Ўзбекистон теннис федерацияси (ЎТФ) вакиллари Австралия теннис терма жамоаси сардори Патрик Рафтернинг сўзларидан ҳайрон қолишганини билдиришди. Бу ҳақда 12news.uz хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дэвис Кубоги жаҳон гуруҳига чиқиш баҳслари доирасида 5-7 апрель кунлари Ўзбекистон терма жамоаси Наманганда Австралияни қабул қилган эди. Баҳслар якунига етганидан сўнг, Австралия терма жамоаси сардори Патрик Рафтер Австралия нашрларига берган интервьюсида Намангандаги меҳмонхона шароитларидан норози бўлганини маълум қилган.
ЎТФ вакилларининг маълум қилишларича, австралиялик теннисчилар Намангандаги энг яхши меҳмонхонага жойлаштирилган ва ўша икки юлдузли меҳмонхонада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам истиқомат қилишган.
«Бунгача Наманганда Дэвис Кубоги баҳслари доирасида олтита ўйин ўтказилган ва хорижлик меҳмонлар ўшанда ҳам шу меҳмонхонага жойлаштирилган эди, бироқ улар томондан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаганди. Айни вақтда, Австралия терма жамоаси мусобақани ажойиб тарзда ташкил этилгани учун бизга миннатдорлик ҳам билдирганди», – дейди ЎТФ вакили.
Теннисчилар Дэвис Кубоги ўйинлари вақтида истиқомат қилган «S Namangan» меҳмонхонаси маъмурияти ҳам Австралия терма жамоаси кўрсатилган хизматлардан мамнун бўлганини қайд этди. «Меҳмонлар китобида улар ҳаммаси яхши бўлгани ҳақида қайд қолдиришган эди. Жумладан, китобда уларнинг сардори Патрик Рафтернинг ҳам илиқ фикрлари бор», – дейди меҳмонхона вакили.
Қайд этиш жоиз, худди шунга ўхшаш ҳолат 2012 йилда ҳам содир бўлган, ўшанда Дэвис Кубоги доирасида Наманганда меҳмон бўлган Ҳиндистон терма жамоаси аъзоларидан бири – Роҳан Бопанна меҳмонхона шароитларидан нолиб, бу ҳақда Twitter’даги саҳифасига ёзган эди.