Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Нестори Иракунда: «Бу ерга нима учун келганимни кўрсатмоқчиман...»

Баҳо:
+ | -

Яқиндагина Австралия миллий жамоасида ўз дебютини нишонлаган ва ҳатто голлари ҳисобини очишга улгурган 18 ёшли вингер Нестори Иракунда «Бавария» (Мюнхен) билан бирданига 4 йиллик шартнома тузди. «Голливуд ФК» расмий сайти эса «Темирни қизиғида бос» мақолига амал қилиб, «Аделаида Юнайтед»да кўзга ташланган иқтидорли ҳужумкор футболчини алоҳида суҳбатга тортди. Маълумот учун, Несторининг келиб чиқиши Танзанияга бориб тақалади. Эътиборлиси, ёш йигитча Мюнхенда барчасини дарҳол исботлаш ниятида.

- Нестори, аввало «Бавария» оиласига хуш келибсан. Мюнхен ҳаётига анча кўникиб олдингми, ҳозирда ўзингни қандай ҳис қиляпсан?

- Ҳаммаси яхши, қандайдир муаммо йўқ. Албатта, «Бавария»дек клуб сафига қўшилганимдан бағоят тўлқинланяпман. Қисқаси, клуб машғулотлари старт олишини интиқлик билан кутяпман. Илк кунлардан жисмоний тайёргарлик ва ўйин кўникмалари устида ўзгача иштиёқ билан ишлашим тайин.

- Хўш, ўйин услубингни қандай тасвирлай оласан? Дейлик, кучли жиҳатларинг нималардан иборат?

- Қанотда ўзимни жуда эркин ҳис қиламан, менимча, тезлигим ёмон эмас, яна ҳаракатчанман, майдонда тўхтаб қолишни ёқтирмайман. Шунингдек, гол уришга лаёқатим баланд, майдонда эътиборни ўзимга жалб этишни ҳам яхши биламан.

- «Бавария»нинг қизиқиши ҳақида илк марта хабар топганингда, қандай ҳолатга тушдинг?

- Ўша вақт Қатардаги Осиё чемпионатида эдим. Айтиш шарт эмас, «Бавария» каби клублар назарига тушганини биринчи марта эшитган ҳар қандай футболчи беихтиёр енгил «шок» ҳолатида қолади. Очиғи, менга Мюнхен жамоаси қизиқаётганини айтишганида, аввалига буни ҳазилга йўйдим, ишонолмадим. Фақат клуб вакили телефон ор­қали алоқага чиққанидан кейингина барчаси ҳақиқат эканлигини тушундим.

- Дўстларинг ва яқинларинг «Бавария» билан шартнома тузганингга қандай муносабат билдиришди?

- Табиийки, мен учун роса хурсанд бўлишди, лекин аввалига улар ҳам бунга ишонишмади. Асосийси, яқинларим бугун ушбу қароримдан ғоят мамнунлар, мен билан фахрланишларини ҳам яширишмаяпти.

- «Бавария» мураббийлари ва янги клубдошлар билан танишув қандай ўтди?

- Клубда мени илиқ қарши олишди ва ўзаро алоқа ўрнатишда қандайдир ноқулайлик сезилмади. Баъзи йигитлар билан анча иноқлашишга улгурдим. Масалан, Ноэль Асеко билан жуда яхши чиқиш­япман. Ўзи бу ерга келишдан олдин баъзи нарсаларни айнан ундан сўраган ва фақат ижобий жавоб олгандим.

- Мюнхенни айланиб чиқишга улгурдингми? Шаҳарда нималар кўпроқ ёқди?

- Биринчи куни шаҳар бўйлаб сайрга чиқдим, бир қатор дўконларга бош суқдим. Австралия билан таққослаганда, Мюнхен унча шовқинли эмас экан. Шу жиҳатни алоҳида қадрлайман. Оддий айтганда, бу ерда нисбатан сокинлик ҳумкрон.

- Евро-2024 атмосферасидан ҳам баҳра оляпсанми?

