сўнг Албания вакили Мирлинд Дакунинг Македония давлатига қарши қаратилган миллатчилик ҳайқириқларидан чуқур хавотиримизни билдирамиз.
Бундай хатти-ҳаракатлар қабул қилиниши мумкин эмас ва футбол тарғиб қиладиган спорт маҳорати ва ўзаро ҳурматнинг асосий қадриятларига зид келади.
Спорт, айниқса, футбол турли миллат вакилларини асраб-авайлаш, ҳамкорлик ва ҳурмат муҳитини сақлашнинг асосидир.
Бироқ, миллатчилик риторикаси бу тамойилларга путур етказади, мухлислар ва жамоатчилик ўртасида бўлиниш ва адоватни кучайтиради.
Сиёсий бетарафлик тамойиллари ФИФА ва УEФА каби халқаро ассоциациялар регламентида мустаҳкамланган. Македония футбол федерацияси бу шов-шувли хатти-ҳаракати юзасидан УEФАга расмий хат юборади.
Биз албаниялик футболчи Мирлинд Даку етказган зарарни тан олиб, ўз хатти-ҳаракати учун омма олдида узр сўрашга чақирамиз.
Шунингдек, биз тегишли идораларни ушбу ҳодисани текширишга ва барча спортчилардан кутилган хулқ-атвор стандартларини кучайтириш учун тегишли интизомий чоралар кўришга чақирамиз.
Спортда бирдамлик, ҳурмат ва адолатли ўйинни тарғиб қилиш бўйича бизнинг мажбуриятимиз энг муҳим бўлиб қолмоқда”, - дейилади баёнотда.