Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Оғир атлетика. Тошкентда жаҳон чемпионати якунланди

Баҳо:
+ | -

“Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўсмирлар ва қизлар ўртасида оғир атлетика бўйича IV жаҳон чемпионати якунланди.

Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF), Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг етмишга яқин мамлакатидан келган истеъдодли ёш полвонлар совринли ўринлар ва 2014 йилнинг 16-28 август кунлари Хитойда ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун ўзаро рақобатлашди.

Ўсмирлар Олимпиадасининг дастлабки ва энг асосий саралаш турнири вазифасини ўтаган ушбу жаҳон чемпионатида ўсмирлар 25, қизлар эса 22 олимпия лицензияси учун кураш олиб борди. Қоидага биноан йўлланмалар спортчиларнинг умумий натижасига кўра, юқори ўринларни эгаллаган терма жамоаларга берилди.         

Мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Машҳурбек Йўлдошев 50 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда  штангани даст кўтаришда 86 килограмм, силтаб кўтаришда 110 килограмм, икки кураш бўйича 196 килограмм натижага эришиб, учта бронза медаль соҳиби бўлди.

– Она юртимизда ўтказилган нуфузли жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилганимдан  жуда хурсандман, – дейди М.Йўлдошев. – Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида биз, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишимиз, соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етишимиз учун яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, халқаро майдонларда давлатимиз байроғини юқори тутиш -  Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир.

Жаҳон чемпионатида қатнашган истеъдодли спортчиларимиздан Элёр Кенжаев, Азим Ғаниев, Азамат Шарипов, Ғолибжон Неъматуллаев, Абдуқодир Абдухалилов, Суннатилла Шокиржонов, Амирзода Иброҳимов медалларни қўлга киритмаган бўлса-да, мусобақаларда юқори натижа кўрсатиб, мамлакатимиз терма жамоаси ҳисобига муҳим очколар қўшди. Бунинг самарасида Ўзбекистон терма жамоаси Хитойда ўсмирлар ўртасида бўладиган Олимпия ўйинларига бир жуфт йўлланма олди.

Ўсмирлар мусобақасида Корея Халқ Демократик Республикаси вакиллари Жонг Жу Пак,  Ёнг Гван Квон, хитойлик Ксионгхуи Жиа, Фейонг Жи, таиландлик Тирасак Срипат,  қозоғистонлик Алберт Лайндер, мисрлик Аҳмад Одил Муҳаммад, россиялик Хетаг Хугаев, эронлик Алиризо Деҳгангахфаруки, Милад Рашидий, арманистонлик Симон Мартиросян  жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

Мусобақада юқори натижа кўрсатган  Россия, Миср, Қозоғистон, Эрон, Руминия, Ҳиндистон, Арманистон ва Мексика терма жамоалари ҳам  иккитадан, Украина, Польша, Вьетнам, Венесуэла, КХДР ва Колумбия спортчилари биттадан олимпия йўлланмасига эга бўлди.

Қизлар етти вазн тоифасида рақобатлашди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари – Гулноза Аҳмедова, Замира Аминжонова, Нуржаҳон Ҳошимова, Зарифа Ҳазратова, Комила Петрова ҳамда Мадина Мингбоева учун  ушбу нуфузли мусобақа катта тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтади.

Чемпионатда олтин медаллари эквадорлик Патриси Баррера, Корея Халқ Демократик Республикасидан келган Су Ён Ри, хитойлик Линглонг Ю, Ченгю Вей, Бинглиан Лин, таиландлик Камончанок Интамат, мисрлик Сара Ас-Саййид, қозоғистонлик Надежда Ногай ва украиналик Ирина Дехага насиб этди.

Жаҳон чемпионати якунларига кўра, кучли еттиликдан жой олган Мексика, КХДР, Россия,  Таиланд, Украина,  Қозоғистон, Вьетнам қизлари иккитадан,  Руминия, Эквадор, Венесуэла,  Индонезия, Мьянмар, Польша ва Миср терма жамоалари биттадан олимпия  лицензиясига сазовор бўлди.

Пойтахтимизда бир ҳафта давом этган мусобақани кузатиб борган Халқаро оғир атлетика федерацияси, Осиё оғир атлетика федерацияси вакиллари, мураббийлар, мутахассислар ва спортчилар юқори савияда ташкил этилган бу галги жаҳон чемпионатида беллашувлар олимпия тамойиллари асосида, адолатли ва ҳалол курашлар остида  ўтганини алоҳида таъкидладилар.

ЎзА, Зоҳир Тошхўжаев, Байрам Айтмуродов

Манба: www.uza.uz
Киритилди: 09:20, 14.04.2013.
Ўқилди: 5446 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.