- Ҳа, албатта. Ҳозир шаҳарда футбол ҳавоси яққол сезиляпти, кўчаларда муайян жамоа либосига бурканган мухлислар кўп. Қисқаси, умумий муҳит фантастик даражада. Ҳар куни жамоадошларим билан турнир одамларга нақадар қувонч улашаётгани, улар ўйинларни ўзгача мароқ билан томоша қилишаётганини кўряпман. Буларнинг барчасига бевосита гувоҳ бўлиш ғоят ёқимли, албатта.

- Немис тилини ўрганиш ҳаракатини ҳам бошлагандирсан...

- Мактабдаёқ немис тилини ўрганганман, лекин кўп қисмини унутган эканман. Бу ерга келишим билан немис тили курсларига қатнай бошладим.

- Олдинроқ Европада ўйнашни истаган отанг орзусини амалга оширишдан бахтиёр бўлишингни айтгандинг. Умуман, «Бавария» варианти шахсий ҳаё­тингга нечоғли таъсир кўрсатди?

- Тушунарлики, Мюнхен жамоаси сафига қўшилганим ҳаётимда катта аҳамиятга эга. Отамга раҳмат, айнан унинг ёрдами ва ғамхўрлиги билан футболда шундай йўлни босиб ўтдим. Умуман, кўплаб жиҳатлар борки, аввало, отамдан миннатдор бўлишим керак. Ҳамиша унга чин намуна сифатида қараганман. Унинг азалий орзусини рўёбга чиқариш - бу ажойиб туйғу. Қисқаси, отам мен билан ғурурланиши учун бу ерда бор кучимни ишга соламан.

- Оилада 7 нафар ака-укалар экансиз. Бугунги кунга етишингда акаларинг қандай роль ўйнашган?

- Улар ҳар доим мени қўллаб-қувватладилар, илҳом манбаи вазифасини бажардилар. Болалигимда айнан акаларимнинг машғулотлари ва ўйинларини кузатиш асносида футболга меҳр берганман. Умуман, биз ҳамиша ўзаро жуда иноқ бўлганмиз.

- Айтишларича, бошида ҳужумдан кўра, ҳимояда тўп суришни афзал кўргансан. Қизиқ, қандай қилиб ҳужумчига айланиб қолдинг?

- Ҳа, болалигимда асосан марказий ҳимоячилар ҳаракатларидан ҳайратланардим. Ўша пайт келажакда худди шу позицияда ўйнашни орзу қилганман. Кейинчалик мураббийлар  ҳужумда потенциа­лим юқори эканлиги, қатъият билан тўп суришимни айтиб, олдинги чизиққа қўя бошлашди. Улар яна кучли аниқ зарба бериш қобилиятимни ҳам инобатга олишди.

- Ҳимоячи ролида ўйнаган вақтда ўзлаштирган кўникмаларинг бугун нечоғли ёрдам бермоқда?

- Ҳимояда тўп суриш иштиёқимни оширгани аниқ. Футболда эса иштиёқ жуда муҳим.

- Голларни орқага сальто ташлаш билан нишонлайсан. Бунинг тарихи борми, умуман, енгил сальто отишни қаерда ўргангансан?

- Акаларим ва уларнинг ўғиллари боғда сальто отиш борасида баҳслашардилар. Улар шунчаки, ерга оддий матрас тўшаб, ким кучли эканлигини аниқлашарди. Бора-бора мен ҳам буни синаб кўришга жазм этдим ва илк уринишдаёқ муваффақиятга эришдим. Шу тариқа голларимнинг сальто воситасида нишонлашни одатга айлантирдим.

- Энди «Бавария»даги илк мақсадингга тўхталсанг...

- Аввало, бу ерга нима учун таклиф этилганим ва келганимни амалда кўрсатмоқчиман. Энг асосийси, ушбу жамоа сафида Бундеслига ўйинларида қатнашиш. Қолгани секин-аста ривожланаверади...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 19:56, 16.07.2024.
Ўқилди: 1472 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.