«Милан» жорий йилги АҚШ сафарини жуда зўр бошлади.
Ҳар ҳолда, «россонерлар» Чемпионлар турнесида «Манчестер Сити» ва «Реал»дек бугунги кун гигантларини мағлубиятга учратишди. Ушбу ўйинларда жамоанинг марказий ҳимоячиси Фикайо Томори ўта фаол ҳаракатлари билан алоҳида ажралиб турди. У океан ортига йўл олиш арафасида Милан шаҳрида клубнинг янги расмий дўкони очилиш маросимида қатнашганди. Журналистлар эса бундай имкониятдан жойида фойдаланиб, Томорига бир қатор долзарб саволлар билан мурожаат қилишганди.
- Фикайо, айтингчи, «Милан» Фонсека қўл остида нечоғли ўзгарди?
- Ҳа, ўзгариш кўлами жуда катта. Шубҳасиз, барчасига янги мураббий сабабчидир. Бемалол айтишим мумкин: ҳозир бизда янги ғоялар етарли, ички муҳит ҳам зўр. Муҳими, машғулотларда қаттиқ ишлаяпмиз, йигитларда катта иштиёқ шундоқ сезилиб турибди.
- Тушунарлики, мухлислар жамоадан скудетто сўрашмоқда...
- Биз ҳам олий соврин ютишни хоҳлаймиз, албатта. Мана, янги дўкон ишга туширилди, бу нафақат мухлислар, балки футболчилар учун ҳам ажойиб янгиликдир. Чунончи, жамоа атрибутларини сотиб олишни хоҳлайдиган мухлислар кўплигини яхши биламиз. Энди дўкон фаолияти бир маромда давом этиши учун майдонда нималарга қодирлигимизни кўрсатишимиз керак. Агар чиройли ўйнаш асносида яхши натижалар қайд этаверсак, дўкон ҳамиша гавжум бўлиши аниқ.
- Миланда «Мората куни» нишонланмоқда. Альваро ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- У билан «Челси»да бирга ўйнаганман ва қандай фазилатларга эгалигини яхши биламан. Мората - бу тезлик, куч ва гол сезиш қобилияти. Бир сўз билан айтганда, айни бизга керак ҳужумчи. Ҳа, ҳозир «А» серия стартини интиқ ҳолда кутяпмиз. Умуман, Моратадек ижрочини жамоамизда кўришдан бахтиёрман.
- Хўш, Альваро Мората тажриба нуқтаи назаридан Оливье Жиру ўрнини боса оладими?
- Шундан умидвормиз, албатта. Аслида Мората бошқача услубда ўйнайдиган футболчи. Хусусиятлари ҳам ўзгача. Нима бўлишидан қатъий назар, унинг жамоага етарлича ёрдам бера олишига ишонаман.
- Жамоага янги бош мураббий келди. Айтингчи, Фонсека футболчилар олдига асосан қандай талаблар қўймоқда? Клубнинг мақсади нима...?
- Ҳозирда янги мавсум ҳақида кўп гапириш ноўрин. Чунки йигитлар Евро-2024даги ўйинлардан кейин энди сафга қўшилишди. Такрорлайман, кундан-кунга қаттиқроқ ишлаяпмиз, янги мураббийнинг ғоялари маъқул келмоқда. Қисқаси, ўтган мавсумдаги натижани яхшилаш қўлимдан келса керак. Ҳа, машғулотларда кўп югуряпмиз, етарлича тер тўкяпмиз, лекин бу ўзимизга яхши.
- «Милан» назарида турган ҳужумчи Тэмми Абрахам билан учрашибсиз, нималар ҳақида гаплашдинглар?
- У билан бирга ҳордиқ чиқардик, лекин футбол ҳақида гаплашмадик. Шунчаки, умумий мавзуларда чақчақлашдик, холос.
- Тео, Леау ва Меньяннинг клубда қолишларига ишончингиз комилми?
- Гап «Милан»га катта ёрдам бера оладиган ажойиб футболчилар ҳақида кетмоқда. Ибрагимович улар ҳеч қаерга кетмасликларини айтдими, демак, хавотирланишга сабаб йўқ.
- Умуман, ўтган йилларга нисбатан олганда, энг сезиларли ўзгариш қайси йўналишда кузатилмоқда?
- Ҳозирга қадар рақибга босим юклаш, ҳужумга ўтиш, ҳимояда тартибли ўйин қуриш устида кўп ишладик. Энди АҚШда бир нечта сифатли ўйинларда майдонга тушамиз. Уларга қараб, тўп билан интенсивлик, умумий ҳаракат йўналишини қандай яхшилаш мумкинлигини тушуниб олишимиз керак.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади