Россиянинг биринчи рақамли теннисчиси Даниил Медведев рақиби болгариялик Григор Димитров жароҳати сабаб мусобақани тарк этгач, "Уимблдон"нинг чорак финалчисига айланди.
Учрашув биринчи сетда 5:3 ҳисобида Медведевнинг фойдасига ҳал бўлаётган пайтда тўхтатилган. Унга ёрдам кўрсатилгач, Димитров оғриқли қадам ташлади ва дарҳол ўйнашдан бош тортди.
Чорак финалда Медведев дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси, италиялик Янник Синнер билан учрашади. Россиялик теннисчи италияликка қарши 11 ўйиннинг олтитасида ғалаба қозонди, аммо сўнгги бешта учрашув, жумладан Австралия Очиқ чемпионати финали Синнер фойдасига ҳал бўлган.
Ўтган йили Медведев “Уимблдон”да ярим финалгача етиб борган ва у ерда испаниялик Карлос Алькарасга уч сетда мағлуб бўлганди.
Медведев "Уимблдон" яккалик баҳсларида қатнашган сўнгги россиялик бўлди.