Евродан сўнг фаолиятини якунламоқчи бўлган италиялик Даниэле Орсато турнирнинг финал ўйинида ҳакамлик қилиш учун асосий даъвогар ҳисобланади, деб ёзди La Gazette dello Sport.
Орсато 2020 йилги Чемпионлар лигаси финалида ишлаган ва Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини ва ярим финалида ҳакамлик қилган.
Жорий Еврода 48 ёшли италиялик мутахассис аллақачон тўртта ўйинни бошқарган, жумладан, Англия - Швейцария чорак финал (1:1, 5:3 пенальтилар) ўйинидан кейин унга нисбатан ҳеч қандай шикоятлар бўлмаган.
Италия терма жамоасининг 1/8 финалдан чиқиб кетиши ва унинг ҳамюрти Винченцо Монтелла бошчилигидаги Туркиянинг Нидерландия билан чорак финалда (1:2) мағлуб бўлиши ҳам Орсато фойдасига ишлаши мумкин.
Орсатонинг финалдаги асосий рақиби 2022 йилги жаҳон чемпионати финалида ва 2023 йилги Чемпионлар лигаси финалида ишлаган польшалик Шимон Марциняк ҳисобланади.